Маҳаллий

Адам Сентпетери Ипотека банк ОТП Гроуп бошқаруви раиси бўлди

Июн ойидан бери вақтинча раҳбарлик қилиб келган Адам Сентпетери Ипотека банк ОТП Гроуп бошқаруви раиси этиб тайинланди. У банкнинг ривожланиши ва трансформация жараёнларини давом эттиради.

Адам Сентпетери Ипотека банк ОТП Гроуп бошқаруви раиси этиб тайинланди. У 27-июл куни ушбу лавозимга расман тасдиқланди. Сентпетери 3-июндан буён бошқарув раиси вазифасини вақтинча бажарувчи сифатида фаолият юритиб келаётган эди.

Унинг тайинланиши банкнинг стратегик ривожланиш йўналишларидаги изчилликни сақлаш, трансформация жараёнларини давом эттириш ва Ипотека банк ОТП Гроупънинг молия бозоридаги мавқеини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Янги лавозимида Адам банкнинг стратегик мақсадларини амалга ошириш ҳамда бизнеснинг барқарор ўсишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратади.

“Ипотека банк ОТП Гроупъга раҳбарлик қилиш мен учун катта шараф. 2023-йилда банк жамоасига қўшилганимдан буён юксак малакали мутахассислар билан бирга ишлаш ва Ўзбекистоннинг улкан салоҳиятига яқиндан гувоҳ бўлиш имкониятига эга бўлдим. Жамоамиз билан биргаликда бошланган трансформация ва ривожланиш йўлини давом эттираётганимиздан фахрланаман. Олдимизда банкнинг етакчи молия институтлардан бири сифатидаги мавқеимизни янада мустаҳкамлаш, мижозларимиз учун замонавий ва қулай банк хизматларини ривожлантириш, регуляторлар ҳамда давлат органлари билан очиқ ва самарали ҳамкорликни давом эттириш, шунингдек, Ўзбекистон молия секторининг барқарор ривожланишига муносиб ҳисса қўшиш каби муҳим вазифалар турибди. Ишончим комилки, профессионал жамоамиз билан биргаликда ушбу мақсадларга муваффақиятли эришамиз”, — деди Ипотека банк ОТП Гроуп бошқаруви раиси Адам Сентпетери.

Адам Сентпетери 2023-йил июл ойида Ипотека банк ОТП Гроупъга бошқарув раиси ўринбосари ва стратегия ҳамда молия блоки раҳбари сифатида қўшилган эди. У 2023-йил сентабридан бошлаб, банк трансформация дастурига раҳбарлик қилиб, бизнесни модернизация қилиш, операцион жараёнларни такомиллаштириш ва барқарор ўсишни таъминлашда муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Адам Сентпетери ўз профессионал фаолиятини 2005-йилда ОТП Гроупъда макроиқтисодий таҳлилчи сифатида бошлаган. Фаолияти давомида у чакана бизнес, контроллинг ҳамда стратегик бошқарув йўналишларида турли раҳбарлик лавозимларида муваффақиятли ишлаган. Шунингдек, 2012−2018-йилларда Украинадаги ОТП Банк кузатув кенгаши аъзоси, 2018−2022-йилларда эса Россиядаги ОТП Банк директорлар кенгаши аъзоси сифатида фаолият юритган. 2022-йил августидан 2023-йил июнига қадар Албаниядаги ОТП Банк молия директори ва директорлар кенгаши аъзоси лавозимларида ишлаб, банкнинг молиявий бошқаруви ва ривожланишига муносиб ҳисса қўшган.

“Адам Сентпетерининг мазкур лавозимга тайинланиши ОТП Гроупънинг Ипотека банк ОТП Гроуп томонидан амалга оширилаётган стратегик ривожланиш йўлига бўлган юксак ишончини яна бир бор тасдиқлайди. Сўнгги йилларда банк трансформация жараёнида муҳим натижаларга эришиб, бозордаги позицияларини сезиларли даражада мустаҳкамлади. Адам раҳбарлиги остида банк стратегик мақсадларни изчил рўёбга чиқариш, мижозлар ва ҳамкорлар учун барқарор ҳамда узоқ муддатли қиймат яратиш, шунингдек, Ўзбекистон молия секторининг ривожланишига муносиб ҳисса қўшишни давом эттиришига ишонамиз”, — деди Ипотека банк ОТП Гроуп кузатув кенгаши раиси ва ОТП Гроуп бош директори ўринбосари Ласло Волф.

Аввалроқ Ипотека банк ОТП Гроуп 2026-йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича Халқаро молиявий ҳисобот стандартлари (МҲХС) асосидаги молиявий натижаларини эълон қилган эди. Ҳисобот даврида банк 579,2 млрд сўм (47,7 млн доллар эквиваленти) миқдорида рекорд даражадаги соф фойда қайд этди. Мазкур натижа ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 32,9 фоизлик ўсишни таъминлаб, банкнинг барқарор ривожланиши, кучли бизнес кўрсаткичлари ҳамда трансформация стратегиясининг юқори самарадорлигини яққол намоён этади.

Реклама ҳуқуқлари асосида.