Маҳаллий

Тошкент яқинида самолёт қулаши бўйича симуляцион машғулотлар ўтказилди

Машғулот режасига кўра, Истанбулдан келаётган самолёт Тошкентга қўнишга яқин қолганда диспетчерлар билан алоқани йўқотади – ҳаво кемаси авиафалокатга учрайди. Самолётни қидириб топиш ва қутқарув ишларини олиб боришга қаратилган кенг кўламли симуляцион машғулотда олтита тузилманинг 250 га яқин ходими иштирок этди.

Тошкент яқинида самолёт қулаши бўйича симуляцион машғулотлар ўтказилди.

7-август куни Тошкент халқаро аеропорти ташаббуси билан Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида парвозларнинг қидирув-қутқарув фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган идоралараро кенг кўламли ўқув машғулоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда аеропорт матбуот хизмати маълум қилди.

Машғулот ссенарийсига кўра, Истанбул–Тошкент йўналишида учаётган йўловчи самолёти қўнишга яқинлашганда ҳаво диспетчери ва экипаж ўртасидаги алоқа узилиб қолади. Натижада ҳаво кемаси Тошкент шаҳрига етмасдан авиаҳалокатга учрайди.

Ушбу самолётни топиш ва қутқарув ишларини бошлаш мақсадида, диспетчерлар фавқулодда вазият ҳақидаги маълумотларни зудлик билан аеропортнинг ердаги қидирув-қутқарув гуруҳига етказади ва бошқа ҳамкор хизматларга хабар беради. Шундан сўнг қидирув-қутқарув ишлари бошланади.

Симуляцион фавқулодда ҳолат оқибатларини бартараф этиш учун 250 га яқин мутахассис ва идоралараро тузилмаларнинг 25 та махсус техникаси жалб этилди. Фавқулодда вазиятлар, Мудофаа, Соғлиқни сақлаш, Ички ишлар вазирликлари, Миллий гвардия ҳамда Тошкент халқаро аеропорти билан ҳамкорликда ташкил этилган машғулотлар доирасида қутқарувчилар ўз гуруҳларининг тайёргарлигини, ёнғинни ўчириш жараёнида мувофиқлаштиришни, одамларни эвакуация қилишни, жабрланганларни жароҳатининг оғир-енгиллигига қараб тақсимлашни, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш ва жароҳатланганларни тиббиёт муассасаларига етказишни, шунингдек, самолёт бортидаги хавфли юкни эвакуация қилиш бўйича ишларни амалга оширди.

Қайд этилишича, “Тошкент халқаро аеропорти” МЧЖ аеропорт ҳудудидаги машғулотлардан ташқари, йилига бир неча бор аеропортлар ташқарисида ҳам бундай комплекс ўқув тадбирларини ўтказади.

Бундан кўзланган асосий мақсад – авиаҳалокат содир бўлган тақдирда қатор вазирлик ва идоралар, Тошкент аеропортининг бўлинмалари ўртасида ўзаро ҳамкорликда ҳаракатланишни таъминлаш, авиаҳалокат оқибатларини бартараф этиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўриш ҳамда ходимларнинг фавқулодда вазиятларга тайёргарлигини оширишдан иборат.

Ўтказилган ўқув машғулоти бўйича бўлим ва идоралар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди. Тошкент аеропорти ҳамда тегишли идораларнинг куч ва воситалари тайёргарлиги юқори баҳоланиб, фавқулодда ҳолат содир бўлган тақдирда тезкор чоралар кўришга тўлиқ тайёр экани эътироф этилди.

disaster responseemergency preparednesssearch and rescuesimulation exerciseinteragency cooperationaircraft crash drilltashkent airportaviation safety