«3,5 йил пул тўладим, ҳали ҳам зарардаман». Нега одамлар кредитга ботиб боряпти?
Ўзбекистонда қарз олиш ниҳоятда қиммат. Шунга қарамай, охирги 6 йил ичида жисмоний шахсларнинг банклардаги кредитлари қолдиғи 6 баробарга кўпайиб, 20 млрд долларга етди. Молиявий интизом масаласи ҳар қачонгидан долзарблашиб, борган сари кўпроқ одамлар қийин аҳволга тушиб қолмоқда. Бунга сабаб нима?

«3,5 йил пул тўладим, ҳали ҳам зарардаман». Нега одамлар кредитга ботиб боряпти?
Бугун маҳсулотларни кредит ёки бўлиб тўлашга олиш ўзбекистонликларнинг кундалик ҳаётидан ажралмас қисмга айланганини муболағасиз айтиш мумкин. Одамлар энг оддий маиший техникадан тортиб, автомобил ва уй-жой харид қилишгача бўлган турли эҳтиёжлар учун банклар ёки бошқа молиявий ташкилотлардан қарз оляпти. Жамиятда кредитга яшаш маълум маънода «янги норма»га айланиб улгурган.
Қарз олиш жараёни ҳам аввалгидан анча енгиллашган. Смартфон экранидаги банк иловасида атиги иккита тугмани босиш, юзни сканер қилиш ва СМС-кодни тасдиқлашнинг ўзи кифоя — бир неча дақиқа ичида керакли сумма картангизга тушади. Бу қулайлик инсон психологиясини тезда ўзига тортади ва молиявий эҳтиёжларнинг энг тезкор ечимидек туюлади. Аслида вазият қандай?
Ўзбекистонликларнинг қанча кредити бор?
2026-йил 1-август ҳолатига банклар томонидан жисмоний шахсларга ажратилган жами кредитлар қолдиғи 239 трлн 801 млрд сўмни, яъни қарийб 20 млрд долларни ташкил этади.
Бу кўрсаткич бир йил олдингига нисбатан 18,8 фоизга юқори.
Статистик маълумотлар сўнгги йилларда қарз қолдиғи жуда тез ўсиб бораётганини кўрсатмоқда. Масалан, 2020-йил 1-январ ҳолатига жисмоний шахсларнинг кредит қолдиғи 39 трлн 934 млрд сўм бўлган. Ҳозирга келиб бу сумма 6 баробарга ошган.
Сўнгги 6 йиллик давр таҳлилига кўра, аҳолининг кредитлари кескин кўпайган давр 2023-йилга тўғри келади. Ўша йили қарз қолдиғи 48 трлн сўмга ёки 47 фоизга ошган.
1-август ҳолатига кўра, жисмоний шахслар асосан қуйидаги мақсадларда кредит олган:
Рақамларга қаралса, аҳолининг умумий қарз портфелининг 40 фоиздан ортиқ қисмини микрокредитлар ва микроқарзлар ташкил этади. Бу турдаги қарзлар фоизи юқори бўлиб, кўпинча муайян реал активга айланмайдиган кредитлардан иборат бўлади. Автокредитларнинг улуши ҳам анча катта — 17 фоиз. Классик молия қоидаларига кўра, машина қийматини йўқотувчи актив ҳисобланади. 40 трлн сўмдан кўпроқ маблағнинг автокредитларга йўналтирилгани харид қобилияти узоқ муддатли қарз ҳисобига ушлаб турилганини, бироқ одамларнинг фундаментал бойлиги ошмаётганини англатади.

