8 миллион долларлик фирибгарликда банкнинг киберхавфсизлик ходими ҳам қатнашгани айтилмоқда
Тошкентда банклар номидан қўнғироқ қилиб, фуқароларнинг пулларини ўзлаштириш ва уларнинг номига онлайн кредитлар расмийлаштириш билан шуғулланганликда гумонланаётган гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Хабарга кўра, гуруҳ таркибида банклардан бирининг бош офиси киберхавфсизлик бўлими ходими ҳам бўлган.

8 миллион долларлик фирибгарликда банкнинг киберхавфсизлик ходими ҳам иштирок этгани айтилмоқда
Тезкор-қидирув тадбирлари Давлат хавфсизлик хизматининг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳамкорлигида амалга оширилган.
Маълум қилинишича, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида яшовчи, 1989–2005-йилларда туғилган беш нафар шахс Миробод туманидаги нотурар бинони ижарага олиб, сохта колл-марказ ташкил қилган.
Гуруҳга алоқадор яна бир 1989-йилда туғилган фуқаро эса ижарага олинган хонадонга колл-марказ фаолиятида фойдаланиш учун ноқонуний ГСМ-шлюз қурилмасини ўрнатган.
Хабарда гуруҳга Тошкент вилоятида яшовчи, 1979-йилда туғилган, илгари судланган шахс раҳбарлик қилгани айтилган.
Гуруҳ аъзолари турли банклар номидан фуқароларга қўнғироқ қилиб, гўёки фирибгарлар уларнинг номига кредит олишга уринаётганини маълум қилган. Шу баҳона билан жабрланувчиларнинг шахсий маълумотларини қўлга киритиб, банк карталаридаги маблағларни ўзлаштирган ва уларнинг номига онлайн кредитлар расмийлаштиргани қайд этилган.
Тақдим этилган маълумотга кўра, жиноий йўл билан топилган жами 8 миллион АҚШ доллари криптовалюта кўринишида сохта МЧЖ орқали хорижий давлатга чиқарилиб, легаллаштирилган.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов давомида ушбу фаолиятга алоқадор 10 нафар шахс аниқланган.
Хабарда банк номи, жабрланувчилар сони ва маблағлар қайси давлатга чиқарилгани очиқланмаган.

