“Тошкент – Бекобод” йўналишида электропоезд қатнови йўлга қўйилди
Президент Шавкат Мирзиёев электропоездда Тошкентдан Бекобод шаҳрига келди.
“Тошкент – Бекобод” йўналишида электропоезд қатнови ишга туширилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентдан Бекобод шаҳрига электропоезд орқали етиб келди.
Давлат раҳбарининг 2025-йил 27-декабрда қабул қилинган “2030-йилга қадар темир йўл транспортида маҳаллий йўналишларда йўловчи ташиш кўрсаткичларини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори доирасида ҳудудларда транспорт инфратузилмаси янгиланмоқда ва маҳаллий қатновлар кенгайтирилмоқда. Бу эса аҳоли учун қулай ва сифатли транспорт хизматларини тақдим этишга хизмат қилади.
Бекобод вокзалида Президентимиз пойтахт ва мазкур шаҳарни боғловчи йўналишда амалга оширилган ишлар ҳақида ма'лумот берилди.
192 километр узунликдаги “Тошкент – Бекобод” темир йўл қатнови кунига қарийб минг нафар, йил давомида эса 300 минг нафар йўловчига хизмат кўрсатиши режалаштирилган. Эндиликда унда олти вагондан иборат, 586 нафар йўловчига мўлжалланган электропоезд соатига 120 километргача тезликда ҳаракатланади. Бу, айниқса, ҳар куни иш ва ўқишга қатнайдиган фуқаролар учун қўшимча қулайликлар яратади.
Электропоездда йўловчилар учун барча зарур шароитлар та'минланган. Хусусан, ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус кўтаргичлар ўрнатилган. Вагонлар кондиционер ва иситиш тизимлари, юмшоқ ўриндиқлар, УСБ қувватлаш нуқталари ҳамда Ви-Фи тармоғи билан жиҳозланган. Шунингдек, видеокузатув тизимлари, электрон ахборот таблолари ва велосипедлар учун махсус жойлар ҳам мавжуд.
Тезкор электропоезднинг ишга туширилиши автомобил йўлларидаги транспорт юкламасини камайтириш ва экологик тоза транспорт улушини оширишга хизмат қилади.
Президентимиз темир йўл инфратузилмасини янада ривожлантириш, йўловчилар учун шароитларни яхшилаш, тармоқларни электрлаштириш ва темир йўлларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.
Шунингдек, давлат раҳбари вокзал инфратузилмаси, хизмат кўрсатиш сифати ва йўловчилар ҳаракатини самарали ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

