Дунё

Агар ҳозирги суръат ўзгармаса, гендер тенглигига эришишга 171 йил керак бўлади — БМТ

Дунёда гендер тенглигидан сиёсий чекиниш бошланган. Агар ҳозирги суръат ўзгармаса, тўлиқ тенгликка эришиш учун яна 171 йил керак бўлади, дейилади БМТ ҳисоботида. Сўнгги икки йилда бу соҳадаги ҳар учта муассасадан бирининг ваколати қисқартирилган, асосий раҳбарлик эса ҳамон эркаклар қўлида қолмоқда.

Агар ҳозирги суръат сақланиб қолса, гендер тенглигига эришиш учун 171 йил керак бўлади — БМТ

Дунё миқёсида гендер тенглиги борасида ўнлаб йиллар давомида қўлга киритилган ютуқлардан ортга қайтиш кузатилмоқда.

Ҳужжатда таъкидланишича, аёллар қарор қабул қилиш ваколатига эга бўлган соҳаларда 2030-йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадлари — тинчлик, таълим, қашшоқликка қарши кураш ҳамда иқлим ўзгаришига оид кўрсаткичларда сезиларли ижобий силжишлар қайд этилган. Бироқ айнан шу мақсадларга хизмат қиладиган тизимлар мунтазам равишда заифлаштириб борилмоқда.

Таҳлилларга кўра, сўнгги 2 йил ичида гендер тенглиги билан шуғулланувчи давлат механизмларининг ҳар учаласидан бирида институционал ваколатлар камайган. Ҳар тўртта муассасадан бирида операцион харажатлар қисқартирилган, ҳар ўнтадан бири эса ўз буджетини назорат қилиш ҳуқуқидан бутунлай маҳрум бўлган.

Соҳага йўналтирилаётган молиялаштириш ҳажми 2021-йилдан бери энг паст даражага тушиб кетган. Бу, аввало, аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи жамоат ташкилотлари фаолиятига жиддий зарба берган. Молиявий қисқартиришлар фонида БМТ тизимидаги тузилмаларнинг 42 фоизи ҳам гендер тенглиги йўналишидаги саъй-ҳаракатлари секинлашганини билдирган.

Дунёда сиёсий ҳокимият ҳануз сезиларли даражада эркаклар қўлида жамланган: 2026-йил 1-январ ҳолатига кўра, атиги 28 та давлатни аёл раҳбарлар — давлат ёки ҳукумат бошлиғи сифатида — бошқармоқда. Бу ҳар еттита давлатдан олтитасига эркаклар раҳбарлик қилаётганини англатади.

Аёллар сиёсатга киришда тизимли тўсиқларга дуч келмоқда. Айрим мамлакатларда сайлов кампаниясида қатнашиш харажати аҳоли жон бошига тўғри келадиган ўртача даромаддан 100 баробаргача юқори бўлиб, кўплаб хотин-қизларни жараён бошланишидаёқ четга суради. Баъзи ҳудудларда сайловда номзодини қўйган ҳар 10 аёлдан саккизи ижтимоий ҳаётда тазьиқ ва зўравонликка дуч келади.

Ҳукумат лавозимига тайинланган тақдирда ҳам, уларга хавфсизлик ва иқтисодиёт билан боғлиқ муҳим портфеллар камдан кам берилади. Хусусан, бугунги кунда дунёдаги мудофаа вазирларининг қарийб 90 фоизи, молия вазирларининг эса 80 фоиздан ортиғи эркаклардир.

Бу номутаносиблик бошқа соҳаларда ҳам яққол кўринади: дунё бўйича йирик корпорациялар бош ижрочи директорларининг (СЕО) бор-йўғи 6 фоизи, олий судлар раҳбарларининг эса 20 фоиздан ками аёллар ҳиссасига тўғри келади.

Бундан ташқари, дунё бўйича аёллар эркаклар эга бўлган қонуний ҳуқуқларнинг атиги 64 фоизига эга.

Ҳисобот муаллифлари урғулашича, Барқарор ривожланишнинг гендер тенглигига оид 5-мақсади бўйича бирорта ҳам кўрсаткич 2030-йилгача тўлиқ бажарилмайди.

“Рақамлар шубҳага ўрин қолдирмайди: ҳозирги суръатда гендер тенглигига эришишгача яна 171 йил бор. Ҳисобот кўрсатаётган нарса шуки, бу содир бўлиши муқаррар бўлган нарса эмас — кўриниб турган танловларнинг натижасидир. Гендер тенглигига, муассасаларга ва уларни жавобгарликка тортадиган статистика тизимларига сармоя киритиш қандайдир харажат эмас. Бу — 2030-йилгача кун тартибидаги барча учун тенг куч ва ваколатлар ваъдасига қайтишнинг энг тезкор йўлидир”, — деди БМТ бош котибининг иқтисодий ва ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Ли Сзюнхуа.

“БМТ-Аёллар” тузилмаси ижрочи директори Сима Бахус эса аёллар бошқарувда бўлганда жамиятлар мустаҳкамроқ, иқтисодиёт эса барқарорроқ бўлишини эслатди:

“Аёлларни тизимли равишда четлатувчи муассасаларда ҳокимият жамланиб бораверса, жамиятлар ўз салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқара олмайди. Ваколатларга тенг эга бўлмасдан туриб, тенгликка эришиб бўлмайди — чунки ваколациз тенглик умуман тенглик эмасдир”.

Ҳисоботда дунё ҳукуматлари сиёсий чекинишни тўхтатишга, ихтисослашган институтлар ва аёллар ташкилотларини етарлича молиялаштиришга ҳамда давлат бошқаруви ва иқтисодий қарорлар қабул қилишда аёлларга тенг ваколатлар беришга чақирилган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.