Иқтисодиёт

350 минг доллар эвазига фуқаролик: Аргентина янги дастурни бошламоқда

Аргентина ҳукумати инвестиция эвазига фуқаролик бериш дастурини эълон қилди. Унда қатнашиш учун давлат ғазнасига қайтарилмайдиган 350 минг долларлик бадал киритиш ёки 800 минг долларлик махсус давлат облигациясини сотиб олиш таклиф этилмоқда. Аризалар 2026-йилнинг тўртинчи чорагида қабул қилина бошлайди.

350 минг доллар эвазига фуқаролик: Аргентина янги дастурни йўлга қўймоқда

ДВ хабарига кўра, дастур ҳақидаги маълумот 2-октабр куни Аргентинанинг расмий давлат порталида эълон қилинган.

Дастурда қатнашишнинг икки йўли белгиланган: биринчиси — давлат ғазнасига қайтарилмайдиган маблағ ўтказиш, иккинчиси — махсус давлат облигациясига сармоя киритиш.

Ариза берувчиларнинг шахси ва маблағлари текширувдан ўтказилиши назарда тутилган.

Оила аъзолари учун қўшимча бадал тўланади

Инвесторнинг турмуш ўртоғи ва фарзандлари ҳам фуқаролик олиш учун ариза топшириши мумкин. Бироқ улар учун қўшимча маблағ талаб этилади.

Турмуш ўртоғи, шунингдек, никоҳдан ўтмаган ва фарзанди бўлмаган 18–25 ёшдаги ҳар бир фарзанд учун 100 минг доллардан қўшимча бадал белгиланган.

18 ёшга тўлмаган ҳар бир фарзанд учун эса 25 минг доллар тўлаш керак бўлади.

Расмий баёнотда келтирилган мисолга кўра, асосий ариза берувчи, унинг турмуш ўртоғи ва икки нафар вояга етмаган фарзандидан иборат оила жами 500 минг доллар тўлаб, Аргентина фуқаролигига ариза бериши мумкин. Бу ҳисоб қайтарилмайдиган бадал вариантига мос келади.

Маблағ қаердан олингани текширилади

Аргентина ҳукумати дастур доирасида пул ювиш ва терроризмни молиялаштиришга қарши халқаро стандартларга риоя қилишини билдирган.

Текширувда ариза берувчининг шахси, обрў-эътибори, судланганлик ҳолати ва миграция тарихи ўрганилади.

Шунингдек, маблағларнинг қонуний келиб чиқиши ҳамда улар боғлиқ бўлган юрисдиксиялар бўйича хавфлар баҳоланади.

Аргентина дастур орқали сармоя жалб қилмоқчи

Аргентинада «олтин паспортлар» дастурини жорий этиш режалари ҳақида аввалроқ Финансиал Тимес ёзган эди.

Нашрга кўра, мамлакат шу йўл билан яқин йиллардаги қарз мажбуриятларини қоплаш учун ўнлаб миллиард доллар жалб қилишни кўзламоқда.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.