5 млрд сўмни талон-торож қилишда гумонланаётган эркак Туркиядан Ўзбекистонга қайтарилди
Кредит маблағларини талон-торож қилиб, давлат буджетига 5 млрд сўм зарар етказишда гумонланиб халқаро қидирувга берилган эркак Туркияда қўлга олиниб, Ўзбекистонга депортация қилинди. У 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

5 млрд сўм талон-торож қилинганликда гумон қилинаётган эркак Туркиядан Ўзбекистонга олиб келинди
Ўзбекистон ва Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ҳамкорлиги натижасида халқаро қидирувда бўлган С.А. Туркияда топилиб, қўлга олинди ва Ўзбекистонга қайтарилди.
Маълум қилинишича, С.А. ажратилган кредит маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш орқали талон-торож қилиб, давлат буджетига жами 5 миллиард сўм зарар етказганликда гумон қилинмоқда.
У Ўзбекистон Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми (Жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан халқаро қидирувга берилган. Ушбу жиноят учун БҲМнинг 300 бараваридан 600 бараваригача жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш назарда тутилган.
Мазкур шахс тегишли тергов ва процессуал ҳаракатларни давом эттириш учун Ўзбекистоннинг ваколатли органларига топширилди, дейилади хабарда.
Халқаро қидирувдагиларни аниқлаш ишлари давом этмоқда.

