Маҳаллий

Тустовуқ сабаб дронлар ҳужумига учраган, Украинадаги урушдан қочиб, Ўзбекистонга ноқонуний ўтган шахсга суд ҳукми ўқилди

Украинадаги урушдан қочиб, Ўзбекистонга ноқонуний йўллар билан ўтган, Россияда гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятда айбланиб, фронтга юборилган ва у ерда оғир яраланган 25 ёшли шахсга суд ҳукми ўқилди. Бу шахснинг тақдири "Дарё" нашри томонидан ўрганилган суд ҳужжатларида батафсил баён этилган.

Ҳужжатларга кўра, 2001-йилда Шаҳрисабз туманида туғилган М.А. 2024-йил август ойида отаси билан Россиянинг Иваново вилоятига ишлаш учун борган. Меҳнат патентини расмийлаштирмагани сабабли доимий иш топа олмаган ва мавсумий, кунлик ишларда ишлаб юрган.

2025-йил март ойида Телеграм орқали Ёқутистонда курьерлик иши таклиф қилинган. Кунига 20 минг рубл ваъда қилингач, М.А. бунга рози бўлган. У иш берувчи юборган координаталар бўйича қутиларни бир манзилдан иккинчи манзилга етказиб турган. Иш берувчи қутиларда қимматбаҳо буюмлар борлигини ва уларни очса, зарарни ўзи қоплаши кераклигини айтган. Бир ойга яқин ишлагач, навбатдаги топшириқни бажариб, қутини дўкон ёнида қолдириб кетаётганида полиция ходими уни тўхтатган ва қутини очишни талаб қилган.

Суддаги кўрсатмасига кўра, М.А. қутини очмасликка уринган, бироқ рус тилини яхши билмагани учун вазиятни тушунтира олмаган. Қути очилгач, ичидан уч дона кўк рангли кукунсимон модда чиққан. М.А. аввал бундай моддани кўрмаганини ва уни кир ювиш кукуни деб ўйлаганини айтган. Кейинчалик унга бу "Сол" номли синтетик гиёҳванд модда экани маълум қилинган.

Шундан сўнг у қўлга олиниб, терговга жалб этилган. М.A.ning айтишича, тергов давомида у электрошокер билан қийноққа солинган, калтакланган ва бир неча кун ҳибсхонада ушлаб турилган.

Дастлаб М.A.ga нисбатан Россияда гиёҳванд моддалар билан боғлиқ иш юзасидан суд жараёни бошланган. Адвокати унинг айбига иқрор бўлгани ва тергов билан ҳамкорлик қилгани сабабли енгиллик бўлишини айтган. Орадан кўп ўтмай, унга яна бир неча ҳужжатларга имзо қўйдиришган. М.A.ning кўрсатишича, кейинроқ бу ҳужжатлар Россия Мудофаа вазирлиги билан бир йиллик ҳарбий хизмат шартномаси эканини билган.

15-июл куни навбатдаги суд мажлиси вақтида икки нафар ҳарбий суд залига кириб, М.А. Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаганини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этган. Суд эртаси куни яна давом этиши айтилган. Аммо ўша куни тунги соат икки атрофида ҳарбийлар М.A.ni вақтинча сақлаш ҳибсхонасидан олиб чиқиб кетган. У яна бир неча маҳкум билан бирга аеропортга олиб борилиб, ҳарбий самолётда Хабаровскка жўнатилган. У ерда юзлаб одамлар билан бирга ҳарбий лагерга жойлаштирилган.

**"Тустовуқ сабаб сезиб қолишди"**

М.А. дастлаб қурол олиш ва ҳарбий хизматни ўташдан бош тортган. Шундан сўнг у уч кун давомида алоҳида жойда сақланиб, Россия армияси сафида хизмат қилишга мажбурлашган. Кейинчалик унга ҳарбий кийим ва қурол берилиб, тайёргарлик машғулотларига жалб қилинган.

Ҳарбий тайёргарликдан сўнг М.А. 2025-йил 8-сентябр куни Запорожье йўналишидаги жанговар ҳудудга юборилган. Уларнинг автомашинаси фронт чизиғига яқинлашганда Украина ҳарбий дрони ташлаган снаряд портлаб, техника ишдан чиққан. Шундан сўнг ҳарбийлар окопларга жойлашган.

М.А. сафдошлари билан бир ҳафта давомида окопларда яшаган. Улар аввалроқ жанг қилган ҳарбийлардан қолган озиқ-овқатларни йиғиб истеъмол қилган. 16-сентябр куни оч қолгани сабабли атрофда юрган тустовуққа ўқ узган.

"Бир ҳафтадан буён окопда яшаётгандик. Олдинги аскарлардан қолган озиқ-овқатларни топиб кун кўрардик. Ўша куни қорним жуда оч эди. Атрофда юрган тустовуқни кўриб, унга қарата ўқ уздим. Орадан икки-уч дақиқа ўтгач, Украина ҳарбийлари жойлашувимизни билиб қолди ва биз томонга "Бабаяга" дронлари учиб келди. Кетма-кет ёндирувчи ўқлар ёғилди, атроф тутун ва порох ҳидига тўлиб кетди. Дарахтлар орасига яширинишга уринганимда ёнимда снаряд портлади. Қорин, ўнг оёғим, чап елкам ва бошимдан оғир яраланиб, тўрт-беш соат ҳушсиз ётдим", дейди М.А. суддаги кўрсатмасида.

Жароҳатланган М.А. аввал дала госпиталига, кейинчалик Самара ва Ростовдаги ҳарбий госпиталларга олиб борилган. Тиббий текширувда унинг чап қулоғи эшитмай қолгани аниқланган.

**Қочиш режаси**

Иш ҳужжатларида қайд этилишича, М.А. яна фронтга юборилишини билгач, 2025-йил 11-октябр куни Самарадаги ҳарбий госпиталдан қочган. У таксичилар ва маҳаллий аҳоли ёрдамида Россия—Қозоғистон чегарасига етиб борган.

Чегарада икки ўғли урушда ҳалок бўлган қария уни мотосиклда айланма йўллар орқали Қозоғистон ҳудудига олиб ўтган. Паспорти бўлмагани сабабли М.А. Ўзбекистонга расмий чегара пости орқали кира олмаган. Шундан сўнг у аввал қочишига ёрдам берган таксичи билан яна боғланган. Таксичи уни чегара яқинидаги чойхонага олиб бориб, таниши билан учраштирган. Улар М.A.ga Тошкент тумани Келес ҳудудидаги канал орқали Ўзбекистонга ўтиш ёки сохта паспорт тайёрлатиш мумкинлигини айтган. Бироқ сохта паспорт билан қўлга тушса, Россияга қайтариб юборилиши мумкинлигини билдирган.

Шундан сўнг М.А. канал орқали ўтишга қарор қилган. 2025-йил 2-ноябр куни тунги соат 02:40 атрофида кийимларини салафан пакетга солиб, совуқ сувга тушган. У оқимга қарши сузиб, кўприк ва симтўсиқлар остидан шўнғиб ўтган. Тахминан ярим соат сув ичида ҳаракатланиб, Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний кирган.

Отаси билан телефон орқали мунтазам алоқада бўлиб турган М.А. Ўзбекистонга кирганидан сўнг уйига етиб боришини айтган. Бироқ Шаҳрисабздаги уйига қайтганидан кўп ўтмай ДХХ ва ИИБ ходимлари томонидан ушланган.

Суд М.A.ni Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисмида (ёлланиш) назарда тутилган чет давлат қуролли тузилмаси сафида хизмат қилганликда айбдор деб топди. Урушда оғир тан жароҳати олганини инобатга олиб, ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, унга 4 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлади.

sud hukmiharbiy xizmatrossiya-ukraina urushiyollanishgiyohvand moddalarnoqonuniy chegara o'tishqiynoqlaro'zbekiston fuqarosi