Маҳаллий

7,3 млрд сўмлик қалбаки дори воситалари ушлаб қолинди

Тошкентдаги «Тошкент-Аеро» ихтисослаштирилган божхона комплексида Хитойдан олиб келинган 21 тоннадан ортиқ қалбаки дори воситалари фош этилди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, вақтинча сақловга олинган контрафакт маҳсулотларнинг умумий қиймати 7,3 миллиард сўмдан ошади.

7,3 миллиард сўмлик қалбаки дори воситалари тўхтатиб қолинди.

"Авиаюклар" ташқи иқтисодий фаолият божхона постида Хитойдан олиб келинган, оғирлиги 21 тоннадан зиёд бўлган "Эфба" номли осма дори воситаси божхона кўригидан ўтказилди.

Текширув жараёнида маълум бўлишича, божхона юк декларациясида дори Ҳиндистонда ишлаб чиқарилгани кўрсатилган бўлса-да, унинг қадоқлари ва ёрлиқларида ишлаб чиқарувчи давлат ва корхона ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ эди. Шунингдек, дори идишидаги хитойча ёзувлар ҳам маҳсулотнинг Ҳиндистонда эмас, бошқа давлатда ишлаб чиқарилганини тасдиқлади.

Терговга қадар текширув натижаларига кўра, импортчилар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказидан мувофиқлик сертификатини олиш учун "Эфба" дори воситасининг Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган асл намунасини тақдим этган. Кейин эса ушбу сертификатдан фойдаланиб, катта ҳажмдаги контрафакт маҳсулотни мамлакатга олиб киришга ҳаракат қилган.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, агар ушбу схема фош этилмаганида, 160 минг қутидан ортиқ қалбаки дори воситаси ички бозорга чиқарилиб, аҳоли саломатлигига жиддий хавф туғдириши мумкин эди. Чунки "Эфба" таркибидаги левофлоксацин кучли фторхинолон гуруҳига мансуб антибиотик ҳисобланади.

Ҳозирда мазкур дори воситалари вақтинча сақловга олинган, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.