Маҳаллий

“7,4 млрд сўм талон-торож қилинган” - Тошкентда ўпирилиб тушган йўл ўтказгич иши бўйича ҳукм ўқилди

Мирзо Улуғбек туманидаги йўл ўтказгичнинг бир қисми ўпирилиб тушиши бўйича қўзғатилган жиноят иши судда кўриб чиқилиб, 6 киши жиноий жазога тортилди. Суд ҳукмига кўра, қурилиш объектида 6 млрд 177 млн сўмлик ишлар яроқсиз бажарилган ва 1,2 млрд сўмлик иш амалда бажарилмаган ҳолда қўшиб ёзилган.

Тошкентда Темур Малик ва Буюк Ипак йўли кўчалари кесишмасидаги йўл ўтказгичнинг бир қисми қулаб тушиши билан боғлиқ иш бўйича суд ҳукми ўқилди. Ушбу ҳодиса натижасида 7,4 миллиард сўм бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланди. Kun.uz суд ҳужжатлари билан танишиб, тафсилотларни маълум қилди.

**Судланувчилар**

Жиноят ишида 6 нафар шахс судланган:

* **Акмал Муродов** – “Ўзйўлкўприк кластерининг Тошкент вилояти филиали” давлат муассасаси 12-туркумли умумий ишлар бўйича директор ўринбосари;

* **Санжар Маннонов** – “Умумий фойдаланишдаги автомобил йўлларини қуриш ва реконструксия қилиш дирексияси” ДМ директор ўринбосари – бош муҳандиси;

* **Зафар Шарахмедов** – “Умумий фойдаланишдаги автомобил йўлларини қуриш ва реконструксия қилиш дирексияси” ДМ муҳандислик техник назорат ва бажарилган ишларни қабул қилиш бўлим бош мутахассиси;

* **Абдумутал Исропилов** – “Ўзйўлкўприк кластерининг Тошкент вилояти филиали” ДМ ишлар бўлими иш бошқарувчиси;

* **Нуршод Мавлонов** – “Йўл лойиҳа бюроси” МЧЖ 1-сунъий иншоотларни лойиҳалаштириш бўлими лойиҳа бош муҳандиси;

* **Обид Адилов** – “Гранд нур йўл қурилиш” МЧЖ директори.

Судланувчиларга нисбатан дастлаб қўлланилган қамоқ ва уй қамоғи эҳтиёт чоралари кейинчалик гаровга алмаштирилган.

**Айблов**

Суд ҳукмига кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2022-йил 24-мартдаги қарори билан Тошкент ҳалқа йўлининг Темур Малик кўчасидан ўтган қисмини ҳамда ушбу йўлдаги йўл ўтказгични реконструксия қилиш ва янгисини қуриш белгиланган. Шу мақсадда “Ўзйўлкўприк кластерининг Тошкент вилояти филиали” ДМ ва “Умумий фойдаланишдаги автомобил йўлларини қуриш ва реконструксия қилиш дирексияси” ДМ ўртасида 2024-йил январ ойида 118 миллиард 996 миллион сўмлик, 2024-йил август ойида эса қўшимча келишувлар билан 94 миллиард 15 миллион сўмлик пудрат шартномалари тузилган.

Аниқланишича, объектда 4 та монолит бетон таянч деворлари остки қисмидаги пойдевор, таянч деворлари, ер ишлари, қайта кўмиш ишлари, устки асос қатлами ва таянч деворларининг ташқи безак ишлари билан жами 6 миллиард 177 миллион сўмлик яроқсиз қурилиш ишлари амалга оширилган. Шунингдек, 433 миллион сўмлик базалт геосетка ва 766 миллион сўмлик қум-шағал аралашмасини ётқизиш ишлари амалда бажарилмаган бўлса-да, бажарилган ишлар далолатномасига киритилган.

Суд ҳужжатида судланувчилар ўзаро тил бириктириб, жами 7 миллиард 377 миллион сўм миқдоридаги бюджет маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани, бунинг оқибатида 12-март куни йўл ўтказгич таянч деворининг бир қисми қулаб тушгани қайд этилган.

**Судланувчиларнинг ҳимояси**

Судланувчиларнинг 5 нафари айбига иқрорлик билдирмаган.

Акмал Муродов ўз кўрсатмасида айбловни инкор этиб, 7 миллиард 377 миллион сўм бюджет маблағлари талон-торож қилингани оқибатида йўл ўтказгич таянч деворининг бир қисми қулаб тушгани ҳақидаги ҳолат мақбул далиллар билан тасдиқланмаганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, жиноят иши материалларида яроқсиз қурилиш ишлари амалга оширилганлиги асоссиз кўрсатилган. Шунингдек, дастлабки лойиҳа-смета ҳужжатларида қум-шағал аралашмаси ҳамда базалт геосетка ётқизиш ишлари назарда тутилмаганини, бу ишлар фақат 2025-йил июл ойида қўшимча ишлар сметасига киритилганини билдирган. Унинг фикрича, пудратчи томонидан бажарилган 6 миллиард 177 миллион сўмлик ишлар яроқсиз эмас, балки сифациз бажарилган бўлиб, шартнома талабларига мувофиқ бартараф этилиши мумкин бўлган камчиликлар ҳисобланади. Шу боис 7 миллиард 377 миллион сўм бюджет маблағлари талон-торож қилингани ҳақидаги хулоса ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтган.

Қолган 4 нафар судланувчи ҳам айбига иқрорлик билдирмасдан, шунга ўхшаш кўрсатмалар берган.

Фақат Абдумутал Исропилов ўзига нисбатан эълон қилинган айбловга қисман иқрор бўлган. У судда қурилиш ишлари дастлаб лойиҳа-смета ҳужжатларисиз бажарилганини, 1- ва 2-босқич бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларига тиргак деворлар учун қум-шағал аралашмаси ҳамда базалт геосетка ётқизиш ишлари киритилмаганини, фақатгина 2025-йил июл ойида ишлаб чиқилган қўшимча ишлар сметасида мазкур ишлар киритилганини маълум қилган.

**Экспертлар хулосаси**

Транспорт прокуратураси қарорига асосан республика суд экспертизаси маркази экспертлари ва бир нечта масъул ташкилотлар мутахассислари иштирокида объектда ўрганиш ўтказилган.

Ҳукмда келтирилишича, ўрганиш жараёнида қуйидаги камчиликлар аниқланган ва улар йўл ўтказгич таянч деворининг қулашига сабаб бўлгани айтилган:

* 3-сонли таянч тиргак деворининг монолит қисмида юқори қисм анкер арматураларининг пастки қисмига кириш узунлиги атиги 400–450 mm.ni ташкил этган. Бу лойиҳада назарда тутилган 750 мм талабдан кам;

* девор панжараларини боғловчи кўндаланг арматуралар лойиҳавий қадамларга риоя этилмасдан ўрнатилган;

* бетоннинг ҳимоя қатлами қалинлиги лойиҳавий кўрсаткичдан ошиб кетган;

* девор қалинлиги ўзгарган жойларда горизонтал совуқ чоклар мавжуд ва айнан шу чоклар бўйлаб юқори қисм қулаб тушган;

* бетонлаштириш чоклари конструксия мустаҳкамлигини таъминлайдиган тарзда жойлаштирилиши лозим бўлган бўлса-да, мазкур талабларга риоя этилмаган.

Мутахассислар, агар қулаб тушган таянч девор қурилиш нормалари ва қоидалари ҳамда қурилишга оид бошқа норматив ҳужжатлар талабларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда барпо этилганида, мазкур қулаш ҳолати юзага келмаган бўларди, деган хулосага келган.

**Жазо**

ЖИБ Мирзо Улуғбек туман суди ҳукми билан судланувчилар мансаб сохтакорлиги (ЖК 209-моддаси) ҳамда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш (ЖК 167-моддаси) жиноятларида айбли деб топилган. Уларга 1 йил муддатга моддий ва мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 116,2 миллион сўмдан (бирига 112,5 миллион сўм) жарима жазоси тайинланди.

Бош прокуратура депозит ҳисобрақамига қўйилган жами 7 миллиард 377 миллион сўм пул давлат фойдасига ўтказилиши белгиланди. Ҳукмдан норози тарафларга апелляция инстансиясига шикоят бериш ёки протест билдириш ҳуқуқлари тушунтирилган.

**Ҳодиса тафсилотлари**

2026-йил 12-март куни Мирзо Улуғбек туманида 2024-йилда қайта қурилган “Буюк Турон” кўпригига олиб чиқувчи йўлнинг бир қисми ўпирилиб кетган эди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган суратлардан кўринишича, ўпирилиш – йўл ўтказгичнинг Темур Малик кўчасидан Буюк Ипак йўли кўчасига олиб чиқувчи қисмида содир бўлган.

“Буюк Турон” кўприги (“Троицкий мост” ҳам дейилади) – Темур Малик кўчасини реконструксия қилиш лойиҳаси доирасида 128,6 миллиард сўмга қайта қурилган бўлиб, 2024-йил август ойида – Мустақиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилганди.

Ҳодисадан ҳеч ким жабрланмаган. Воқеа жойига зудлик билан авария хизматлари, техник мутахассислар ва масъул ташкилотлар вакиллари юборилиб, ҳодиса содир бўлган ҳудуд ўраб олинган. Кўп ўтмай йўл ўтказгич девори ўпирилиб тушиши видеоси пайдо бўлди. Кейинчалик ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилганди.