Туркия Қора денгизда кемалар ҳаракатини чеклади

Туркия Қора денгизда кемалар ҳаракатини чеклади. Бу чеклов минтақада Россия ва Украина томонидан кемаларга қилинган ҳужумлар сони ортгани билан боғлиқ, деб хабар берди Блоомберг вазиятдан хабардор манбаларга таяниб.
Соҳил хавфсизлиги бош бошқармаси Россиянинг Новороссийск портига йўл олган бир нечта кемага транзит рухсатномаси берилмаётганини маълум қилди. Бошқа ҳолатларда эса Дарданелл бўғози орқали ўтиш учун аризаларни кўриб чиқиш муддати узайтирилмоқда. Новороссийск нефт ва ғалла экспорти учун муҳим марказ ҳисобланади.
Манбаларнинг таъкидлашича, расмийлар ушбу қарор юзасидан расмий изоҳ бермаган. Ушбу чеклов Қора денгизга кемалар оқимини амалда камайтиради. Сўнгги пайтларда минтақада тижорат кемаларига, жумладан, Туркия кемаларига ҳужумлар кўпайганлиги сабабли Анқара хавфсизликни кучайтиришга чақирмоқда.
Соҳил хавфсизлиги бош бошқармаси саволларни Анқарадаги Транспорт ва инфратузилма вазирлигига йўналтирди, бироқ вазирлик иш вақтидан ташқари юборилган сўровларга жавоб бермади. Ҳафта бошида Туркия Ташқи ишлар вазирлиги икки турк кемасига дронлар ҳужум қилгани ҳақида хабар берган эди. Ҳужум натижасида экипаж аъзолари, жумладан, Туркия фуқаролари жароҳатланган.
Вазирлик баёнотида шундай дейилади: “Биз барча тегишли томонларни, айниқса, урушаётган томонларни Қора денгизда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш бўйича тезкор чоралар кўришга яна бир бор чақирамиз”.
Шунингдек, вазиятнинг кескинлашуви озиқ-овқат хавфсизлигига ва бошқа соҳаларга салбий таъсир кўрсатиши таъкидланди. Манбаларнинг айтишича, бу чекловлар Украинага кетаётган кемаларга ҳам тааллуқли экани ҳақида огоҳлантиришлар берилган.
Бу қарор жаҳон савдосида янги муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Ҳозирда Эрондаги уруш ва Ҳормуз бўғози орқали ташувлар камайгани сабабли нефт етказиб беришда узилишлар кузатилмоқда. Қолаверса, Қора денгиз ҳудудидан ғалла етказиб бериш бўйича хавотирлар ортган. Бу ҳолат июл ойида буғдой нархининг сўнгги икки йилдаги энг юқори даражага кўтарилишига олиб келди.
Блоомберг агентлиги тўплаган маълумотларга кўра, Болгария ёки Туркия портларига кетаётган кемалар Дарданелл бўғози орқали шимолга ҳаракатланишда давом этмоқда.

