Учта компания дорилар нархларини асоссиз ошириб, 100 млн сўмга яқин даромад олди

Учта компания дорилар нархларини асоссиз ошириб, қарийб 100 миллион сўм даромад олди.
Рақобат қўмитаси маълумотларига кўра, учта фармацевтика компанияси дори воситалари нархларини асоссиз ошириш орқали жами 100 миллион сўмга яқин ноқонуний даромад олган.
Аниқланишича, "Ника Пҳарм" МЧЖ, "Астор Аллиансе" МЧЖ ва "Евро Фарм Бизнес" МЧЖ томонидан қуйидаги дори воситаларини сотишда нархларнинг асоссиз оширилиши қўмитанинг "Фаир теч" ягона ахборот тизими орқали келиб тушган маълумотлар таҳлили натижасида аниқланган:
* "Ника Пҳарм" томонидан — "Гастромег Эзо" капсулалари;
* "Астор Аллиансе" томонидан — "Долгит" креми ва "Мезим" таблеткалари;
* "Евро Фарм Бизнес" томонидан — "Бровенсин" сиропи.
Ушбу дори воситаларини сотишда белгиланган нархларга риоя этилмагани сабабли жами 100 миллион сўмга яқин асоссиз даромад олинган.
Учала фармацевтика компанияси томонидан ортиқча олинган маблағлар қайтарилган. Корхоналар ушбу ҳолатни ихтиёрий равишда бартараф этиб, Солиқ қўмитасидан келиб тушган маълумотлар асосида ўрганиш ўтказган ва асоссиз олинган даромадни қоплаш чораларини кўрган.
Эслатиб ўтамиз, дорихоналарда сотилган дори воситалари ва тиббий буюмлар учун белгиланган устамалардан юқори маблағ олингани аниқланса, ортиқча пулни истеъмолчига қайтариш тизими 2023-йил 1-майдан ишга туширилган эди. Ушбу тартибга кўра, истеъмолчилар томонидан дорихоналарда харид қилинган дори воситалари ва тиббий буюмлар учун берилган чекларнинг ҚР коди "Солиқ" мобил иловасида рўйхатдан ўтказилганда, белгиланган устамалардан юқори маблағ олингани аниқланса, автоматик равишда Рақобат қўмитасига хабар юборилади ва ортиқча олинган маблағ истеъмолчига қайтарилади.

