Япониядан визаси муддати ўтган икки нафар ўзбекистонлик депортация қилинди

Япониядан визаси муддати ўтган икки нафар ўзбекистонлик депортация қилинди.
Япония Иммиграция хизматлари агентлиги визаси муддати тугаганидан сўнг мамлакатда ноқонуний равишда қолган икки нафар Ўзбекистон фуқаросини депортация қилди.
Маълумотларга кўра, ҳар икки фуқаро Японияга қисқа муддатли виза билан кирган, бироқ виза муддати тугаганидан кейин ҳам мамлакатни тарк этмаган. Кейинчалик улар Япония ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан қўлга олинган ва Ўзбекистонга депортация қилинган.
Япония томони ноқонуний яшаш ёки ноқонуний меҳнат фаолияти аниқланса, бундай шахсларга нисбатан қатъий чоралар қўлланилишини эслатди. Жумладан, улар полиция томонидан ҳибсга олиниши, иммиграция марказига жойлаштирилиши ва депортация қилиниши мумкин.
Шунингдек, Япония ҳукумати қонунбузарларга оид маълумотларни Ўзбекистон ҳукуматига ҳам тақдим этишини, шу сабабли фуқаро ватанга қайтгач ҳам тегишли чоралар кўрилиши мумкинлигини билдирди. Шу муносабат билан фуқаролар “Японияда бемалол ишлаш мумкин” каби асоссиз ваъда берувчи таклифларга ишонмасликка чақирилди.
Бундан ташқари, Япония ҳукумати қочқин мақомини олиш учун ариза топшириш мамлакатда узоқ муддат қолиш ёки ишлаш имконини беради, деган қараш нотўғри эканини таъкидлади. Бундай мақсадда ариза бериш қабул қилинмайди.
Агар қочқин мақоми бериш рад этилса, шахс иммиграция марказига жойлаштирилиши ёки депортация қилиниши мумкин. Сохта маълумот тақдим этиш ёки фирибгарлик йўли билан қочқин мақомини олишга уриниш эса жиддий ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши қайд этилди.
2026-йил май ойи ўрталарида Япония Иммиграция хизматлари агентлиги Японияда ноқонуний равишда яшаб турган 2 нафар Ўзбекистон фуқаросини мамлакатдан чиқариб юборганди.
Ҳар икки шахс ҳам “талаба” визаси билан Японияга бориб, виза муддати тугаганидан кейин ҳам мамлакатда ноқонуний равишда қолган ва расмийлар томонидан ҳибсга олинган.
Шунингдек, июн ойи охирида ҳам Япониянинг Иммиграция хизматлари агентлиги мамлакатда ноқонуний бўлиб турган Ўзбекистон фуқаросини депортация қилган.

