Дунё

“64 ўзбекдан уч киши тирик қолдик” – Россия армиясига ёлланган эркак ҳикояси

Китоблик 38 ёшли эркак Москва шаҳрида “закладчик” бўлиб ишлаган ва наркожиноятда айбланиб, 7 йилга қамалган. Жазони ўташ даврида унга Россия армиясига ёлланиб, Украинага қарши урушда қатнашиш таклиф қилинган. Эркак судда ҳарбий полигонга юборилган 64 нафар ўзбекдан фақат уч киши қочиб тирик қолганини, қолган барчаси ўлиб кетганини айтган.

“64 ўзбекдан уч киши тирик қолдик” – Россия армиясига ёлланган эркакнинг ҳикояси

Қашқадарёда Россия армиясига ёлланган бир шахсга нисбатан жиноий жазо қўлланди.

Суд ҳукмида қайд этилишича, 38 ёшли А.Н. 2022-йил декабр ойида ишлаш ва пул топиш мақсадида Россияга боргани айтилади. У дастлаб Санкт-Петербург шаҳридаги қурилишларда ишлаган, кейин эса Москва шаҳрига йўл олган.

А.Н. Москвада Телеграм орқали Суҳроб исмли шахс билан танишган ва унинг топшириғига кўра психотроп моддаларни геолокация асосида етказиб бериш билан шуғулланган. 2023-йил 14-январ куни Суҳроб унга 20 дона психотроп таблетка турган жойнинг геолокациясини юбориб, уларни Бунёд исмли шахсга олиб бориб беришни буюрган. А.Н. айнан шу куни топшириқни бажариш жараёнида қўлга олинган.

Шу тариқа у наркожиноятда айбланиб, суд қарори билан 7 йилга озодликдан маҳрум этилган. У жазони Томбов шаҳридаги 5-сонли жазони ижро этиш колониясида ўтай бошлаган.

Жазо ўташ даврида унга Украинага қарши урушда қатнашиш таклиф қилинган. А.Н. колониядаги қийноқларга чидай олмаганини, шартномага имзо қўйишга мажбур бўлганини билдирган.

“Колония ходимлари азоб бериб, ҳеч бир сабабсиз карсерга қамаб қўйишар, кечалари ухлатмасдан Украинага қарши урушда Россия тарафини олиб иштирок этишга мажбурлашарди. Бундан ташқари, атайлаб чўчқа гўшти ва ёғидан тайёрланган таомларни беришарди. Ушбу азобларга чидай олмасдан 2025-йил сентабр ойида шартномага имзо қўйдим”, деган А.Н. ўз кўрсатмасида.

Шундан кейин уни колониядан дала ўқув машғулотлари ўтказиладиган жойга олиб боришган. У 30 кун давомида ҳарбий тайёргарлик машғулотларида қатнашган. 2025-йил октабр ойи охирида эса бир неча киши билан полигондан қочиб, Москва шаҳрига борган.

А.Н. Ўзбекистонга қайтиш учун элчихонага мурожаат қилган. Элчихона ходимлари 7 кундан сўнг ватанга қайтиш гувоҳномаси тайёр бўлишини айтган. Бироқ А.Н. 7 кун кутмасдан танишлари орқали қалбаки ватанга қайтиш гувоҳномаси тайёрлатган. 2025-йил 11-ноябр куни Новосибирск шаҳридаги аеропортда унинг ватанга қайтиш гувоҳномаси қалбаки экани аниқланган. Шундан сўнг у 2026-йил 25-майга қадар Новосибирск шаҳридаги вақтинча сақлаш ҳибсхонасида ушлаб турилган.

“2025-йил 11-ноябрдан 2026-йил 25-майга қадар мени тергов қилишди. Урушда ўлиб кетади, дея бирор ҳужжат расмийлаштирмасдан жазони ижро этиш колониясидан полигонга юборишгани сабабли қамалганим ва урушга юборилганим бўйича ҳужжатлар аниқланмади. Сўнгра депорт қилиб, Ўзбекистонга чиқариб юборишди. Урушда қатнашиш учун полигонга мажбурий юборилган 64 нафар ўзбек йигитларидан фақат уч киши қочиб тирик қолдик, қолганларнинг барчаси ўлиб кетди”, деди у.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.