Иқтисодиёт

Тошкентда квартиралар қимматлашиб, ҳовлилар нархи тушди

Тошкентда квартиралар нархи кўтарилиб, ҳовлилар арзонлашди.

Ўзбекистонда 2026-йилнинг иккинчи чорагидан бошлаб уй-жой нархлари индексини ҳисоблашнинг янги усули жорий этилди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, янги методология Халқаро валюта жамғармаси экспертлари кўмагида халқаро статистик стандартларга мувофиқ ишлаб чиқилган. Асосий ўзгариш гедоник регрессиянинг қўлланилиши бўлиб, бу усул уй-жойнинг майдони, жойлашуви, қавати, хоналар сони ва бошқа хусусиятларини ҳисобга олади. Шунингдек, ҳисоб-китобларга илк бор якка тартибдаги уй-жойлар ҳам киритилган.

Статистик маълумотларга кўра, 2026-йилнинг иккинчи чорагида Тошкент шаҳрида квартиралар нархи ўтган чоракка нисбатан 1,3 фоизга, йиллик ҳисобда эса 3,9 фоизга ошган. Тошкентдаги янги қурилган уйлардаги квартиралар нархи бир йил ичида 5 фоизга кўтарилган.

Пойтахтда якка тартибдаги уйлар нархи биринчи чоракка нисбатан 0,7 фоизга пасайган бўлса-да, ўтган йилги даражадан 1,2 фоизга юқорилигича қолди. Қолган ҳудудларда уйлар чорак давомида 2,8 фоизга қимматлашди, бироқ йиллик ҳисобда нархлар 2,7 фоизга тушди.

Бирламчи бозорда чораклик ўсиш 0,7 фоизни, йиллик ўсиш 7,1 фоизни ташкил этган бўлса, иккиламчи бозорда нархлар мос равишда 1,6 ва 4,2 фоизга ошган.

Индекс эълонларда кўрсатилган нархлар асосида ҳисобланади ва амалда тузилган битимлар қийматини акс эттирмайди. Тошкент бўйича база тўлиқ OLX.uz маълумотлари асосида шакллантирилади. Ҳудудларда маълумотларнинг 48 фоизи ушбу манбадан, қолган 52 фоизи бошқа очиқ каналлардан олинади. 2026-йилнинг биринчи ярмида республика бўйича ҳар чоракда 150 мингга яқин эълон қайд этилган.

Қўмита ҳозирча бирламчи ва иккиламчи бозорлар, шунингдек, Тошкент шаҳри ва ҳудудлар кесимида квадрат метрнинг ўртача нархини эълон қилишни режалаштирмаётганини маълум қилди.

Аввалроқ 2026-йил июл ойида Ўзбекистонда кўчмас мулк ҳамда транспорт воситаларини эскроу ҳисобварақлари орқали олди-сотди қилиш бўйича 34 мингдан ортиқ битим расмийлаштирилгани хабар қилинганди. Шундан 18 минг 306 таси транспорт воситалари, 16 минг 35 таси эса кўчмас мулк олди-сотдисига тўғри келган.

o‘zbekistontoshkentuy-joy narxlarikvartiralarko'chmas mulk bozoristatistik metodologiyahovlilarnarx indekslari