1-сентябрдан буджет ходимлари маоши ва талабалар стипендияси 7 фоизга ошади
Президентнинг 23-июндаги фармонига мувофиқ, 1-июлдан пенсиялар, нафақалар ва Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга бериладиган моддий ёрдамлар

1-сентябрдан буджет ходимлари маоши ва талабалар стипендияси 7 фоизга ошади
2026-йил 1-сентябрдан бошлаб Ўзбекистонда буджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ҳамда талабаларнинг стипендиялари 7 фоизга оширилади. Шу билан бирга, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ва базавий ҳисоблаш миқдорининг янги қийматлари жорий этилади.
Бу ҳақда Президентнинг 23-июндаги фармонида белгиланган.
Мазкур ошириш 2026-йилда ижтимоий тўловлар ва даромадларни индексация қилишнинг иккинчи босқичи ҳисобланади. Аввалроқ, 1-июлдан бошлаб пенсиялар, нафақалар ва Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга бериладиган моддий ёрдамлар ҳам 7 фоизга оширилган эди.
Июл ойидаги оширишдан сўнг, ёшга доир энг кам пенсия 983 минг сўмни, ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори эса 1 миллион 83 минг сўмни ташкил этган.
Шуни эслатиб ўтиш жоизки, базавий ҳисоблаш миқдорининг ошиши давлат божлари, йиғимлар, жарималар ва бошқа бир қатор тўловлар миқдорининг ҳам кўтарилишига сабаб бўлади.

