Иқтисодиёт

2021–2025 йилларда Марказий Осиёда чарм-поябзал саноати

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Марказий Осиё мамлакатларида 2021–2025 йилларда чарм-поябзал саноатининг ривожланиш тенденсияларини таҳлил қилди. Тадқиқотда ишлаб чиқариш, экспорт ва импорт динамикаси, ички бозор ҳолати ҳамда соҳани ривожлантириш ва минтақавий кооперацияни кенгайтириш имкониятлари кўриб чиқилган.

**2021–2025 йилларда Марказий Осиёда чарм-поябзал саноати**

Марказий Осиёда қайта ишлаш саноатини ривожлантиришда чарм-поябзал тармоғи муҳим аҳамиятга эга. Бу соҳа кенг хомашё базасини чуқур қайта ишлаш, тайёр истеъмол маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва бандликни ошириш учун имкон беради. 2021–2025 йилларда минтақа давлатларида ишлаб чиқариш турли суръатларда ривожланди. Шу сабабли, ўсиб бораётган бозор шароитида корхоналар мавжуд хомашё базасидан рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш учун қанчалик самарали фойдалана олиши асосий масалалардан бири бўлиб қолмоқда.

Мақолада асосан Марказий Осиёнинг 4 та давлати — Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда соҳанинг ривожланиш динамикаси (ИФУТ 15 — чарм ва ундан тайёрланган маҳсулотлар) таҳлил қилинган. Туркманистон бўйича аксарият кўрсаткичларга доир расмий маълумотлар очиқ манбаларда мавжуд эмас. Материал миллий статистика идоралари, МДҲ Статистика қўмитаси, ЕОИИ Евроосиё иқтисодий комиссияси, trademap.org, ОАВ ва очиқ манбалар маълумотлари асосида тайёрланган.

### Мамлакатлар кесимида соҳанинг ривожланиш тенденсиялари

Ўзбекистон минтақада чарм-поябзал маҳсулотларининг энг йирик ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади. Беш йил ичида маҳсулот ишлаб чиқаришнинг қиймат ҳажми реал ҳисобда 22%га ошиб, 2025 йилда 378 млн долларга етди. Соҳанинг қайта ишлаш саноатидаги улуши деярли ўзгармади ва 2020 йилдаги 0,53%дан 2025 йилда 0,50%га тушди. 2025 йил якунига кўра, соҳада 782 та корхона фаолият юритган.

Беш йилда соҳа маҳсулотлари экспорти 6,6%га камайиб, 67 млн долларни ташкил этди. Импорт эса 3,4 баробар ошиб, 72 млн долларга етди. Ички бозорнинг ҳисобланган ҳажми 3,4 баробар кўпайиб, 383 млн долларга етди, импортнинг ички бозордаги улуши 19%дан 25%га ошди. Ўзбекистон минтақадаги энг йирик ишлаб чиқарувчи бўлиб қолаётганига қарамай, талаб ишлаб чиқаришга нисбатан тезроқ ўсди ва янги эҳтиёжларнинг бир қисми импорт ҳисобига қопланди.

2021–2025 йилларда Ўзбекистонда чарм-поябзал саноатини қўллаб-қувватлаш бўйича мақсадли чоралар қабул қилинди. Жумладан, чармдан тайёр маҳсулотлар ва юқори қўшилган қийматли бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш лойиҳалари учун алоҳида кредит линиялари ишга туширилди, ускуналар хариди учун имтиёзли кредитлар берилди. 16 та ихтисослаштирилган кичик саноат зонаси ташкил этилди. Кластерларни ташкил этиш, тозалаш иншоотларини қуриш, хорижий брендлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва маҳсулотларни сертификатлаш давлат томонидан қўллаб-қувватланди.

Қабул қилинган чоралар соҳанинг бизнес ва капитал учун жозибадорлигини ошириб, муайян натижалар берди. Ўтган йили чарм-поябзал саноатига рекорд даражада — 600 млн доллар инвестиция киритилди. Бу 2020 йилга нисбатан 8 баробар кўп. Инвестициялар оқимининг сезиларли ўсиши 2026 йилнинг 7 ойида ишлаб чиқаришнинг 35%га кўпайишида ҳам акс этди. Бу мазкур даврда минтақа бўйича энг юқори ўсиш суръатидир.

Қозоғистон минтақадаги энг йирик чарм-поябзал маҳсулотлари бозори бўлиб, ички талаб асосан импорт ҳисобига қопланади. Мамлакатда ички ишлаб чиқариш ҳажми нисбатан кичик бўлиб, сўнгги беш йилда соҳа жиддий қийинчиликларга дуч келди.

Беш йилда чарм-поябзал маҳсулотлари ишлаб чиқариш реал ҳисобда 9%га қисқариб, 2025 йилда 37 млн долларни ташкил этди. Соҳада пасайиш икки йил кетма-кет — 2023–2024 йилларда кузатилди. 2025 йилда эса ишлаб чиқариш тиклана бошлади ва 16,7%га ўсди. 2021–2025 йилларда соҳанинг қайта ишлаш саноатидаги улуши 0,10%дан 0,06%га камайди.

Кўриб чиқилаётган даврда ташқи савдо кўрсаткичлари кескин ўзгариб турди. Бу ҳолат транзит ва реекспорт оқимлари билан боғлиқ бўлиши мумкин ва ички истеъмол ҳажмини баҳолашни қийинлаштиради. Хусусан, экспорт бир неча баробар ошган бўлса, импорт 2020 йилдаги 400 млн доллардан сал кўпроқ миқдордан 2023 йилда 1 млрд доллардан ошди, 2025 йилда эса яна 0,5 млрд долларгача камайди. 2025 йилда ички бозорнинг ҳисобланган ҳажми қарийб 500 млн долларни ташкил этиб, 2020 йилга нисбатан 11%га ўсди. Бозорнинг асосий қисми импорт ҳиссасига тўғри келди.

Кўриб чиқилаётган даврда Қозоғистонда 2022–2025 йилларга мўлжалланган Енгил саноатни ривожлантириш йўл харитаси амал қилди ва унда чарм-поябзал соҳаси ҳам қамраб олинди. Йўл харитасида хомашё базаси ва қайта ишлашни ривожлантириш, жумладан, ишлов берилмаган терини қайта ишлаш ҳажмини 40%гача ошириш, инвестицияларни жалб қилиш, корхоналар қувватларидан фойдаланиш даражасини ва экспортни ошириш, давлат кўмагини кучайтириш чоралари белгиланди. Шунингдек, соҳа лойиҳалари Саноатни ривожлантириш жамғармаси орқали имтиёзли молиялаштириш ва «Бизнеснинг йўл харитаси – 2025» дастурининг умумий воситаларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлди.

Умуман, сўнгги беш йил Қозоғистон чарм-поябзал саноати учун мураккаб кечди. Соҳанинг асосий таркибий муаммоси паст рақобатбардошлик бўлиб, бу савдо ва маҳаллий ишлаб чиқариш ҳажмлари ўртасидаги катта тафовутда намоён бўлди. 2025 йилда импорт ҳажми маҳаллий ишлаб чиқаришдан 13 баробардан зиёд юқори бўлган.

### Қирғизистонда

2021–2025 йилларда чарм-поябзал маҳсулотлари ишлаб чиқариш реал ҳисобда 2,2 баробар ўсиб, 7,3 млн долларга етди. Соҳанинг қайта ишлаш саноатидаги улуши кичиклигича қолиб, қарийб 0,1%ни ташкил этди.

Кўриб чиқилаётган даврнинг айрим йилларида экспорт ва импорт кўрсаткичлари ҳам кескин ўзгариб турди. Бу кўп жиҳатдан транзит ва реекспорт оқимлари билан боғлиқ бўлиши мумкин. Ички бозор асосан импорт ҳисобига таъминланиб, унинг ҳажми 2025 йилда 169 млн долларни ташкил этди.

Умуман, Қирғизистонда чарм-поябзал саноати саноат ва қайта ишлаш секторининг умумий ўсишига нисбатан юқорироқ суръатларда ривожланди.

### Тожикистонда

Тожикистонда чарм-поябзал саноати минтақа мамлакатлари орасида энг юқори ўсиш суръатини кўрсатди. 2021–2025 йилларда ишлаб чиқариш 2,3 баробар ошган бўлса-да, соҳа ҳажми ҳануз нисбатан кичик. 2025 йилда ишлаб чиқариш 16,4 млн долларга етди. Экспорт 2,9 млн доллардан 2,5 млн долларга камайди. Соҳанинг қайта ишлаш саноатидаги улуши 0,5%дан паст бўлиб қолди.

Тожикистон ички бозорининг 68%и импорт ҳисобига таъминланади. Беш йилда импорт 3 баробар ошиб, 30 млн долларга етди. Бозорнинг ҳисобланган сиғими 16 млн доллардан 44 млн долларгача кенгайди. Шу тариқа, Тожикистонда маҳаллий ишлаб чиқариш ўсиши хориждан маҳсулот етказиб беришнинг янада юқори суръатларда кўпайиши билан кечди.

2021–2025 йилларда Тожикистон ҳукумати ривожланиш дастурлари доирасида маҳаллий хомашёни қайта ишлаш, поябзал корхоналарини хомашё билан таъминлаш ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш бўйича вазифалар белгилади ва тегишли чораларни амалга оширди. Хусусан, 2030 йилгача Саноатни ривожлантириш стратегиясида тери хомашёсини қайта ишлаш ҳажмини 3,3 баробар, поябзал ишлаб чиқаришни 1,8 баробар ошириш назарда тутилган.

Туркманистон бўйича соҳанинг ривожланишини комплекс таққослаш учун етарли ва солиштирма статистик маълумотлар очиқ манбаларда мавжуд эмас. Шунга қарамай, расмий ОАВ маълумотларига кўра, 2025 йилда Тўқимачилик саноати вазирлиги корхоналарида чарм маҳсулотлари ишлаб чиқариш 2024 йилга нисбатан 11,4%га ошган. Очиқ маълумотлар кўриб чиқилаётган даврда соҳа маҳаллий чарм хомашёсини қайта ишлаш, поябзал ва чарм-галантерея маҳсулотлари турларини кенгайтириш ҳамда хусусий ишлаб чиқаришни ошириш ҳисобига ривожланганини кўрсатади. Давлат сиёсати импорт ўрнини босиш ва экспортни кўпайтиришга қаратилган.

### Минтақавий бозорнинг беш йиллик ривожланиш тенденсиялари

Сўнгги йилларда минтақа мамлакатларида чарм-поябзал саноатининг ривожланиши турлича кечди. 2021–2025 йилларда чарм-поябзал маҳсулотларининг жами ишлаб чиқариш ҳажми ўсди, шу билан бирга ишлаб чиқариш тобора Ўзбекистонда жамланиб борди. Тўрт мамлакатнинг жами ишлаб чиқаришида Ўзбекистон улуши 78%дан 85%га ошди. Импорт маҳсулотларининг энг йирик бозори эса Қозоғистон бўлиб қолди.

Барча мамлакатларда импортнинг ўсиш суръатлари ишлаб чиқариш динамикасидан юқори бўлди. Туркманистон бўйича «ойна» статистикаси ҳисобга олинганда, соҳа маҳсулотларининг жами импорти тахминан 525 млн доллардан 792 млн долларгача ёки 50%га ошди. Марказий Осиё бозорига импорт қилинаётган чарм-поябзал маҳсулотларининг асосий қисми Хитойдан етказиб берилди.

2025 йилда минтақа чарм-поябзал маҳсулотлари импортининг қарийб 63%и Қозоғистон, 21%и Қирғизистон, 9%и Ўзбекистон, 4%и Тожикистон ва 2%и Туркманистон ҳиссасига тўғри келди. Импортнинг катта қисмини поябзал ва поябзал қисмлари ташкил этди. Кўриб чиқилаётган даврда минтақага поябзал етказиб бериш ҳажми 2020 йилдаги 440 млн доллардан 2025 йилда 540 млн долларгача ошди.

Тўрт мамлакат ички бозорининг ҳисобланган сиғими 2020 йилдаги қарийб 630 млн доллардан 2025 йилда 1,1 млрд долларгача ошди. Бунда бозорнинг маълум қисми учинчи мамлакатларга реекспорт билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини ҳам ҳисобга олиш лозим.

Савдо ва ишлаб чиқариш кўрсаткичларини таққослаш мамлакатларнинг турлича ихтисослашганини кўрсатади. Ўзбекистонда 2025 йилда ишлаб чиқариш ҳажми импортдан беш баробардан зиёд юқори бўлган бўлса, Қозоғистон ва Қирғизистонда тескари нисбат кузатилди. Мамлакатлар бўйича экспорт динамикаси ҳам турлича бўлди. Шу сабабли савдо ва ишлаб чиқариш ҳажмларининг умумий ўсиши барча мамлакатларда ягона экспортга йўналтирилган модел шаклланганини англатмайди. Умуман, сўнгги беш йил Марказий Осиё чарм-поябзал саноати учун осон кечмади.

### Минтақада чарм-поябзал саноатини ривожлантириш истиқболлари

Шу билан бирга, беш йиллик динамика Марказий Осиё чарм-поябзал саноатида ўсиш имкониятлари мавжудлигини кўрсатади. Бундай имкониятлар, аввало, ҳозирда импорт ҳисобига қондирилаётган ички талаб билан боғлиқ.

Бозор ва чарм хомашёсининг мавжудлиги ўз-ўзидан маҳаллий ишлаб чиқаришнинг кенгайишини кафолатламайди. Соҳанинг кейинги ривожланиши корхоналарнинг хомашёни чуқур қайта ишлашни йўлга қўйиши, сифатли бутловчи қисмлар ва тайёр поябзал ишлаб чиқариши ҳамда минтақа мамлакатларидаги ишлаб чиқарувчилар билан сотув бозорлари ўртасида барқарор алоқаларни йўлга қўя олишига боғлиқ.

Терини йиғиш ва саралаш тизимини янада ривожлантириш, унга дастлабки ишлов бериш сифатини ошириш ва чарм корхоналарини модернизация қилиш ишлаб чиқариш учун яроқли материал ҳажмини кўпайтириш имконини беради. Ушбу занжирнинг барқарор ишлаши учун тозалаш иншоотлари, технологик стандартларга риоя қилиш ҳамда тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчилар талабларини чарм етказиб берувчилар билан мувофиқлаштириш ҳам зарур.

Фурнитура, поябзал деталлари ва бошқа бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришни ривожлантиришга ҳам эҳтиёж мавжуд. Уларнинг мавжудлиги маҳсулот таннархига, буюртмаларни бажариш муддатига ва моделлар қаторини мунтазам янгилаб бориш имкониятига таъсир қилади. Айрим миллий бозорлар ҳажмининг нисбатан кичиклигини ҳисобга олганда, ихтисослашган етказиб берувчилар учун бир вақтнинг ўзида минтақанинг бир нечта мамлакатидаги корхоналар билан ишлаш манфаатли бўлиши мумкин. Кичик корхоналар учун йирик буюртмаларни биргаликда бажариш имконияти ҳам муҳим.

Ишлаб чиқаришни кенгайтириш дизайнни ривожлантириш, технологлар ва ищи кадрларни тайёрлаш, маҳсулотларни синовдан ўтказиш ва сертификатлаш билан бирга олиб борилиши лозим. Бу сифатли ва замонавий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳамда бозорнинг юқори нарх сегментларига кириш имконини беради. Шу жиҳатдан ўқув майдончаларини ташкил этиш, ишлаб чиқарувчиларнинг ихтисослашган таълим муассасалари билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш ва синов лабораторияларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш мақсадга мувофиқ.

Минтақавий ишлаб чиқариш кооперацияси ҳам қўшимча имкониятлар беради. Турли мамлакатлардаги корхоналар хомашёни тайёрлаш ва чармга ишлов беришдан бошлаб, бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш, поябзал тикиш ва уни сотишгача бўлган ишлаб чиқариш босқичларида ўзаро ҳамкорлик қилиши мумкин.

### Хулоса

2021–2025 йилларда Марказий Осиё мамлакатларида чарм-поябзал саноати турли суръатларда ривожланди. Беш йиллик маълумотлар маҳаллий корхоналарни, аввало, ички бозор ҳисобига ривожлантириш имкониятлари мавжудлигини кўрсатади. Минтақада соҳани янада ривожлантириш учун хомашёни чуқур қайта ишлаш, ускуналарни янгилаш, мутахассислар тайёрлаш, бутловчи қисмларни барқарор етказиб бериш, сотув бозорларини кенгайтириш ҳамда маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш ва минтақавий бозордаги мавқени мустаҳкамлаш мақсадида мамлакатлар ўртасидаги кооперацияни ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.