2026-йилнинг энг гўзал аёли Жоҳейри Мола оддий ҳаётда қандай кўринади?

2026-йилнинг энг гўзал аёли Жоҳейри Мола оддий ҳаётда қандай кўринади?
2026-йил 5-сентябр куни Вьетнамнинг Нячанг шаҳрида 73-марта ўтказилган “Дунё гўзали” танлови якунига етди. Дунё бўйлаб йиғилган юздан ортиқ иштирокчини ортда қолдирган Доминикан Республикаси вакили, 24 ёшли Жоҳейри Мола Домингес ғолибликни қўлга киритди. Иккинчи ўринни испаниялик Элизабет Рейнес, учинчи ўринни эса Малайзия вакили Таанусия Четти эгаллади.
Доминикан Республикаси учун бу ютуқ тарихий аҳамиятга эга бўлди — мамлакат 1982-йилда Мариасела Алварес ғалабасидан 44 йил ўтиб, “Дунё гўзали” унвонини иккинчи бор қўлга киритди. Бунгача доминиканлик қизлар икки марта вице-мисс бўлишган: 2004-йилда Клаудия Круз ва 2016-йилда Ярица Реес.
Жоҳейри Санто Домингода туғилиб ўсган. Унинг касбий йўли фақат моделлик билан чекланмайди. У Иберо-Америка университетида (УНИБЕ) бизнес бошқаруви бўйича илмий даража олган.
Мола адабиёт ва ижтимоий фанлар ўқитувчиси сифатида ишлайди ва дарсларни инглиз тилида олиб боради. Танлов ташкилотчиларига кўра, унинг педагогик фаолиятида ўқувчиларнинг танқидий фикрлашини ва ҳар томонлама ривожланишини қўллаб-қувватлаш марказий ўрин тутади.
2026-йил март ойида у Доминикан Республикасининг энг йирик кўнгилочар тадбирларидан бири бўлган Премиос Соберано маросимида Унивисионънинг жонли эфир мухбири бўлиб ишлаган. Ўша йилнинг май ойида эса болаларни қўллаб-қувватлаш дастурлари учун қарийб 25 миллион доллар йиғган ЮНИСЕФ телемарафонини ёритишда қатнашди.
Жоҳейрининг ғалабага элтган йўли 2025-йилда, Насонал округи номидан қатнашиб, “Доминикан Республикаси гўзали” бўлган пайтда бошланган. Вьетнамдаги танловда у Америка ва Кариб ҳавзаси иштирокчилари орасида “Топ Модел” минтақавий босқичида ғолиб чиқиб, дарҳол ажралиб чиқди ва бу унга кучли 40 таликдан жой олиш имконини берди.
Кейин топ-20, топ-12 ва ниҳоят, Испания, Малайзия, Вьетнам, ЖАР ҳамда Эритрея вакилалари иштирок этган топ-6 босқичлари бўлиб ўтди. Финалда Молага Америка ва Кариб ҳавзаси минтақасига вакиллик қилиш учун зарур бўлган асосий фазилатлар ҳақида савол берилди. У тўсиқларни енгиб ўтишдан қўрқмайдиган, жисмоний гўзаллик энг муҳим нарса эмаслигини ва ҳар бир инсоннинг ҳаётдаги мақсади доимо унинг ўзидан муҳимроқ эканини англайдиган аёл образини кўрсатмоқчи эканини айтди.
Жоҳейри тожни ўтган йилги ғолиб — Таиланд вакили Опал Сучата Чуангсри қўлидан қабул қилиб олди. Энди у бир йил давомида “Дунё гўзали” вазифаларини бажариши, халқаро тадбирларда танловни намойиш этиши ҳамда таълим ва ижтимоий соҳадаги миссиясини давом эттириши керак.

