Африкалик ва ҳиндистонлик шахматчилар Самарқанддаги Олимпиада олдидан виза ва жойлаштиришдаги муаммоларга дуч келди

Африкалик ва ҳиндистонлик шахматчилар Самарқанддаги Олимпиада арафасида виза ҳамда жойлаштириш билан боғлиқ қийинчиликларга дуч келди
АСС маълумотига кўра, бир қатор африкалик делегатлар ҳужжатларини олдиндан топширган бўлишига қарамай, ҳануз виза олмаган. Шу билан бирга, айни делегацияларнинг бошқа иштирокчилари визаларини олиб, Ўзбекистонга етиб келган.
Қайд этилишича, айрим шахматчилар меҳмонхонага жойлашиш учун бир неча соат кутишга мажбур бўлган, баъзи ҳолатларда эса бир нечта спортчи битта ётоқдан фойдаланишга тўғри келган.
Конфедерация Мадагаскар делегацияси билан боғлиқ вазият ҳақида ҳам хабар берган. Уларнинг айтишича, шахматчилар соат 04:30 да келган, бироқ уларнинг бир қисми хоналарни фақат бир неча соатдан кейин олган. Айрим спортчилар эса кейинги тонггача меҳмонхона фоесида қолиб кетган.
АСС Намибия терма жамоаси билан боғлиқ ҳолатни ҳам алоҳида қайд этган. Конфедерация маълумотларига кўра, икки нафар шахматчига Ўзбекистонга киришга аеропортнинг ўзида рухсат берилмаган ва улар ортга қайтарилган. Натижада беш кишидан иборат жамоа уч нафар ўйинчи билан қолган.
Жойлаштириш масаласидан Ҳиндистон вакиллари ҳам шикоят қилган. Айрим шахматчилар меҳмонхонага жойлашиш учун бир неча соат кутишга мажбур бўлган, чунки маҳаллий шахмат қўмитаси улар учун хоналарни банд қилмаган.
Шундан сўнг спортчилар муаммо ҳақида ижтимоий тармоқларда ёзган. Иштирокчилардан бири бу ҳолатни олимпиада ҳақидаги “жуда ёмон илк таассурот” деб атаган.
Ўзбекистон шахмат федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Алишер Саъдуллаев ижтимоий тармоқдаги саҳифасида муаммо бартараф этилганини маълум қилди.
“Ҳиндистон терма жамоаси аъзоларининг барчасига хоналар ажратилди ва Олимпиаданинг қолган қисми ижобий руҳда ўтишига ишонамиз”, дея ёзган Саъдуллаев.
Маълумот учун, Самарқанд шаҳрида 15–28-сентябр кунлари 46-Бутунжаҳон шахмат Олимпиадаси ўтказилади. Турнирда 400 дан ортиқ жамоа иштирок этади.

