Технология

Хитой олимлари астероид ичига ядровий бомба жойлаштиришни таклиф қилди

Хитойлик олимлар Ерга яқинлашаётган йирик астероидни йўқ қилиш ёки унинг траекториясини ўзгартириш учун ядровий қурилмани унинг ичига жойлаштириб портлатиш усулини таклиф қилди. Бу ҳақда Тҳе Индепендент нашри хабар берди.

Сўнгги йилларда Ерга яқин учиб ўтувчи астероидлар мунтазам равишда аниқланмоқда, аммо ҳали кашф этилмаган йирик космик жисмлар ҳам мавжуд. Хитойнинг Учириш аппаратлари технологиялари академияси олимларининг фикрича, бундай астероидларни йўқ қилиш ёки уларни узоқлаштиришнинг энг самарали усули ядровий портлатишдир.

Агар Ер билан тўқнашув хавфи ҳақида кеч хабар топилса, бу ягона самарали ечим бўлиши мумкин. Янги тадқиқотда олимлар Ерга яқин йирик астероидни портлатишнинг янги ёндашувини таклиф этди: космик кема аввал астероид юзасида чуқур кратер ҳосил қилади, сўнгра ядровий заряд айнан шу кратер ичига жойлаштирилиб портлатилади.

Тадқиқотчилар турли қувват ва чуқурликдаги ядровий портлашларнинг астероидларга таъсирини баҳолади. Ҳисоб-китобларга кўра, 200 та Хиросима бомбасининг қувватига тенг портлаш диаметри тахминан 100 метр бўлган астероидни бутунлай парчалаб ташлаши мумкин.

Шунингдек, бомбани астероид ичига тахминан 30 метр чуқурликка жойлаштириш уни сиртида портлатишга қараганда анча самаралироқ экани аниқланган. Диаметри бир километр бўлган астероид ичида 20 метр чуқурликда амалга оширилган портлаш унинг Ердан узоқлашишига ёрдам бериб, тезлигини секундига 30 сантиметрдан ортиққа ошириши мумкин.

Олимларнинг хулосасига кўра, бу кашфиёт Ерга таҳдид солаётган йирик астероидлардан ҳимояланишда ёрдам беради. Аввалроқ Хитойга Конго ДРдан 1 500 тагача ядровий жанговар каллак ишлаб чиқариш имконини берувчи минглаб тонна уран етказиб берилгани маълум қилинганди.

tadqiqotportlatishasteroidlaryadroviy bombaxitoy olimlariyerga tahdidkosmik xavfsizlikasteroidni yo'q qilish