2027 йилдан Ўзбекистонда давлат хизматчилари меҳнатига ҳақ тўлаш тизими ўзгаради
Ўзбекистонда 2027 йилдан бошлаб давлат хизматчилари меҳнатига ҳақ тўлаш тизими ўзгаради. Лавозим маошлари лавозим даражаси ва иш стажини ҳисобга олган ҳолда ягона тариф сеткаси бўйича ҳисобланади. Қўшимча равишда малака даражаси, KPI ва бонуслар учун тўловлар назарда тутилган.

2027 йилдан Ўзбекистонда давлат хизматчилари меҳнатига ҳақ тўлаш тизими ўзгаради
2027 йил 1 январдан Ўзбекистонда давлат фуқаролик хизматчилари меҳнатига ҳақ тўлашнинг янги тизими амал қила бошлайди. Президент Шавкат Мирзиёев 2 сентябрь куни «Давлат фуқаролик хизматчилари меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги тегишли фармонни имзолади.
Янги тизим 95 та давлат органи ва ташкилотини — Вазирлар Маҳкамаси, Ҳисоб палатаси ва вазирликлардан тортиб қўмиталар, агентликлар ва ҳокимликларгача қамраб олади.
Ҳужжатда ислоҳотнинг тўртта асосий вазифаси белгиланган: давлат хизматида меҳнатга ҳақ тўлашнинг рақобатбардошлигини ошириш, уни шакллантиришнинг тушунарли қоидаларини жорий этиш, штатдаги ходимларни бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан таъминлашдан воз кечиш ҳамда давлат хизматчиларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилишнинг «муносиб даражаси»ни таъминлаш.
1 январдан бошлаб давлат фуқаролик хизматчилари меҳнатига ҳақ тўлаш фонди тўртта асосий қисмдан иборат бўлади:
Лавозим маоши миқдори тасдиқланган тариф сеткаси асосида ҳисобланади. Бунинг учун ҳар бир лавозимга разряд, ҳар бир разрядга эса тариф коэффициенти берилади. У, жумладан, давлат хизматидаги иш стажи давомийлигига боғлиқ бўлади.
Иш стажининг олтита босқичи назарда тутилган: 3 йилгача, 3 йилдан 6 йилгача, 6 йилдан 10 йилгача, 10 йилдан 15 йилгача, 15 йилдан 20 йилгача ва 20 йилдан ортиқ. Шу тариқа, кўп йиллик хизмати учун алоҳида тўловларнинг амалдаги механизми ҳақиқатда катта стажга эга ходимлар учун юқорироқ тариф коэффициенти билан алмаштирилади.
Лавозимлар давлат органининг даражасига қараб разрядлар бўйича тақсимланган.
Лавозим маоши миқдори тариф коэффициенти ва қонунчиликда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан келиб чиқиб белгиланади.
Маошдан ташқари, давлат хизматчиларига малака даражаси (ранги) учун устамалар ҳисобланади.
Фармон билан ходимнинг малака даражасига қараб лавозим маошининг 2 фоизидан 20 фоизигача миқдорда қўшимча тўловлар белгиланди. Хусусан, олий малака даражаси учун 20 фоиз, биринчи даражали мутахассис учун — 17 фоиз, иккинчи даражали — 15 фоиз, учинчи даражали — 12 фоиз миқдорида устама назарда тутилган.
Иш ҳақининг яна бир қисми иш натижаларига боғлиқ бўлади.
Энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларига (KPI) эришилганда, давлат фуқаролик хизматчисига ҳар ойда лавозим маошининг 25 фоизигача миқдорда устама тўланиши мумкин.
Тасдиқланган шкалага кўра, рейтинг 100 баллдан юқори бўлганда устама миқдори маошнинг 25 фоизигача, натижа 85 баллдан 100 баллгача бўлганда — 20 фоизгача, 70 баллдан 85 баллгача бўлганда — 15 фоизгачани ташкил этади. Натижа 70 баллдан паст бўлганда KPI-устамаси назарда тутилмайди.
Самарадорликни баҳолаш методикасини ишлаб чиқиш Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви самарадорлиги агентлигига топширилди. Асосий кўрсаткичлар қаторида давлат органининг функция ва вазифалари бажарилиши натижалари, ижро ва меҳнат интизоми, шунингдек, харажатларни тежашга қаратилган ташаббус ва таклифлар ҳисобга олиниши керак.
Бонус тўловлари фонди алоҳида шакллантирилади. Бунинг учун ҳар йили ходимларнинг малака даражаси учун тўловларни ҳисобга олган ҳолда бир ойлик лавозим маоши миқдорида маблағ назарда тутилади.
Ушбу фонддан лавозим мажбуриятлари, алоҳида топшириқлар ва мураккаб вазифаларни сифатли бажарганлик учун шахсий устамалар ва мукофотлар, иш вақтидан ташқари, дам олиш ва байрам кунларидаги ишлар учун компенсациялар, шунингдек, иш ёки ҳисобот даври якунлари бўйича рағбатлантиришлар тўланиши мумкин бўлади.
Бонусларни тақсимлашда, жумладан, мураккаб вазифаларнинг бажарилиши, илғор ахборот технологиялари, шу жумладан сунъий интеллектнинг жорий этилиши, касбий малаканинг оширилиши ва халқаро сертификатлар олиниши, шунингдек, ўлчанадиган иқтисодий натижа берган инновацион ёндашувларнинг жорий этилишини ҳисобга олиш таклиф этилмоқда.
Муайян ходимга бериладиган бонус миқдори унинг фаолияти натижаси ва фонддаги мавжуд маблағлардан келиб чиқиб белгиланади. Бунда бонус тўловининг чекланган миқдори фармонда белгиланмаган.
Рақамли технологиялар вазирлигига Давлат бошқаруви самарадорлиги агентлиги билан биргаликда 1 ноябрга қадар давлат хизматчиларининг KPI кўрсаткичлари ва тегишли устамаларини автоматик тарзда ҳисоблаб чиқувчи махсус дастурий мажмуани ишлаб чиқиш топширилди.
Бундан ташқари, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги манфаатдор идоралар билан биргаликда 2027 йил 1 мартга қадар давлат фуқаролик хизматчиларига кирмайдиган, аммо давлат органлари ва идоравий ташкилотларда ишлайдиган ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш тарифларини белгилаш тартибини тайёрлаши лозим.
Август ойи бошида Ўзбекистонда давлат хизматчилари (54 минг киши) меҳнатига ҳақ тўлашнинг ягона, шаффоф ва натижага асосланган тизимини жорий этиш режалаштирилаётгани маълум бўлган эди. Президент ҳузуридаги тақдимотда бир хил лавозимдаги ва ўхшаш функцияларни бажарадиган ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашда сезиларли фарқ борлиги айтилган эди.

