Маҳаллий

Аграр соҳада субсидия олганларнинг кўрсаткичлари текширилади

Дастлаб ушбу механизм сув тежовчи технологияларни жорий этиш йўналишида синовдан ўтказилади. Субсидия ажратилгандан кейин икки-уч

Аграр соҳада субсидия олганларнинг кўрсаткичлари текширилади

Президент Шавкат Мирзиёев аграр соҳада субсидияларни ажратиш ва суғурталаш тизимларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.

Сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳажми кенгайди, субсидияларни ажратиш жараёнлари эса босқичма-босқич рақамлаштирилмоқда. Жорий йилда соҳадаги субсидиялар 29 та йўналиш ва 91 та турга етказилиб, бу мақсадлар учун 2,7 триллион сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган. Айрим йўналишларда аризалар проактив тарзда шакллантирилиб, тўлов муддатлари сезиларли даражада қисқартирилди.

Тақдимотда субсидияларни фақат харажатни қоплаш воситаси сифатида эмас, балки аниқ натижага боғлаш зарурлиги қайд этилди. Келгуси йилдан «маблағ ажратиш» моделидан «натижавий субсидия» моделига босқичма-босқич ўтиш таклиф қилинди.

Янги тизимда ҳосилдорлик, сув ҳамда энергия тежамкорлиги, сарфланган ресурслар ҳисобига олинган маҳсулот ҳажми асосий мезон бўлади. Барча маълумотлар тегишли давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимларидан инсон омилисиз олинади. Ҳар бир субсидия олувчининг электрон паспорти шакллантирилиб, натижалар онлайн кузатиб борилади.

Дастлаб ушбу механизм сув тежовчи технологияларни жорий этиш йўналишида синовдан ўтказилади. Субсидия ажратилгандан кейин икки-уч йил давомида сув сарфи, ҳосилдорлик ва сув унумдорлиги баҳоланади. Белгиланган кўрсаткичлар бажарилмаса, субсидия маблағини қайтариш механизми қўлланилади. Бу давлат маблағларининг манзилли ва самарали сарфланишини таъминлайди.

Тақдимотда қишлоқ хўжалиги суғуртаси тизимини такомиллаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бугунги кунда «Агросафе» ахборот тизими орқали электрон ариза беришдан тортиб, шартнома ва полисни расмийлаштириш, мониторинг, экспертиза ҳамда товон пулини тўлашгача бўлган жараёнлар рақамлаштирилган.

Суғурта қамровини кенгайтириш доирасида боғ ва узумзорлардаги кўчат ва дарахтлар, импорт қилинган чорва ҳамда тасодифий ҳодисалар билан боғлиқ хавфларни ҳам суғурталаш режалаштирилган. Шунингдек, чорвачилик, полизчилик, картошка ва пиёз етиштириш учун янги суғурта маҳсулотлари жорий этилади.

2027 йилда 45 мингта қишлоқ хўжалиги корхонасини суғурта билан қамраб олиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг суғурта қамровини 60 фоизга етказиш, 500 нафар мустақил эксперт тайёрлаш ҳамда суғурта хизматларини тўлиқ рақамлаштириш мақсад қилинган.

Янги ёндашувда зарар оқибатларини қоплаш билан бирга хавфларнинг олдини олишга ҳам устувор аҳамият берилади. Суғурта мукофотининг 3-5 фоизини махсус жамғармада шакллантириб, чорвачиликда ваксинация, профилактика ва ветеринария хизматларига, пахта ва ғаллачиликда биологик ҳимоя тадбирларига, боғдорчилик ва узумчиликда эса табиий офатлардан ҳимоя воситаларини ўрнатишга йўналтириш таклиф қилинди.

Давлатимиз раҳбари субсидия ва суғурта тизимлари, энг аввало, фермер учун содда ва қулай бўлиши, давлат маблағлари аниқ натижага хизмат қилиши зарурлигини таъкидлади. Жараёнларда инсон омилини қисқартириш, шаффофликни таъминлаш, суғурта ҳодисаларини адолатли баҳолаш ва товон пулларини тезкор тўлаш бўйича кўрсатмалар берилди.

Мутасаддиларга билдирилган таклифларни такомиллаштириб, тегишли ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини киритиш вазифаси қўйилди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.