9,3 млрд сўмлик давлат харидларида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди
Коррупсияга қарши кураш агентлиги 9,3 млрд сўмдан ортиқ давлат харидида қонунбузилиш ҳолатларини аниқланди. Хусусан, «Бинолардан фойдаланиш ва қурилиш-таъмирлаш ишлари дирексияси» буюртмачилигида 1,74 млрд сўмлик, «Бекобод овқатланиш комбинати» буюртмачилигида 1,6 млрд сўмлик, Учқўрғон туман тиббиёт бирлашмаси буюртмачилигида 1,55 млрд сўмлик давлат хариди ноқонуний тарзда амалга оширилган.

Давлат харидларида 9,3 миллиард сўмдан зиёд қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди, дея маълум қилди Коррупсияга қарши кураш агентлиги.
Агентлик томонидан ўтказилган текширувлар натижасида қуйидаги ташкилотларнинг харидларида қоидабузарликлар қайд этилган:
* «Бинолардан фойдаланиш ва қурилиш-таъмирлаш ишлари дирексияси» буюртмачилигида – 1,74 миллиард сўм;
* «Бекобод овқатланиш комбинати» МЧЖ буюртмачилигида – 1,6 миллиард сўм;
* Учқўрғон туман тиббиёт бирлашмаси буюртмачилигида – 1,55 миллиард сўм;
* Учқўрғон туман волейбол спорт турларига ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернати буюртмачилигида – 1,43 миллиард сўм;
* Урганч шаҳар тиббиёт бирлашмаси буюртмачилигида – 824 миллион сўм;
* Сурхондарё вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази буюртмачилигида – 790,5 миллион сўм;
* Пискент тумани ҳокимлиги буюртмачилигида – 700 миллион сўм;
* Янгибозор тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлими буюртмачилигида – 241,5 миллион сўм;
* Навоий шаҳар ободонлаштириш бошқармаси буюртмачилигида – 238,5 миллион сўм;
* Янгибозор тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими буюртмачилигида – 202,9 миллион сўм.
Ушбу давлат харидларида баҳолаш жараёнида қонунчилик талабларига зид равишда қонунбузилишлар ҳамда иштирокчилар ўртасида рақобатни чеклаш ҳолатларига йўл қўйилган.
Агентлик хабарида айтилишича, «Аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан юборилган агентликнинг тақдимномалари билан харид комиссиясининг ғолибни аниқлаш ҳақидаги баённомалари бекор қилиниши таъминланиб, давлат харидларининг қонунга хилоф равишда ўтказилишининг олди олинди. Ўрганиш ва таҳлиллар жараёнида тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди».

