Афғонистондан Эронга қочаётган 17 киши йўлда ташналикдан вафот этди

Афғонистондан Эронга йўл олган 17 киши сафар чоғида ташналикдан ҳаётдан кўз юмди
Эронга ноқонуний йўллар орқали киришга уринган 17 нафар афғонистонлик сувсизлик оқибатида вафот этди. Ҳалок бўлганлар орасида аёллар ҳамда 18 ёшга етмаган саккиз нафар шахс бор.
Ташкилот берган маълумотга кўра, воқеа 10-сентябр куни Эроннинг Сараван чегара ҳудудида содир бўлган. Фуқаролар йўлда сувсиз қолиб, вафот этган. Қурбонларнинг беш нафари Бағлон вилоятидан бўлган бир оиланинг аъзолари бўлиб, улар 45 ёшли она ҳамда унинг 14, 16, 18 ва 22 ёшли қизларидир.
Шунингдек, қурбонлар орасида 14 ёшдан кичик бўлган тахминан олти нафар бола ҳам бор. Гувоҳлар ва қурбонларнинг қариндошлари ҳам уларнинг кучли сувсизлик сабабли вафот этганини тасдиқлаган.
Ҳалваш ташкилоти ўлим ҳолатларининг умумий сонини мустақил равишда тўлиқ текшириб чиқа олмаганини ҳам билдирди. Бунгача ҳам шунга ўхшаш фожиа юз берган эди. Август ойи бошида Нимрўз вилоятидаги чўл орқали Эронга ўтмоқчи бўлган 19 киши йўқолиб қолган, улар кейинчалик жазирама иссиқ ва сувсизликдан ҳалок бўлган эди.
Бу ҳодисалар афғонистонлик мигрантлар ноқонуний йўлларда катта хавфга дуч келаётганини кўрсатади. Қашшоқлик, ишсизлик ва хавфсизлик муаммолари сабаб кўплаб афғонлар мамлакатни тарк этмоқда.
Улар кўпинча одам контрабандачиларига мурожаат қилади ва мураккаб ҳудудлар орқали ҳаракатланади. Афғонистонлик мигрантлар Эрон ва Туркия йўналишидаги чегараларда ўққа тутилиш, ноқулай об-ҳаво ва бошқа муаммолар туфайли ҳам ўлим хавфига дуч келмоқда.

