2026 йил ноябрда эҳтиёжманд оилаларга 1 млн сўмдан ёрдам берилиши кутилмоқда
Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган Президент фармони лойиҳасига кўра, 2026 йил ноябр ойида эҳтиёжманд оилаларга 1 млн

2026 йил ноябр ойида эҳтиёжманд оилаларга 1 млн сўмдан ёрдам берилиши режалаштирилмоқда. Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган Президент фармони лойиҳасига мувофиқ, шу ойда эҳтиёжманд оилаларга бир марталик моддий ёрдам ажратилади.
Мазкур ёрдам Ижтимоий реестрдаги оилаларга, шунингдек, реестрга кирмаган, бироқ жон бошига даромади минимал истеъмол харажатларининг 2 бараваридан ошмайдиган оилаларга берилади. Маблағ 30 ноябрга қадар ижтимоий карта ёки банк карталарига ўтказилади.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси муҳокамасига чиқарилган қарор лойиҳасига кўра, аҳолига суюлтирилган газнинг чакана нархи қўшилган қиймат солиғи билан 1 кг учун 5 минг сўм этиб белгиланади. «ЛПГ-Траде» МЧЖ томонидан аҳолига газ етказиб бериш хизмати учун чекланган нарх эса 1 кг учун 1 300 сўм бўлади.
Янги нарх суюлтирилган газни тўлиқ бозор нархига ўтказишни англатмайди. «ЛПГ-Траде» МЧЖнинг газни биржадан сотиб олиш нархи ва етказиб бериш харажатлари билан аҳолига белгиланган чакана нарх ўртасидаги тафовут республика буджетидан субсидия сифатида қопланади.
Нарх ўзгаришининг ижтимоий таъсирини юмшатиш учун эҳтиёжманд оилаларга компенсация бериш тартиби жорий этилади. 2030 йил 1 январга қадар уларга харид қилинган суюлтирилган газнинг ҳар бир килограмми учун 3 минг сўмдан, аммо ойига 20 килограммдан ошмаган миқдорда компенсация тўланади.
Компенсация Ижтимоий реестрдаги оилаларга, реестрга кирмаган, лекин жон бошига даромади минимал истеъмол харажатларининг 2 бараваридан ошмайдиган оилаларга, шунингдек, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар яшайдиган оилаларга берилади. Маблағ газ харид қилингани тасдиқлангач, оилаларнинг ижтимоий картасига ўтказилади.
Компенсация олиш учун давлат хизматлари маркази, «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази, маҳаллага бириктирилган ижтимоий ходим, Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки «Ижтимоий карта» мобил иловаси орқали мурожаат қилиш мумкин.
Бундан ташқари, агар битта хонадонда икки ва ундан ортиқ оила яшаса, техник талабларга мос газ плитаси ва ошхона мавжуд бўлса, бир кадастр рақами бўлса ҳам, истисно тариқасида ҳар бир оилага алоҳида маиший газ баллон ажратилиши мумкин. Бунинг учун «маҳалла еттилиги» ва газ таъминоти ходимлари жойига чиқиб ўрганиш далолатномасини расмийлаштиради.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Энергетика вазирлиги билан биргаликда 2027 йил 1 майга қадар бозорнинг ривожланиш даражаси ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш заруратини инобатга олган ҳолда суюлтирилган газ нархларини эркинлаштириш бўйича таклиф киритади.

