Хитой компанияси трансформатор ишлаб чиқариш лойиҳасини ишга туширади
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Хитойнинг "Қингдао Жунлинг Трансформерс" компанияси таъсисчиси Сзи Чжаошан бощилигидаги тадбиркорлар делегациясини қабул қилди.

Хитойнинг "Қингдао Жунлинг Трансформерс" компанияси Фарғона вилоятида трансформатор ишлаб чиқариш лойиҳасини бошлашга тайёрланмоқда. Бу ҳақда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров компания таъсисчиси Сзи Чжаошан бощилигидаги тадбиркорлар делегациясини қабул қилган учрашувда маълум бўлди.
Тошкентда (UzDaily.uz) хабар берилишича, учрашувда Фарғона вилоятида, хусусан, Бағдод туманида амалга оширилиши режалаштирилган инвестиция лойиҳалари атрофлича муҳокама қилинди.
Сзи Чжаошан ўз компаниясининг трансформатор ишлаб чиқаришдаги тажрибаси ва Фарғона вилоятида амалга оширилиши кўзда тутилган лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот берди. Лойиҳанинг дастлабки босқичида трансформаторлар учун зарур хомашё ва бутловчи қисмлар олиб келиниб, уларни йиғиш ишлари йўлга қўйилади. Кейинги босқичда эса тўлиқ маҳаллий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров хорижий инвесторларнинг лойиҳаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида махсус марказ ташкил этилганини таъкидлади. У ҳар бир инвестиция лойиҳасига зарур амалий ёрдам кўрсатилиши ва уларнинг муваффақиятли амалга оширилиши учун барча шарт-шароитлар яратилишини қайд этди.
Учрашув якунида ҳамкорликни жадаллаштириш ва лойиҳаларни амалий босқичга олиб чиқиш бўйича келишувга эришилди ҳамда ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

