5 кг гача балиқ овлаш бепуллигича қолади - расмий изоҳ
Ижтимоий тармоқларда «Фишермен ИД» тизими жорий этилиши ортидан ҳаваскор балиқ овлаш пуллик бўлиши ҳақида хабарлар тарқалди. Балиқчиликни ривожлантириш маркази бу борада изоҳ бериб, амалдаги тартиб ўзгармаслигини маълум қилди.

5 кг гача балиқ овлаш бепуллигича қолади — расмий изоҳ
Қонунчиликка мувофиқ, умумий фойдаланишдаги сув ҳавзаларида тақиқланмаган қурол ва усуллар билан 5 кг гача балиқни бепул овлаш мумкин. Балиқчиликни ривожлантириш маркази берган маълумотга кўра, бу имконият бекор қилинмайди ва пуллик қилинмайди.
Президентнинг 2026-йил 2-июлдаги 122-сон фармони асосида жорий этилиши режалаштирилган «Фишермен ИД» эса спорт-ҳаваскор балиқ овлаш ва экотуризм йўналишидаги пуллик хизматларни ягона платформада жамлашга хизмат қилади.
Балиқ овлаш учун махсус шароит яратган хўжаликлар ўз хизматларини платформага ихтиёрий равишда жойлаштириши мумкин. Фойдаланувчилар сув ҳавзасининг манзили, шароитлари, хизмат нархи ва бўш жойлар ҳақида маълумот олиб, жойни олдиндан банд қилади. Пуллик хизмат танланганда, тўловдан кейин ҚР-кодли электрон чек берилади.
Таъкидланишича, «Фишермен ИД» умумий фойдаланишдаги сув ҳавзаларида 5 кг гача балиқни бепул овлаш тартибига тааллуқли эмас. Тизим фақат махсус ташкил этилган спорт-ҳаваскор балиқ овлаш ва экотуризм хизматларидан фойдаланишни қулайлаштириш учун мўлжалланган.

