Лайфстайл

45 йил ўтиб: “Москва кўз ёшларга ишонмайди” филмининг томошабинлар кўрмаган саҳналари

**45 йилдан сўнг: "Москва кўз ёшларга ишонмайди" филмининг томошабинлар кўрмаган лавҳалари**

Владимир Меншов томонидан Валентин Черних ссенарийси асосида суратга олинган "Москва кўз ёшларга ишонмайди" мелодрамаси 45 ёшга тўлган бўлса-да, ҳанузгача энг севимли филмлардан бири бўлиб қолмоқда. Филм прокатга чиққан йили "ХХ аср қароқчилари" жангари филмидан кейин иккинчи ўринни эгаллаган. Картина хорижда ҳам катта муваффақият қозониб, "Оскар" мукофотига сазовор бўлган ва бошқа нуфузли мукофотларни қўлга киритган.

Шунга қарамай, ушбу машҳур филмдаги айрим саҳналар бадиий кенгаш талаби билан қисқартирилган, ссенарийдаги баъзи сюжет йўналишлари эса суратга олиш жараёнида ўзгартирилган.

**Шерлок Ҳолмс қобилиятига эга электрикчи**

Филмдаги ғалати туюладиган эпизодлардан бири бош қаҳрамоннинг дугонаси эрининг, электрикчи Николай (Борис Сморчков) томонидан Гоша (Алексей Баталов) қидирилиши бўлса керак.

Сюжетга кўра, Вера Алентова ижро этган Катерина Гоша уйдан кетиб қолгач, тушкунликка тушади. Уни дугоналари ва қизи қўллаб-қувватлайди. Николай эса аёллар кўз ёшларига чидай олмай, Гошани излашга отланади. Кейинги кадрдаёқ у кўп миллионли Москвадан керакли одамни бир неча дақиқада топиб, унинг квартираси эшигини тақиллатиб турган бўлади.

Электрикчи Николайнинг ғайриоддий дедуктив қобилиятларини муаллифнинг бадиий тўқимаси деб ҳисоблаш мумкин. Аммо бу картинани қисқартириш натижасидир. Гап шундаки, дастлаб филмда яна бир персонаж – КГБ офицери ҳам бўлган. Муаллифлар ғоясига кўра, унинг бош қаҳрамоннинг дугонаси Людмила (Ирина Муравёва) билан ишқий муносабати бўлган. Ҳатто унинг кимёвий тозалашдан костюмини олиб, Людочка билан маъноли нигоҳ тўқнаштирган саҳнаси ҳам сақланиб қолган.

Айнан шу одам ўз хизмат алоқаларини ишга солиб, саноқли дақиқаларда Гошанинг фамилияси ва манзилини билиб беради. Қолаверса, бош қаҳрамонларни яраштириш учун суҳбатни қандай тўғри қуриш кераклиги ҳақида Николайга йўл-йўриқ ҳам кўрсатади.

**Ичкиликбоз хоккейчи**

Ссенарийга киритилган ўзгартиришлардан энг кўп жабр кўрган филм қаҳрамони Людмиланинг собиқ эри Сергей Гурин (Александр Фатюшин) бўлди. Бир вақтлар умидли хоккейчи бўлган Гурин аввал шон-шуҳратидан, сўнгра суюкли аёлидан айрилиб, аста-секин ичкиликка ружу қўяди. Фақатгина филм сўнгига яқин у тузалиш йўлига ўтиб, мураббийлик фаолиятини бошлайди. Аммо дастлабки ғояга кўра, бу қаҳрамоннинг тақдири анча бошқача бўлиши керак эди.

Хронометражни қисқартириш мақсадида Гурин учрашув юлдузига айланиши керак бўлган "Лужники" спорт мажмуасидаги шведларга қарши ўйин филмдан олиб ташланади. Аслида шу тариқа Людмила ўз мақсадига эришиб, машҳур спортчига турмушга чиққан бўларди. Бироқ Фатюшинни қаттиқ хафа қилган ҳолда, унинг қаҳрамони зафар қучадиган бу саҳна филмдан чиқариб юборилади.

Шунингдек, Гурин иштирокидаги якуний эпизод ҳам қайта ишланган. Собиқ хоккейчи костюм-шимда пайдо бўлиш ўрнига, Буяновларнинг дала ҳовлисига маст ҳолда, шишадошини эргаштириб келиши керак эди. Госкино совет спортчисининг бу қадар тубанлашишига йўл қўя олмасди. Ахир гап, гарчи тўқима бўлса-да, миллий терма жамоа аъзоси ҳақида кетаётганди.

**Куйланмаган қўшиқ**

Николайнинг ичкиликка берилиб, ўзини четга олган Гоша билан суҳбатининг бироз узунроқ бўлиши ҳам мумкин эди. Террорчилар томонидан гаровга олинган самолёт тегишли бўлган авиакомпаниянинг номи олиб ташланган. Гап Аир Франсе ҳақида эди, бироқ қандайдир мулоҳазаларга кўра франсуз авиаташувчисини тилга олмасликка қарор қилинган. Шунингдек, қаҳрамонлар лещ балиғини тозалаб бўлгач, "Дон бўйлаб ёш казак сайр қилар" қўшиғини куйлашлари керак бўлган. Аммо шусиз ҳам анча чўзилган филмда бундан-да муҳимроқ саҳналар бор эди, шу сабабли коммунал квартирадаги маст-аласт қўшиқ айтиш саҳнасидан воз кечишга тўғри келган.

**Советча совчилик**

Филмнинг иккинчи қисмида Катя нафақат ёлғиз она ва йирик кимё комбинатининг директори, балки Москва шаҳар Кенгаши депутати ҳамдир. Ҳар бир амалдор каби у ҳам вақти-вақти билан халқ билан мулоқот қилиб туриши лозим. Бироқ депутатлик хонасида сайловчиларни қабул қилиш саҳнаси Меншовга жуда зерикарли туюлган ва у бу лавҳани олиб ташлаган.

Бунинг ўрнига режиссёр ўз қаҳрамонини танишувлар клубига жўнатади. У ерда клуб директори Олга Павловна (Лия Ахеджакова ижросида) Катеринага ҳавас қилса арзигулик бир куёвни — бошқарманинг атиги 53 ёшли масъул ходимини мақтайди. Аммо уриниши бесамар кетади.

**Зиёфат ўрнига фестивал**

Людочка Москвага бир мақсад билан келади: ўзига бадавлат эр топиш. Бу ғайратли қиз ўз мақсадига қатъият билан интилади. Бир пайт у ўзи ва Катя учун Аргентинанинг элчихонасидаги зиёфатга таклифнома олишга муваффақ бўлади.

Филмнинг прокатга чиққан версиясида бу сюжет чизиғи йўқ. Қизлар элчихона ўрнига франсуз киноси фестивалига боришади, хорижлик дипломатларга эмас, совет юлдузлари – Юматов, Конюхова ва Смоктуновскийларга тикилиб қарашади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.