400 км/соатлик поездлар ва ақлли чипта хизмати - Хитой темирйўлларини янгиламоқчи
Хитой 2030-йилгача темирйўл соҳасини технологик янгилаш режасини тақдим этди. Унда соатига 400 километр тезликда ҳаракатланадиган поездлардан фойдаланиш тизимини ривожлантириш, 600 км/соатлик магнит ёстиқчали поездлар бўйича тадқиқотларни давом эттириш ва йўловчиларга сунъий интеллект ёрдамида хизмат кўрсатиш кўзда тутилган.

400 км/соат тезликдаги поездлар ва ақлли чипта хизмати — Хитой темирйўлларини янгилаш режалаштирилмоқда
Хитой Миллий темирйўллар бошқармаси томонидан эълон қилинган ҳужжат 2026–2030-йилларни қамраб олади. Глобал Тимес хабарига кўра, ушбу режа инфратузилма қурилиши, янги техник воситалар, рақамлаштириш, хавфсизлик ҳамда чиқиндиларни камайтириш йўналишларини бирлаштиради.
Беш йил ичида соҳада қарийб 30 та янги илмий-технологик инновация марказини ташкил этиш, камида 100 та муҳим технология бўйича ютуққа эришиш ва 500 тадан кам бўлмаган аҳамиятли илмий-техник натижа олиш мақсад қилинган.
Шунингдек, технологияларни амалиётга жорий этишга доир камида 20 та намунавий ечим ёки намойиш лойиҳаси ишлаб чиқилади. Улар орасида 400 км/соат тезликка мўлжалланган юқори тезликдаги поездлардан фойдаланиш тизими ҳам бор.
Магнит ёстиқчада ҳаракатланувчи, 600 км/соат тезликка мўлжалланган поездлар бўйича эса тадқиқотлар босқичма-босқич олиб борилади. Тегишли тизимларни Хитойда ишлаб чиқариш учун зарур асосий технологиялар синовдан ўтказилиши режалаштирилган.
Йўловчилар учун расмий 12306 чипта платформаси ҳам ўзгаради. Уни асосан чипта сотиб олишга хизмат қилувчи сайтдан бутун сафар давомида йўловчига ҳамроҳ бўладиган интеллектуал тизимга айлантириш кўзда тутилган. Платформа турли транспорт воситаларини бирлаштирган сафар вариантларини таклиф қилиши ва шахсий эҳтиёжларни яхшироқ ҳисобга олиши керак.
Темирйўл соҳаси учун катта тил моделлари, маълумотлар тўпламлари ва ҳисоблаш инфратузилмаси ҳам ривожлантирилади. Камида 20 та юқори сифатли соҳавий маълумотлар тўпламини яратиш ҳамда сунъий интеллектни қўллашнинг 20 тадан ортиқ намунавий ссенарийсини жорий этиш режалаштирилган.
Экологик йўналишда кам ёнилғи сарфлайдиган дизел локомотивлари, шунингдек, аккумулятор ва водород каби энергия манбаларини бирлаштирган ҳаракат таркибини намойиш тартибида ишлатиш кўзда тутилган. Мақсад — темирйўл транспортидан чиқадиган карбонат ангидрид ҳажмини 2030-йилгача энг юқори нуқтага етказиб, кейинги пасайиш учун шароит яратиш.

