Маҳаллий

2025-йилда мактаб ва боғчаларда болаларга нисбатан зўравонлик бўйича 122 та ҳолат аниқланган — сенатор

Ўзбекистонда болаларга нисбатан зўравонлик қилгани учун жавобгарликка тортилган таълим ва тарбия муассасалари ходимларини иш берувчининг ташаббуси билан ишдан бўшатиш мумкин бўлади. Сенатор Покиза Ахмеджановага кўра, 2025-йилда мактаб ва боғчаларда шу каби 122 та ҳолат аниқланган.

2025-йилда мактаб ва боғчаларда болаларга нисбатан зўравонлик бўйича 122 та ҳолат аниқланган — сенатор

Ўзбекистонда таълим ва тарбия муассасалари ходимлари болага нисбатан зўравонлик қилгани учун жавобгарликка тортилса, улар билан тузилган меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиниши мумкин бўлади. Бу ўзгариш Сенат томонидан 2-октабр куни маъқулланган болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишни кучайтириш тўғрисидаги қонунда назарда тутилган.

Сенатор Покиза Ахмеджанованинг айтишича, Меҳнат кодексининг 161-моддасига киритилаётган ушбу тузатиш таълим тизими ходимларининг масъулиятини ошириш ва болалар хавфсизлиги учун қўшимча кафолатлар яратишга қаратилган.

У келтирган маълумотларга кўра, фақат 2025-йилнинг ўзида таълим муассасаларида болаларга нисбатан зўравонлик билан боғлиқ 122 та ҳолат аниқланган. Шундан 38 таси боғчаларда, 84 таси эса мактабларда содир бўлган.

“Эндиликда таълим ёки тарбия муассасаси ходими болага нисбатан зўравонлик содир эца, у билан тузилган меҳнат шартномаси иш берувчи томонидан бекор қилинади. Бу таълим ва тарбия масканларини нолойиқ шахслардан тозалаш ва болалар учун хавфсиз муҳит яратишнинг ҳуқуқий кафолатидир”, — деди сенатор.

Қонун, шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасига ўзгартиришлар киритишни ҳам кўзда тутади.

Жавобгарлик ота-оналар зарур имконият ва билимларга эга бўла туриб, боланинг асосий эҳтиёжларини қасддан қондирмаган ва бу унинг саломатлиги ёки ривожланишининг бузилишига олиб келган ҳолатларда белгиланади.

Ахмеджанованинг сўзларига кўра, бу норма ота-оналарнинг болаларни зарур даражада парваришлаш бўйича масъулиятини оширишга қаратилган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги 198−10-модда ҳам қўшилмоқда. Унга кўра, болалар масалалари бўйича комиссияларнинг қарорларини бажармаганлик ёки уларнинг ижросига тўсқинлик қилганлик учун мансабдор шахслар ва фуқароларга жарима қўлланади.

Сенаторнинг таъкидлашича, ушбу чора жойларда болаларни ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи комиссиялар қарорларининг самарадорлигини ошириши керак.

Яна бир тузатиш тазьиқ ва зўравонликка учраган шахслар мурожаатларининг махфийлигига тааллуқли.

Мурожаат қилувчининг илтимосига кўра, ёзма жавоб унинг яшаш манзилига юборилмаслиги мумкин бўлади. Ахмеджанованинг айтишича, бу хотин-қизлар ва болаларга нисбатан такрорий зўравонлик хавфини камайтиришга хизмат қилади.

Тузатишларда 14 ёшга тўлмаган болаларга нисбатан жинсий жиноятлар учун умрбод озодликдан маҳрум қилиш, сўроқ жараёнини видеога олиш, зўравонлик учун жавобгарликка тортилган шахсларнинг болалар билан ишлашини чеклаш ва бошқа ўзгаришлар назарда тутилган. Қонун кучга кириши учун уни президент имзолаши керак.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.