6 ойлаб кутилган Собалт энди чегирмада: автомобил бозори қандай ўзгарди?
Собалт учун чегирма берилиши ва ҳатто фоизсиз бўлиб тўлаш имкониятининг очилиши – автомобил бозори қанчалик ўзгариб кетганини яққол кўрсатувчи энг ёрқин ва рамзий мисолга айланди. Kun.uz ички бозорда автомобиллар нархи пасаяётганини изоҳловчи бешта асосий омилни санаб ўтади.

6 ой кутишга мажбур қилган Собалт энди чегирмада: автомобил бозоридаги ўзгаришлар қандай кечмоқда?
Ўзбекистон автомобил бозорида узоқ йиллар давомида "сотувчи диктатураси" ҳукм сурган эди. Машина нархининг деярли ярмини ташкил этувчи бож тўловлари, сертификатлаш ва бошқа нотариф тўсиқлар, шунингдек, ички танловнинг чекланганлиги шароитида талаб доимий равишда ўсиб борди. Яқин вақтгача, йилига икки марта атиги 4-5 соатга очиладиган шартномалар учун ёпиқ эшиклар ортидаги ўйинлар, тартибсизликлар ва навбатлар кўпчиликни ҳайратга солмас, одатий ҳол сифатида қабул қилинарди. Бироқ, вазият ўзгармоқда.
Мисол учун, ички бозордаги асосий ўйинчи бўлган УзАуто Моторс'нинг савдо сиёсатини кўриб чиқайлик. Дастлаб, Траскер ва Оних каби моделлар харидорларга бошланғич тўлов билан ўз нархида насияга берила бошланди. Кейинчалик бу имконият Дамас учун ҳам жорий этилди.
Ҳақиқий бурилиш нуқтаси компаниянинг энг талабгир автомобили – Собалт'ни ҳам 50 фоизлик бошланғич тўлов билан 11 ойгача ўз нархида харид қилиш имкониятининг пайдо бўлиши бўлди.
Бир неча кун аввал эса Саптива'га 45 миллион сўмгача, Собалт'га эса 15 миллион сўмгача чегирма эълон қилинди. Бундай ўзгаришлар 30 ёшга яқинлашаётган УзАуто Моторс'нинг ўзбекистонликларга нисбатан бирданига саховатпешалиги уйғонганидан эмас, балки бир қатор фундаментал омиллар таъсирида юз бермоқда.
Нега автомобиллар арзонлашмоқда?
Бозорда таклиф ҳажми йилдан йилга ошиб бормоқда. Масалан, 2017-йилда мамлакатда 135 мингта автомобил ишлаб чиқарилган бўлса, бу кўрсаткич 2025-йилда қарийб 458 мингтани ташкил этди ва 8 йилда 3,4 баробарлик ўсиш кузатилди. Фақатгина 2021-йилни ҳисобга олмаганда, ишлаб чиқариш ҳар йили сезиларли даражада ошиб келмоқда.
Бу эса ўз навбатида аҳолининг автомобиллашув даражасига бевосита таъсир қилди.
2010-йилда 100 та уй хўжалигига тўғри келадиган енгил автомобиллар сони 21 тани ташкил этган бўлса, 2015-йилда 41 тага, 2020-йилда 49 тага, 2025-йилда эса 61 тагача ошди.
Юқоридаги рақамлар бозорнинг нисбатан тўйиниш фазасига ўта бошлагани ҳамда ишлаб чиқарувчилар ўртасида ҳар бир харидор учун ҳақиқий кураш бошланганини кўрсатади.

