Лайфстайл

4 соат учун 5300 доллар гонорар: ўзбекистонлик халқаро моделлар қанча пул ишлаб топади?

4 соатлик иш учун 5300 доллар гонорар: ўзбекистонлик халқаро моделлар қанча даромад топади?

“Менинг юртим” телеканалидаги “Ўзимизнинг гап” кўрсатувининг навбатдаги сонида халқаро моделлар Дониёр Эргашев ва Дилнура Обидова меҳмон бўлишди. Суҳбат чоғида улар моделлик фаолиятида илк бор олган гонорарлари қанча бўлгани, жаҳон стандартларига кўра модел бўлиш учун бўй неча сантиметр бўлиши кераклиги ва соҳанинг бошқа жиҳатлари ҳақида сўзлаб беришди.

Дониёр Эргашев: “10 йил аввал моделлик қилишни бошлаганман”

— Моделлик соҳасидаги фаолиятим 10 йил аввал, яъни 2016-йилдан бошланган. Аслида модел бўламан, деган мақсадим йўқ эди. Фақат суратга чиройли тушсам бўлди, деб ўйлаганман. Эски расмларимга қарасам, бирида кўзим юмилиб қолган бўларди, бошқаларида эса кулишим ёқмас эди. Моделлик агентлигига борганда уларга: “Менга суратга тўғри тушишни ўргатинглар, подиум менга эмас. Чунки у бизнинг менталитетимизга тўғри келмайди”, деганман.

Кейин икки ой давомида суратга тушиш курсида 12 та қиз орасида ягона ўғил бола бўлиб ўқиганман. Ўшанда қизлар келиб, “нима учун бу ерга келдинг?” дерди. Шундан кейин ўзим ҳам ўзимга шу саволни бера бошлаганман. Охир-оқибат мана, ўшандан бери шу соҳада ишлаб келаман, ҳозир Ўзбекистонда энди таниқли бўлиб боряпмиз.

Дилнура Обидова: “Олти ёшимдан моделликни бошлаганман”

— Моделликни олти ёшимдан бошлаганман. Ўшанда газетадан келишиб, болалар орасидан мени танлаб олишган. Авваллари баннерларда дўппичали қизчалар бўларди, ўшалардан бири мен эдим. Кейинчалик Туркияга келдим. У ерда бир муддат моделлик бўйича ишладим. Лекин у ерда ҳам бу касб унчалик ривожланмагани учун Америкага кетишга қарор қилдим.

Америкага келганимдан кейин академияларда ўқидим. Ўқишни тугатганимдан сўнг катта-катта агентликлар мен билан ишлади. Ўша ерда Ўзбекистондагига қараганда топ моделлар қаторига қўшилдим. Бунга сабаб — Ўзбекистон ҳамда МДҲ давлатларида кўпроқ сунъийлик ёқади. Америка аёлларига қарасангиз, уларни ажин ва сепкиллари билан суратга олишади. Улар табиийликни қадрлашади.

Бир сафар эсимда, мени Рианнанинг агенти олдига олиб боришди. Ўшанда худди тўйга кетаётгандай ясаниб олган эдим. У ердагиларга ёқмадим. Кейин макияжсиз суратларимни кўрсатишди. Шундан кейин улар юзимни ювиб келганимдан сўнг мен билан ишлашларини айтишди, дейди у.

Халқаро стандартлар

Лойиҳа бошловчиси моделлар учун халқаро подиумларда нималар асосий ўринда туришини сўраганида, моделлар қуйидагича жавоб беришди:

— Эркакларда ҳам, аёлларда ҳам биринчи ўринда бўй муҳим. Аёлларнинг бўй параметри 1,78 метрдан 1,84 метргача белгиланган. Эркакларда бу кўрсаткич 1,85 метрдан юқори. Бу стандартлардан паст ҳам, баланд ҳам олинмайди, деди улар.

Шундан сўнг Дилнура Обидова илк бор подиумга 35 сантиметрлик пошнали оёқ кийимда чиққанини айтиб берди:

— Биринчи марта подиумга чиққанимда, адашмасам, 35 сантиметрлик пошнали оёқ кийимда чиққанман. Бир модел қиз бундай баланд пошнада чиқа олмаслигини айтгач, ундан ҳам баландроқ оёқ кийимларини олиб подиумга чиқиб кетганман. Ўшанда подиумга чиқиб маза қилганман. Подиум худди мен учун ясалгандек, бу менинг жойим, деганман, дейди у.

Дониёр Эргашев: “Тўрт соатга 5300 доллар гонорар олганман”

— Биринчи гонораримни Ҳиндистонда олганман. Беш минг уч юз доллар эди. Фотосессия бошқа шаҳарда бўлгани учун у ерга бориб-келиш масофасини ҳисобга олмаганда, тўрт соатлик ишим учун ўшанда шунча гонорар олганман.

Дилнура Обидова эса кунига 250 доллардан бир йил учун гонорар олганини айтади:

— Ўзим ёқтирган бир компанияга бранд фасе (бренд юзи) бўлган эдим. Ишга борсам-бормасам ҳам кунига 250 доллардан тўлаб беришади. Бир йилда битта ёки иккита фотосессияси бўладими, унинг фарқи йўқ, мен учун ҳар куни 250 доллар миқдорида иш ҳақи ёзилиб боради. Аммо бунинг ҳам бир жиҳати бор: шартномани имзолаганингиздан кейин бир йил ичида худди шу йўналишдаги бошқа компания учун ишлай олмайсиз. Яхши жиҳати — ишга сизни чақиришмаса ҳам бошқа компания билан шартнома қилмаслигингиз учун ҳар куни сиз учун барқарор сумма ёзилиб бораверади, дейди Дилнура Обидова.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.