616 млн сўмлик танлов боғча тарбиячилари ўртасида ҳам ўтказилади
Аввалроқ «Йил ўқитувчиси» танловида 208 та ўқитувчи ғолиб бўлганди.

616 млн сўмлик танлов боғча тарбиячилари ўртасида ҳам ўтказилади
616 миллион сўмлик мукофот билан ўтказилган танлов эндиликда боғча тарбиячилари орасида ҳам ташкил этилади.
Келаси йилдан «Йил ўқитувчиси» танловини боғча тарбиячилари ва техникум усталари ўртасида ҳам ўтказиш таклиф қилинди. Президент Шавкат Мирзиёев айни пайтда таълим тизими вакиллари билан бўлиб ўтаётган учрашувда ушбу ташаббусни илгари суриб, уларнинг меҳнатини ҳам муносиб рағбатлантириш кераклигини таъкидлади.
Бу йил янги форматда ўтказилган танловда 208 та туман ва шаҳар ғолибининг ҳар бирига 616 миллион сўмдан мукофот топширилган.
«Келаси йилдан ушбу танловни 14 та ҳудуддаги боғча тарбиячилари ва техникум усталари ўртасида ҳам ўтказиб, уларни ҳам мукофотласак, сизларга маъқулми?
» — деди давлат раҳбари.
Шу тариқа, 2027 йилдан болаларга илк таълим-тарбия бераётган боғча тарбиячилари ва ёшларга касб ўргатаётган техникум усталарини ҳам мазкур танлов орқали тақдирлаш режалаштирилмоқда.
Президент ўқитувчиларнинг даромадига ҳам тўхталди. Унинг айтишича, ҳозир 40 минг ўқитувчи минг доллардан, яна 1,5 минг нафар ўқитувчи эса икки минг доллардан юқори маош олмоқда.
«40 минг эмас, 140 минг устоз 1000 доллардан олса — буям кам, мен кўпайиши тарафдориман»,
— деди Президент.
Маълумот учун, бу йилги «Йил ўқитувчиси» танловида республика бўйича 46 мингдан ортиқ педагог иштирок этиб, 208 нафари ғолибликни қўлга киритган.

