“16 ёшимда берилган машина бир оилани отасиз қолдирди”: маҳкум ҳикояси
Даволаниш учун Наманганга борган 28 ёшли навоийлик ЙПХ ходими фожиали тарзда вафот этади. Уни уриб кетган Оних ўсмир бошқарувида эди. Бу машина 16 ёшидаги туғилган кунига отасининг совғаси бўлган ва бола ҳеч қандай ҳужжациз 2 йил машина ҳайдаб юрган.

**"16 ёшимда берилган машина бир оилани отасиз қолдирди": Маҳкумнинг аччиқ ҳикояси**
Наманганда даволанаётган 28 ёшли навоийлик ЙПХ ходими фожиали тарзда ҳаётдан кўз юмди. Уни уриб юборган "Оних" автомобилини 16 ёшли ўсмир бошқарган. Бу машина унинг 16 ёшга тўлган кунига отасининг совғаси бўлиб, бола икки йил давомида ҳеч қандай ҳужжациз автомобил ҳайдаб юрган.
Kun.uz ва Жазони ижро этиш департаменти ҳамкорлигида тайёрланган навбатдаги кўрсатув сўнгги пайтларда кўпайган, вояга етмаганларнинг рулга ўтириши оқибатида юз бераётган фожиаларга бағишланди. Ҳозирда шу сабабдан жазо муддатини ўтаётган маҳкумнинг ҳикояси ҳам шулар жумласидан.
2025-йил 25-ноябр куни Наманган шаҳри Ислом Каримов кўчасида даҳшатли йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Даволаниш учун Наманганга келган Навоий вилояти ЙПХ ходими Дониёр Нуруллаев пиёдалар ўтиш йўлагидан ўтаётганида рақамсиз қора "Оних" уни уриб юборди.
**"16 ёшимда отам машина совға қилди"**
Автомобил ичида икки нафар вояга етмаган ўсмир бўлган. Улар Инстаграм орқали жонли эфир қилиб кетаётган эди. Рулда эса 16 ёшли Ҳасанбой Зиёвуддинов бўлган.
"2024-йилда, 16 ёшга тўлган куним отам автомашина совға қилганди. 16 ёшимда рулга ўтирганман. 2025-йил 25-ноябр куни шу ўзимга тегишли, қариндошимнинг номида бўлган машинада Наманган шаҳрида Афсона йўналишидан Дўстлик йўналишига қараб кетаётган эдик. Ёнимда дўстим Инстаграм'да тўғридан-тўғри эфир қилиб кетаётган эди. Ислом Каримов кўчасидаги госпитал ёнидан қайрилганимда шеригим бирданига "одам" деди. Тормозни босганимда одамни урдим. Тушсам, мендан 7 метр чамаси узоқда экан, борганимда кўзлари очиқ, нафас олаётган эди. 103 чақирдим, шифохонага олиб кетишди. Кейин ИИБ ходимлари келиб баённома расмийлаштираётганда у одамнинг жони узилганини эшитдим", дейди маҳкум.
Аммо бу "Оних" Ҳасанбой учун шунчаки туғилган кун совғаси эмас эди. Бу 16 ёшли ўсмирга берилган чексиз эркинлик эди. Тергов материалларига кўра, у ҳеч қандай ҳайдовчилик ҳуқуқисиз икки йил давомида автомобил бошқариб келган. Шу вақт ичида унинг автомобили тўрт марта жарима майдончасига олиб кетилган. Ҳар сафар жарима тўланиб, машина қайтариб олинган. Охирги марта автомобилни жарима майдончасидан чиқаришга ёрдам берган ИИБ ходими ҳам айни пайтда жазо ўтамоқда.
Ҳасанбой белгиланган жазо муддатини ўтаб, бир кун уйига қайтади. Аммо ҳалок бўлган Дониёр Нуруллаев ҳеч қачон қайтмайди. Унинг фарзандлари эса отасиз улғаяди. Бир отанинг ўғлига машина совға қилиши, бошқа бир отанинг фарзандидан жудо бўлишига сабаб бўлди.
**"Автомобил обрў рамзига айланганда..."**
Психотерапевт Гавҳар Тешабоевага кўра, жамиятда автомобилни обрў ва қудрат белгиси сифатида қабул қилиш хавфли психологик жараёнларни шакллантириши мумкин.
"Ҳозирги кунда инсонлар учун пул, мансаб, қанақадир статуслар қадриятга айланди. Яъни инсоннинг пули, обрўси бўлса, у қадрли. Афсуски, моддиятга, моддий етукликка интилишимиз ортида маънавий қолоқлик, нафс назоратининг бузилиши, бошқа инсонларнинг ҳаётини қадрсизлантириш юз берди. Моддият биринчи ўринга чиққан жойда маънавият, руҳият қадрсизланади. Масалан, пойгага интилиш бўлади: ақл бунинг хавфли эканини ҳис қилади, лекин нафс "бос, педални бос, сенда ҳеч қанақа ҳалокат бўлмайди. Бу пойгада ютасан", деган фикрни беради. Нафснинг айтгани бизга ёқади. Шундай тарзда нафснинг ортидан доимий қувиш натижасида инсон нафснинг қулига айланиб қолганини сезмай қолади. Инсон бир марта қоидани бузиб кўрса, бу хулқ унда яна қайта такрорланадиган бўлса, бу кўникмага айланади. Яъни хатти-ҳаракатига сингди, бу унинг тақдирига айланди. Бу кўча ҳаракати қоидаларини бузишдан бошланади ёки одамлар билан муносабатлар бузилади. Аста-секин бу бузилишлар юқорига қараб чиқиб бораверади. Жамиятнинг қоидаларини бузади. Кейинчалик жиноятга қўл уриши мумкин. Ҳеч қанақа чекловлари бўлмаган, либерал ўсган, нима истаса қилган, шундай тушунчада ўстирилган болаларда катта ёшга келганда нарсистик бузилишлар, шахс бузилишлари юзага чиқади. Баъзида кўрамиз, зиёли оила, лекин нимагадир фарзанди ноқобил. Чунки бу оила боласининг ҳамма моддий таъминотини қилиб берди, унинг маънавий-руҳий тарбияси билан шуғулланмади. Бола маълум ёшга етганда камчиликлари кўрина бошлайди – бу болага берилган чегарасиз имконлар натижаси".
**Муаммо фақат рулда эмас**
Айрим ота-оналар меҳрини қимматбаҳо совғалар билан ифода этади. Аммо ҳали қонун олдида автомобил бошқариш ҳуқуқига эга бўлмаган ўсмирга берилган калит баъзан хавф манбаига айланиши мумкин. Чунки муаммо фақат рулдаги одамда эмас. Муаммо машинани обрў, тез юришни жасорат, қоидани бузишни эса эпчиллик деб қабул қилаётган жамиятда.

