2 500 сўмлик тариф: жамоат транспортидаги ўзгаришлар шаҳар иқтисодиёти ва йўловчи учун нимани англатади?

2 500 сўмлик тариф: жамоат транспортидаги янгиликлар шаҳар иқтисодиёти ва йўловчилар учун нимани англатади?
Амалдаги 1 700 сўмлик тариф 2023-йил ноябридан бери ўзгармаган эди. Аммо сўнгги йилларда шаҳар транспорт тизимининг сезиларли кенгайиши ва ресурслар нархининг ошиши янги иқтисодий ёндашувни зарур қилиб қўймоқда. Бугунги кунда пойтахтда автобуслар сони 1 900 тага яқинлашди, кунлик йўловчи оқими эса 2,5 миллион кишини ташкил этади.
Тизим кенгайгани сайин уни сақлаш харажатлари ҳам табиий равишда ошди: ёқилғи, эҳтиёт қисмлар, электр энергияси ва ходимлар маоши учун кетадиган маблағлар кўпайди. Хусусан, сўнгги даврда тизим истеъмол қиладиган электр энергияси нархи 900 сўмдан 1100 сўмга, яъни 22,2 фоизга, газ қуйиш шохобчаларида (АГТКШ) метан гази нархи эса 1800 сўмдан 2750 сўмга, яъни бирданига 52,7 фоизга қимматлашди. Шу шароитда амалдаги тариф харажатларнинг фақат бир қисмини қоплаяпти, холос. Ҳозир асосий молиявий юк буджет субсидиялари зиммасида қолмоқда.
Вазирлик муносабатида қайд этилганидек, тариф ислоҳоти фақат рақамларнинг ўзгариши эмас, балки ташувчилар олдига қатъий талаблар қўйиш механизмидир. Лойиҳада кўзда тутилган 2 500 сўмлик электрон тариф эвазига йўловчилар қатновларнинг аниқ вақтида келиши, салонлар тозалиги ва хизмат кўрсатиш маданияти яхшиланишини кутишга ҳақли.
Шу билан бирга, янги абонементлар ва транспорт турлари ўртасидаги алмашиш тарифлари доимий йўловчиларнинг харажатларини мувозанатлашга хизмат қилиши кутилмоқда.
Ҳужжат 19-сентабргача жамоатчилик муҳокамасида бўлади ва якуний қарор келиб тушган таклифлар асосида шакллантирилади.

