Маҳаллий

50 минг доллар — менинг ойлик маошим эмас, «Йил ўқитувчиси» танловидаги ғолиблик учун берилган бир марталик мукофот пули эди...

Ўша лаҳзада ҳаяжон устун келган. Яратилган имкониятлар учун юртбошимизга раҳмат айтмоқчи эдим. Аввалги мулоқотда «4

50 минг доллар — бу менинг ойлик маошим эмас, балки «Йил ўқитувчиси» танловида ғолиб бўлгани учун берилган бир марталик мукофот эди...

Устозлик — бу инсон ҳаётига таъсир қилиш, унинг келажагига дахлдор қарорларга сабаб бўлиш демакдир. Айниқса, бу касбни йиллар давомида чекка ҳудудда сидқидилдан бажариб, илмий изланиш ва оилавий масъулиятни бирдек елкасида кўтариб келаётган педагог учун эътирофнинг ҳар қандай кўриниши ортида катта меҳнат ва масъулият туради.

Қорақалпоғистонлик педагог, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Нигора Алламбергенова ана шундай устозлардан бири. Унинг касбий фаолиятида мактаб, илм-фан ва шогирдлар ҳаёти бир-биридан ажралмайди. Устозлик унга оиладан мерос бўлган қадрият бўлса, илмий изланиш унинг дунёқарашини бойитган, шогирдларининг ютуқлари эса меҳнатининг энг катта мукофотига айланган. Айниқса, «Йил ўқитувчиси» танловидаги ғолиблик унинг ҳаётидаги муҳим воқеалардан бири бўлди...

Нигора опа, бугун сизни халқимиз «Йил ўқитувчиси» ва 616 миллион сўмлик мукофот соҳибаси сифатида яхши танийди. Аммо бу унвонларни бир четга суриб қўйсак, ўзингизни яна қайси ютуқларингиз, таълим соҳасига қўшган ҳиссангиз билан ким деб таништирган бўлардингиз?

— Аввало, мен ўзимни оддий мактаб ўқитувчиси, Қонликўл туманидаги мактабда фаолият юритувчи филология фанлари бўйича фалсафа доктори, ўз касбига меҳр қўйган педагог ва илмий изланишдан тўхтамайдиган тадқиқотчи сифатида таништирган бўлардим. «Йил ўқитувчиси» унвони мен учун катта шараф, аммо менинг энг катта ютуғим шогирдларимнинг натижаси.

Нега айнан ўқитувчи бўлишни танлагансиз, ким сабабчи бўлган бу соҳани танлаб, шу даражага етишишингизга?

— Болаликдан ўқитувчилик муҳитида улғайганман. Ота-онам, бобом, бувим, амаким ва аммаларим ҳам ўзбек тили ўқитувчиси бўлган. Дадам Қурбанеязов Гулмурза — Ажиниёз номидаги НДПИ профессори, фан доктори. Онам Собирова Ҳакима Нукус шаҳридаги 38-сонли мактабда ўзбек тили фани ўқитувчиси. Опам Алламбергенова Нодира ҳам филология фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент. Она томондан катта бобом Хивадаги мадрасада хон фарзандларига таълим берган. Шунинг учун оиламизда бу касбга алоҳида ҳурмат билан қаралади.

Мен жуда кичиклигимдан илм муҳитида улғайганман. Олти ёшимдаёқ барча ҳарфларни танирдим. 1997-йилда дадам фан номзоди бўлган. Ундан олдин илмий ишини ёзув машинасида ёзарди. Мен эса ёнида ўтириб, китобдан белгиланган жойларни ўқиб турардим. Акс ҳолда бир вақтнинг ўзида китобга ҳам, ёзув машинасига ҳам қараш кўп вақт оларди.

13 ёшимда биринчи компютеримизни олдик. Дадам докторлик ишини қўлда ёзар, мен эса компютерда кўчириб берардим. Шундай қилиб, илмга кириб келганман. Институтда ҳам устозларим билан бирдек мулоҳаза юрита олардим, гарчи ҳали илмий даражам бўлмаса ҳам.

Бугунги Нигора Алламбергенова ўзи ўқувчилик йилларидаги Нигора билан учрашса, унга биринчи навбатда нима деган бўларди?

— «Сен тўғри кетяпсан, фақат тўхтама», дердим. Чунки инсон ўз йўлига ишонч билан борса, натижа албатта бўлади. Балки ўша пайтда бугунги кунларимни тасаввур ҳам қилмагандирман. Лекин орзу қилишдан ва ҳаракат қилишдан тўхтамаган бўлардим.

4. Қонликўлда ишлашнинг шаҳарда ўқитувчилик қилишдан фарқи нимада, деб ўйлайсиз? Бу ҳудудда педагог бўлишнинг сиз айтмаган, фақат ўзингиз биладиган қийин ва ўзига хос томони нимада?

— Қишлоқда ўқитувчини нафақат ўқувчиси, балки унинг ота-онаси, маҳалласи ҳам танийди. Шунинг учун сиз ҳар бир ҳаракатингиз билан ўқувчига ҳам, жамиятга ҳам намуна бўласиз. Қишлоқда ўқитувчилар жуда қадрланади. Ўқувчилар билан самимий муносабат ўрнатиш имконияти бор. Аммо имкониятлар ўқувчиларга шаҳардаги болалар билан тенг билим бериш учун ўқитувчидан янада кўпроқ изланиш талаб этилади.

Сизни ишдан кетиш ёки бошқа касб танлаш ҳақида жиддий ўйлашга мажбур қилган воқеа бўлганми?

— Жиддий равишда касбимни ташлаш ҳақида ўйлаган даврим бўлмаган. Албатта, ҳар бир касбда қийинчиликлар бўлади. Лекин ўқувчининг бир оғиз яхши гапи ёки кичик ютуғи ҳам инсонга яна куч беради. Баъзида ўқувчилар «Майлими сиз билан дўстона гаплашсам», деб келишади. Уларни тинглаб, мени ўзига яқин олаётганликларидан қувонаман. Сизни ўз идеалидаги инсон сифатида кўра олса, ҳар қандай ўқувчи сизга эргашади.

Олис ҳудудда ишлаётган ўқитувчи учун энг катта муаммо — маош, шароит, кадрлар, ўқувчилар имконияти ёки бошқа нарсами?

— Менимча, битта муаммони ажратиб кўрсатиш қийин. Шароит, кадрлар, ўқувчининг имконияти — буларнинг барчаси бир-бири билан боғлиқ. Лекин энг муҳими яхши мутахассисни ҳудудда ушлаб қолиш. Чунки аксарият билимли ва яхши кадрлар доим марказга интилади.

Сизда «шу боланинг ҳаёти ўзгарса, менинг меҳнатим бекор кетмабди», деган ҳисни уйғотган ўқувчингиз борми? Уларнинг қайси гапи сиз учун энг таъсирли бўлди?

— «Қизим, Сирожиддин Саййид бошқа ҳеч қайси Нигора устоз ҳақида шеър ёзмаган. Сен юртбошимизнинг ёдида қолгансан. Бу ўқитувчи учун энг катта шараф» дейишди.

Агар бугунги мукофот, Президент билан мулоқот ва «Йил ўқитувчиси» унвони ҳамда ҳозиргидек юқори маошингиз бўлмаганида ҳам, эртага яна мактабга боришга сизни нима ундарди?

— Ҳаётим мазмунига айланган жонажон мактабим, ўқувчиларим. Бир кун бормай қолсам, соғиниб қоламан.

Ўқитувчи учун яхши маош муҳимми ёки жамиятдаги ҳурмат?

— Ҳурмат ва эътибор муҳим.

Бугунги болаларни ўқитиш қийинлашдими ёки фанлар аввалгидан қийинлашдими? Балки биз, катталар, ҳозирги зумерларни тушунишга ҳаракат қилмаётгандирмиз?

— Болалар нимани билишини, қайси фанни ўрганишни, қайси мавзуга қизиқишини билмасангиз, яхши ўқитувчи бўла олмайсиз. Уларни қалбан ҳис қила олсангизгина сизни ҳурмат қилишади.

Ўқувчининг баҳоси паст бўлса, сиз биринчи навбатда болани айблайсизми ёки «мен бу болага билимни бошқача усулда тушунтиришим керак», деб ўйлайсизми?

— Аввало, ўзимни айблайман. «Нега ўзлаштира олмаяпти?», деб ўйлайман. Кейинги дарсимда ўша ўқувчимга кўпроқ эътибор бераман.

Бугунги кунда давлат мактаблари аввалгидек дарс бермаётгандек, пули бор инсон иложи борича фарзандини хусусий мактабга беришга интилади. Бунга ўқитувчилар айбдорми ёки маошлар камлиги сабабми?

— Жамиятда шундай фикр шаклланиб қолган. Аслида ҳали ҳам фидойи ҳамкасбларимиз бор. Уларнинг шогирдлари тушдан кейин мактабга келиб тўгаракларда қатнашиб, ҳатто қўшимча ишлаб ҳам турли сертификатларни олаётганлар бор. Лекин ота-оналар кўп ҳолларда репетиторни афзал кўришади.

Сиз ўқувчиларни фақат фан бўйича ўқитасизми ёки уни ҳаётга тайёрлашни ҳам ўз вазифангиз деб биласизми?

— Фақат фанни эмас, ҳаётни ҳам ўргатиш керак, деб биламан. Ўқувчиларга тўғрилик, ҳалоллик, дўстликни қадрлаш, меҳнат қилиш ва инсонни ҳурмат қилишни ўргатишга ҳаракат қиламан. Чунки мактаб фақат билим берадиган эмас, инсон шахси шаклланадиган муҳит.

Ҳаётингизда ҳеч ким билмайдиган, лекин бугунги Нигора бўлишингизга сабаб бўлган бир қийин давр бўлганми?

— Ҳаётимда бир фарзандимни бахциз ҳодиса сабаб йўқотганман. Бу оғриқни сўз билан ифодалаш қийин. Лекин бу воқеадан олган энг катта сабоғим боладан қадрли ҳеч бир неъмат йўқ. Шунинг учун ҳар бир ўқувчимга кимнингдир жондек азиз фарзанди сифатида қарайман. Унга шундай муносабатда бўлиш керакки, эртага қилган ишингиздан афсус чекмаслигингиз керак.

Сиз учун энг катта қўрқув нима — муваффақияцизликми ёки муваффақиятдан кейин унга мос бўла олмасликми?

— Муваффақиятга муносиб бўла олиш энг қийини.

Бугун минглаб ўқитувчилар сизга ҳавас билан қарашади. Сизнинг уларга айтар гапингиз?

— Ҳар бир ўқувчингизни ўз фарзандингиздек кўринг. Улардаги имкониятни кўришга ҳаракат қилинг ва ўзингизда бор билимни беришга эринманг. Доимо ўқинг, ўрганинг, ўз фанингиздаги янгиликларни кузатиб боринг. Энг муҳими, касбингизни севинг!

Кун келиб ўқувчиларингиз хотирасида қайси гапингиз билан қолишини истар эдингиз?

— Фақат яхши хотиралар билан эслашларини хоҳлардим.

Бугун сизга «Йил ўқитувчиси» деган унвон берилди. Аммо ўзингиз учун ҳали олинмаган энг катта унвон ёки эришилмаган энг катта мақсад нима?

— «Халқ ўқитувчиси» бўлиш!

Яна бир катта мақсадим ўқувчиларимни асосий олимпиаданинг республика босқичида ғолиб қилиш. Чунки шогирдларнинг муваффаққияти — устознинг энг катта ютуғидир!

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.