Технология

Тошкент метрополитени делегацияси Хитойдаги НАРИНСО заводига ташриф буюрди

Хитой Халқ Республикасидаги хизмат сафари доирасида “Тошкент метрополитени” ДУК бош муҳандиси ҳамда делегациянинг навбатдаги манзили Ички Мўғулистон автоном раёнининг Баотоу шаҳрида жойлашган НАРИНСО темирни қайта ишлаш заводи бўлди.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) – “Тошкент метрополитени” ДУК бош муҳандиси бощилигидаги делегация Хитой Халқ Республикасига хизмат сафари доирасида Ички Мўғулистон автоном раёнининг Баотоу шаҳрида жойлашган НАРИНСО темирни қайта ишлаш заводига ташриф буюрди.

НАРИНСО корхонаси темир ва пўлат маҳсулотлари, темирйўл релслари, стрелкали ўтказгичлар, йирик металл конструксиялар ва саноат эҳтиёжлари учун турли металл буюмлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган замонавий саноат мажмуасидир.

Ташриф давомида делегация корхонанинг ишлаб чиқариш қувватлари, темирни қайта ишлаш технологиялари ва маҳсулот ишлаб чиқаришнинг тўлиқ технологик жараёнлари билан яқиндан танишди. Хусусан, темирйўл релслари, стрелкали ўтказгичлар (релсли ўтказгичлар), пўлат қувурлар ва бошқа металл маҳсулотларини ишлаб чиқариш босқичлари кўздан кечирилди.

Шунингдек, корхонада ишлаб чиқариш жараёнларини бошқариш тизими, замонавий автоматлаштирилган технологиялар ва марказий бошқарув маркази фаолияти билан танишилди. Делегацияга корхонадаги барча ишлаб чиқариш жараёнларини ягона марказдан реал вақт режимида кузатиш ва бошқариш имконини берувчи илғор бошқарув панели намойиш этилди.

Ушбу бошқарув маркази сунъий интеллект элементлари, рақамли мониторинг ва автоматлаштирилган назорат тизимлари асосида фаолият юритиб, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, маҳсулот сифатини таъминлаш ва саноат хавфсизлигини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади.

Корхона мутахассислари томонидан ушбу бошқарув маркази дунёдаги энг замонавий ва юқори технологик бошқарув тизимларидан бири экани, ишлаб чиқаришнинг барча босқичларини ягона платформа орқали узлуксиз бошқариш имкониятига эгалиги ҳақида батафсил маълумот берилди.

Ташриф якунида томонлар металлургия ва темирйўл саноатида қўлланилаётган илғор технологиялар, маҳсулот сифати, инновацион ечимлар ва истиқболдаги ҳамкорлик имкониятлари юзасидан фикр алмашдилар.

metallurgiyahamkorlikxitoytoshkent metropoliteninarinco zavoditemirni qayta ishlashtemiryo'l relslariavtomatlashtirilgan texnologiyalar