Иқтисодиёт

1-ноябрдан халқаро курерлик жўнатмалари учун божхона йиғими 20 фоизга камаяди

2026-йил 1-ноябрдан халқаро курерлик жўнатмаларини божхона расмийлаштирувидан ўтказганлик учун амалдаги йиғим ставкаси 20 фоизга пасайтирилади. Шунингдек, белгиланган талабларга жавоб берадиган транспорт-логистика марказлари 2040-йилгача ер ва мол-мулк солиғидан озод қилинади.

1-ноябрдан халқаро курерлик жўнатмалари учун божхона йиғими 20 фоизга пасайтирилади.

Бу чоралар президентнинг 2026-йил 12-октабрдаги «Транспорт-логистика тизимини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ–368-сон қарорида белгиланган.

Қарорга кўра, 2026–2030-йилларда транспорт-логистика марказларининг йиллик қувватини камида 40 миллион тоннага етказиш мақсад қилинган. Транспорт ва логистика хизматлари экспортини 3,5 миллиард долларга, Ўзбекистон ҳудуди орқали транзит юк ташиш ҳажмини эса 18,5 миллион тоннага етказиш режалаштирилган.

Барча талабларга жавоб берадиган халқаро қуруқлик портлари сони 24 тадан 30 тага оширилади. Давлат чегарасидан ўтказиш пунктларининг юк ташиш қобилияти ҳамда логистика марказларида контейнерларга ишлов бериш қуввати икки баробар кўпайтирилади.

Андижон вилоятининг Хонобод шаҳри, Бухоро вилоятининг Олот тумани, Сурхондарё вилоятининг Термиз тумани, Тошкент вилоятининг Янгийўл ва Оҳангарон туманлари транспорт-логистика соҳасига ихтисослаштирилади.

Марказларда терминалларни бошқариш — ТОС ва омборни бошқариш — ВМС тизимлари жорий этилади. Улар 2030-йил охиригача Транспорт вазирлигининг Э-логистика платформасига уланади.

2040-йилгача ер ва мол-мулк солиғидан тўлиқ озод бўлиш учун логистика маркази ЭСКАТОнинг қуруқлик портлари тўғрисидаги битимига киритилган, белгиланган бошқарув тизимларини жорий этган ҳамда Э-логистика платформасида ББ ёки ундан юқори рейтингга эга бўлиши шарт.

Транспорт-логистика марказлари реестрига киритилган марказлар учун республикада ишлаб чиқарилмайдиган омборхона ускуналари, юк ортиш-тушириш техникаси, агрегатлар ва эҳтиёт қисмлар 2029-йил 1-августгача божхона божи ҳамда мажбурий сертификатлашдан озод қилинади.

Бундан ташқари, М₂, М₃ ва Н тоифадаги транспорт воситаларини ишлаб чиқарувчи корхоналар 2027-йил 31-декабргача республикада ишлаб чиқарилмайдиган компонентларни божхона божи тўламасдан импорт қилиши мумкин бўлади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.