Дунё

1-ноябрдан Мисрга кириш ўзбекистонликлар учун қийинлашади

Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчихонаси дипломатик каналлар орқали олинган маълумотларга таяниб хабар берди

1-ноябрдан ўзбекистонликлар учун Мисрга кириш қийинлашади

2026-йил 1-ноябрдан бошлаб Ўзбекистон фуқароларининг Мисрга кириши учун янги тартиб амал қилади. Янги талаблар виза олиш, туристик сафарни ташкил этиш, сайёҳнинг ёши ҳамда молиявий таъминотига тегишли. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчихонаси дипломатик каналлар орқали олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар берди.

Янги тартибга мувофиқ, Ўзбекистон фуқаролари Мисрга жўнашдан олдин кириш визасини Мисрнинг дипломатик ваколатхоналари орқали олдиндан расмийлаштириши керак бўлади. Туристик сафарлар эса ваколатли туроператорлар орқали ташкил этилиши шарт.

Энг муҳим ўзгаришлардан бири ёш билан боғлиқ. 40 ёшгача бўлган сайёҳлар Мисрга фақат яқин оила аъзолари — ота-онаси, турмуш ўртоғи ёки фарзандлари билан бирга бориши мумкин. Бунда оила сафар давомида камида 5 минг АҚШ доллари миқдорида нақд пулга эга бўлиши талаб этилади.

40 ёшдан юқори бўлган ва мустақил сафар қилаётган фуқаролар эса камида 3 минг доллар нақд маблағ билан кириши лозим.

Миср чегарасидан ўтиш чоғида сайёҳлардан меҳмонхона брон қилинганини тасдиқловчи ҳужжат, мобил алоқа маълумотлари ва етарли молиявий маблағ мавжудлигини тасдиқловчи маълумотларни ҳам тақдим этиш талаб қилинади.

Яна бир ўзгариш шуки, Миср ҳудудида бўлган пайтда туристик визани бошқа турдаги визага ўзгартириш бўйича аризалар қабул қилинмайди.

Талаб этиладиган ҳужжатлар ва маълумотларни тўлиқ тақдим эта олмаган фуқаронинг Мисрга кириши рад этилиши мумкин. Бундай ҳолатда сайёҳ уни мамлакатга олиб келган авиакомпания орқали ортга қайтарилади.

Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчихонаси Мисрга сафар қилишни режалаштираётган фуқароларни 1 ноябрдан кучга кирадиган янги талабларни олдиндан инобатга олишга чақирди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.