Сиёсат

Аддресс бй тҳе Пресидент оф тҳе Републис оф Узбекистан Шавкат Мирзиёев ат тҳе Меетинг ин тҳе “ССО Плус” Формат

Фулл техт оф тҳе Аддресс бй тҳе Пресидент оф тҳе Републис оф Узбекистан Шавкат Мирзиёев ат тҳе Меетинг ин тҳе “ССО Плус” Формат

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “ШҲТ плюс” форматидаги йиғилишдаги нутқи

Ҳурматли Содиқ Нургўжоевич!

Ҳурматли давлат ва делегациялар раҳбарлари!

Бугунги “ШҲТ плюс” йиғилишини ташкил этиш ташаббуси учун Қирғизистон Республикаси Президенти, муҳтарам Содиқ Нургўжоевич Жапаровга самимий миннатдорлик билдираман.

Бугун биз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг адолатли дунё тартибини шакллантиришдаги ролини муҳокама қилмоқдамиз.

Дунёда рўй бераётган ўзгаришлар фонида давлатлар ва минтақавий ташкилотлар глобал институтларга ўзларининг универсал миссиясини янада самарали бажаришда қандай ёрдам бериши мумкинлигини аниқлаш муҳимдир.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўзининг марказий ва мувофиқлаштирувчи ролини сақлаб қолиши керак, минтақавий тузилмалар эса унинг саъй-ҳаракатларини тўлдириши лозим.

Аввало, умумий тамойиллар ва қарорларни маҳаллий шароитлар, эҳтиёжлар ва имкониятларни ҳисобга олган ҳолда амалиётга татбиқ этишга кўмаклашиш орқали.

Биз айнан шу уйғунликни барқарор кўп томонлама ҳамкорликнинг асоси деб биламиз.

Янги дунё тартиби халқаро муносабатлар тизимидаги глобал кучлар мувозанатини акс эттирибгина қолмай, минтақавий муаммоларни адолатли ҳал этишга ҳам ҳисса қўшиши керак.

Шу нуқтаи назардан, “ШҲТ плюс” формати Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг кенгайтирилган йиғилишидан ташқари, алоҳида чуқур аҳамият касб этади.

Бу платформа давлатлар, минтақалар ва ташкилотларни умумий кун тартиби атрофида бирлаштиришга қодир.

У турли ташаббусларни мувофиқлаштириш ва глобал бошқарув архитектурасини шакллантириш бўйича мулоқот майдони бўлиб хизмат қилиши мумкин ва керак.

Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!

Ўзбекистон Евроосиё маконида очиқ ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга содиқдир.

Биз учун ўзаро боғлиқлик стратегик автономия ва барқарорлик масаласидир.

Биз янги бўлиниш чизиқларини яратмайдиган, балки имкониятлар маконини кенгайтирадиган, минтақавий лойиҳалар ва ташаббуслар бир-бири билан рақобатлашмайдиган, балки бир-бирини самарали тўлдирадиган кўп қутблилик шаклини ёқлаймиз.

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!

Мен бир қатор таклифларни илгари сурмоқчиман.

Аввало, “ШҲТ плюс” форматини минтақалараро мулоқот платформаси сифатида ривожлантириш муҳим деб ҳисоблайман.

Барқарор ўсиш, илғор технологияларни жорий этиш, иқлимга мослашиш, инсон капиталини ривожлантириш, арзон таълим ва ёшларни қўллаб-қувватлаш каби аниқ йўналишларга эътибор қаратишни таклиф қиламан.

Биз тажриба алмашишни кенгайтиришимиз, ёндашувларимизни мувофиқлаштиришимиз ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти доирасида ечимларни биргаликда илгари суришимиз керак.

“ШҲТ плюс” формати минтақавий ташкилотларнинг ҳамкорлик тармоғини яратиш учун платформа бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Асосий вазифа – бизнинг макро-минтақамизда лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш учун уларнинг котибиятлари ва тегишли органлари ўртасида мунтазам ищи алоқаларни ўрнатишдир.

Шу билан бирга, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун минтақавий ташкилотларнинг салоҳиятидан фаолроқ фойдаланишимиз керак.

Кўплаб давлатлар ўхшаш муаммоларга дуч келишади. Бироқ, бир минтақада муваффақиятли қўлланилган ечимлар кўпинча бошқа минтақада номаълум бўлиб қолади.

Тажриба алмашиш механизми сифатида мен табиий ресурсларни бошқариш, “яшил” энергия, рақамли хизматлар ва соғлиқни сақлаш соҳаларида Минтақалараро лойиҳалар ва технологиялар очиқ банкини ташкил этишни таклиф қиламан.

Макро-минтақамизда кенг иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш алоҳида аҳамиятга эга.

Бизнес ҳамма жойда бозорга кириш тартиб-қоидаларини соддалаштириш, трансчегаравий коридорларни ишга тушириш ва тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқимини ошириш шаклида сезиларли натижаларни кўриши керак.

Бундай аниқ самарадорлик кўрсаткичларига эътибор қаратган ҳолда, “ШҲТ Инвест” форумини доимий платформага айлантиришни таклиф қиламан.

Ҳурматли ҳамкасблар!

Сўнгги чорак аср давомида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти турли сиёсий тизимлар, маданий анъаналар ва халқаро жараёнларга оид қарашларга эга давлатлар ўртасидаги ҳамкорликда ноёб тажриба тўплади.

Ушбу кенг алмашинувни янада ривожлантириш учун мен доимий “ШҲТ плюс” Маданиятлар ва сивилизациялар форумини ташкил этишни таклиф қиламан.

Биз ушбу тадбирни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг манфаатдор тузилмалари билан биргаликда қадимий илм-фан ва маърифат марказларидан бири бўлган Хивада ўтказишга тайёрмиз.

Азиз дўстлар!

Яна бир бор таъкидлашимга рухсат бергайсизки, биз “ШҲТ плюс” форматини замон талабларига жавоб берадиган платформа деб биламиз. Мамлакатлар ва минтақалар ўртасида қанча кўп яқинлашиш нуқталари бўлса, барқарорлик ва ўзаро ишонч учун асос шунчалик мустаҳкам бўлади.

Ўзбекистон умумий фаровонлигимизни мустаҳкамлаш ва кўп томонлама шерикликни ривожлантиришга муҳим амалий ҳисса қўшишда давом этишга тайёр.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.