Дунё

42 йиллик кун, икки марта тонг ва ғарбдан чиққан Қуёш: сайёралардаги ғайриоддий манзаралар

Уран қутбларида кундуз тахминан 42 йил давом этади, Меркурийнинг айрим ҳудудларида Қуёш чиқиб, яна ботади ва қайта кўтарилади. Венерада эса Қуёш ғарбдан чиқади. Сайёраларнинг айланиш хусусиятлари биз учун одатий бўлган тонг манзарасини бутунлай ўзгартириб юборади.

42 йиллик кун, икки марта тонг ва ғарбдан чиққан Қуёш: сайёралардаги ғайриоддий манзаралар

Ернинг аксарият ҳудудларида Қуёшнинг шарқдан чиқиб, ғарбга ботиши кундалик ҳаётнинг одатий қисмидир. Аммо бошқа сайёраларда кун ва тун алмашинуви бошқача кечади. Бунга уларнинг ўз ўқи атрофида айланиш тезлиги, йўналиши ва ўқининг оғмалиги сабаб бўлади.

**Уран: Қуёш чиққач, 42 йил ботмаслиги мумкин**

Ураннинг айланиш ўқи қарийб 98 даража оғган. Шу сабаб у бошқа кўплаб сайёраларга қараганда гўё ёнбошлаб ҳаракатланади.

Уран Қуёш атрофини тахминан 84 Ер йилида бир марта айланиб чиқади. Натижада унинг қутбларида қарийб 42 йиллик узлуксиз кундузни шунча давом этадиган тун алмаштиради.

Бу Қуёшнинг уфқдан кўтарилиш жараёни 42 йил давом этади, дегани эмас. Гап Қуёш чиққандан кейин ўнлаб йиллар давомида ботмаслиги ҳақида кетмоқда.

Ураннинг бундай ғайриоддий оғмалиги сабаби ҳануз баҳсли. Эҳтимолий изоҳлардан бири — Қуёш тизимининг қадимги даврида йирик осмон жисми билан тўқнашув юз бергани.

Экватор яқинида эса вазият бошқача. Уран ўз ўқи атрофида тахминан 17 соатда айланади, шу боис бу ҳудудларда кун ва тун анча тез алмашинади. Бироқ Қуёшнинг уфқдан баландлиги ва осмондаги йўли узоқ давом этадиган фасллар билан бирга ўзгариб боради.

**Меркурий: бир тонгда Қуёш икки марта чиқади**

Меркурий Қуёш атрофини икки марта айланиб чиққунча, ўз ўқи атрофида уч марта айланади. Бу нисбат 3:2 орбитал-айланиш резонанси деб аталади.

Сайёрада бир қуёш суткаси — Қуёшнинг осмондаги бир хил ҳолатга қайтиши учун кетадиган вақт — тахминан 176 Ер кунига тенг. Меркурийнинг бир йили эса 88 Ер куни давом этади. Яъни бу ерда қуёш суткаси икки маҳаллий йилга тенг.

Яна ҳам қизиқ ҳолат сайёра Қуёшга энг яқин нуқтадан ўтаётганида кузатилади. Шу пайтда унинг орбитадаги бурчак тезлиги вақтинча ўз ўқи атрофидаги айланиш тезлигидан ошиб кетади. Натижада Қуёшнинг осмондаги кўринма ҳаракати қисқа муддатга тескари йўналади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.