55 триллионга қарши 35 триллион: Г7 ва БРИСС иқтисодиёти таққосланди
2026-йил учун прогнозларга кўра, «Катта еттилик» мамлакатларининг жами номинал ялпи ички маҳсулоти 55,3 триллион долларга, инфографикада БРИСС таркибида ҳисобланган 11 давлатники эса 35,2 триллион долларга етади. Шу ҳисобда Г7 иқтисодиёти БРИССъдан қарийб 1,6 баравар катта.

55 триллионга қарши 35 триллион: Г7 ва БРИСС иқтисодиёти солиштирилди
Таққослашда иқтисодиётлар ҳажми жорий нархлар асосида ва АҚШ долларида ифодаланган номинал ЯИМ бўйича баҳоланган.
Келтирилган прогнозларга кўра, 2026-йилда жаҳон иқтисодиёти ҳажми тахминан 126,3 триллион долларга етади. Шундан қарийб 44 фоизи Г7 ҳиссасига, 28 фоизи эса мазкур ҳисобдаги БРИСС мамлакатлари улушига тўғри келади.
БРИСС таркибида Хитой катта тафовут билан етакчилик қилмоқда. Мамлакатнинг номинал ЯИМи 20,85 триллион доллар атрофида бўлиши кутилмоқда. Бу бирлашма учун ҳисобланган умумий иқтисодий ҳажмнинг қарийб 60 фоизини ташкил этади.
Иккинчи ўринда Ҳиндистон турибди — унинг ЯИМи тахминан 4,15 триллион долларга баҳоланган. Россия ва Бразилиянинг ҳар бири учун кўрсаткич қарийб 2,6 триллион долларни ташкил этади.
Инфографикада ушбу тўрт давлатдан ташқари Индонезия, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Жанубий Африка Республикаси, Миср, Эрон ва Эфиопия ҳам БРИСС ҳисобига киритилган.
«Катта еттилик»да эса АҚШнинг устунлиги яққол кўринади. Унинг номинал ЯИМи 2026-йилда 32,38 триллион долларга етиши прогноз қилинган. Бу Г7 умумий иқтисодиётининг қарийб бешдан уч қисмини ташкил этади.
АҚШдан кейин Германия туради — унинг иқтисодиёти 5,45 триллион долларга баҳоланган. Кейинги ўринларда Япония, Буюк Британия, Франсия, Италия ва Канада жойлашган.
Бироқ иқтисодиётларни харид қобилияти паритети бўйича таққослаганда натижа ўзгаради. Ушбу усул мамлакатлардаги нархлар фарқини ҳисобга олади: бир хил миқдордаги пул турли давлатларда қанча товар ва хизмат харид қилиш имконини беришини инобатга олади.
Бундай ҳисобда ривожланаётган мамлакатлар иқтисодиётининг ҳажми одатда каттароқ кўринади. Жумладан, Хитой харид қобилияти паритети бўйича ЯИМ ҳажмида АҚШдан олдинда.
Мазкур инфографика эса айнан номинал ЯИМни таққослайди. Шу сабабли валюта курсларининг ўзгариши ҳам мамлакатларнинг доллардаги иқтисодий ҳажмига ва рейтингдаги ўрнига сезиларли таъсир қилиши мумкин.
Келтирилган рақамлар 2026-йилнинг якуний натижалари эмас, прогноз ҳисобланади. Янги маълумотлар келиб тушиши билан баҳолар қайта кўриб чиқилиши мумкин.

