8 млн евролик яхта хариддан тўрт кун ўтиб чўкиб кетди (видео)

8 миллион евролик яхта харид қилинганидан тўрт кун ўтиб чўкиб кетди (видео)
Италиянинг Ил Мессаггеро газетаси хабарига кўра, Сардиния қирғоқларида қиймати 9 миллион евродан ошиқ бўлган супер яхта сотиб олинганидан атиги тўрт кун ўтиб ёниб кетди ва сувга ғарқ бўлди.
Маълумотларга кўра, бу воқеа 30 метрлик "Ангиола ИИ" кемаси билан содир бўлган. Ҳодиса Порто Черво яқинидаги Коста Смералда соҳилида рўй берган. Кема бортида ёнғин бошланган ва тез орада у бутунлай сувга чўккан. Бортда бўлган 14 кишининг барчаси фавқулодда хизматлар томонидан қутқариб қолинган.
"Ангиола ИИ" фожиадан тўрт кун олдин янги эгасига топширилган эди. Шикастланган кемани қирғоққа буксир ёрдамида олиб келиш режалаштирилган. Фавқулодда хизматлар ҳодиса натижасида сувга ёнилғи сизиб чиқиши ҳолатлари аниқланмаганини маълум қилди. Кемани ишлаб чиқарувчи Амер Ячц компаниясининг таъкидлашича, яхта 2020-йилда сувга туширилган ва шу вақтгача бир неча бор эгаларини ўзгартирган.
Компания шундай деди: “Яхта кафолат муддатида бўлганида, биз унинг техник хизмат кўрсатилишини назорат қилиб борганмиз. Йўловчилар ва кема экипажининг хавфсиз эканидан мамнунмиз. Бошқалар қатори биз ҳам расмий суриштирув натижаларини кутмоқдамиз”.
Эслатиб ўтамиз, май ойида Австралиянинг Янги Жанубий Уелс штати қирғоқларида ҳам яхта чўкиб кетган эди. Ўшанда кучли тўлқинлар сабабли қутқарув қайиғи ҳам ағдарилиб кетган ва оқибатда уч киши ҳалок бўлган. Қурбонларнинг икки нафари кўнгилли қутқарувчилар эди.

