“Золотая Корона” орқали мигрантлар юборган пуллар фуқароларга одатдаги тартибда берилмоқда — Марказий банк

**Марказий банк: "Золотая Корона" орқали юборилган пуллар фуқароларга одатдагидек берилмоқда**
Марказий банк департаменти раҳбари Отабек Тожиддиновнинг 29-июл куни Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилишича, Европа Иттифоқи санксияларига қарамай, "Золотая Корона" халқаро пул ўтказмалари тизими орқали Ўзбекистонга маблағ юборишда ҳеч қандай муаммо кузатилмаяпти.
2026-йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонга халқаро пул ўтказмалари ҳажми 9,3 миллиард долларни ташкил этган бўлиб, бу 2025-йилнинг шу даврига нисбатан 13 фоизга кўпдир. Ушбу маблағларнинг қарийб 2,4 миллиард доллари "Золотая Корона" тўлов тизими орқали келиб тушган.
Отабек Тожиддиновнинг таъкидлашича, "Золотая Корона" тизимидан нафақат Россияда, балки Жанубий Корея, Туркия, Қозоғистон ва Европа Иттифоқи давлатларида ҳам фаол фойдаланилади.
"Фуқароларимиз Ўзбекистондаги банклар рекламаси ёки аксияларида 'Золотая Корона' номини кўриши табиий. Чунки ушбу тизимнинг ўзи халқаро пул ўтказмалари оператори сифатида санксиялар остига тушмаган. Санксиялар унинг техник хизмат кўрсатувчи, яъни корреспондент банкига нисбатан қўлланган", — деди мутахассис.
Марказий банк вакилининг сўзларига кўра, вазият доимий назоратда. Ўзбекистон банклари "Золотая Корона"нинг гаров депозитлари ҳисобидан фуқароларга пул маблағларини одатдаги тартибда беришда давом этмоқда. Мижозлар пулни исталган валютада олишлари мумкин.
Отабек Тожиддинов Ўзбекистон иккиламчи санксиялар хавфига дуч келиш нияти йўқлигини билдирди. Бунинг учун "Золотая Корона" раҳбарияти билан техник операторни санксиялар остида бўлмаган бошқа банкка ўтказиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
"Келгуси ҳафтадан янги операторга ўтиш ва тизим фаолиятини одатдаги режимда давом эттириш режалаштирилган. Вазиятнинг Ўзбекистонга таъсири сезиларли бўлиши мумкин. Бироқ уни тезкор бартараф этиш бўйича Марказий банк ва тижорат банклари томонидан зарур чоралар кўрилмоқда", — деди Отабек Тожиддинов.
Маълумот учун, 2026-йил 23-июл куни Европа Иттифоқи Россияга қарши энергетика, молия ва криптовалюта соҳаларини қамраб олган 21-пакет санксияларини тасдиқлади. Янги чекловлар 94 та Россия банки ва молиявий ташкилотининг активларини музлатиш ҳамда улар билан молиявий операцияларни тақиқлашни назарда тутади.
Санксиялар рўйхатига "Золотая Корона" тўлов тизими оператори ва ҳисоб-китоб маркази ҳисобланган РНКО "Платежний Сентр" (ООО) ҳамда халқаро пул ўтказмаларининг бир қисми амалга оширилган "Сифра Банк" ҳам киритилганди. Чекловлар жорий этилгач, "Золотая Корона" Россиядан Грузия, Арманистон ва яна бир қатор давлатларга пул ўтказмаларини тўхтатди. Тизимнинг қўллаб-қувватлаш хизмати айрим йўналишлар энди мавжуд эмаслигини тасдиқлаган.

