Дунё

Тўртта империяни қулатган муҳораба – Биринчи жаҳон уруши қандай бошланганди?

Бундан 112 йил аввал, 1914 йил ёзда Европада дунё харитасини ўзгартириб юборган уруш бошланади. Кўп ўтмай уруш Африка ва Осиёнинг бир қисмига тарқалиб, жаҳон урушига айланади. Импералистлар бошлаган уруш оқибатда тўрт йирик империя қулашига олиб келади.

**Тўртта империяни қулатган муҳораба: Биринчи жаҳон уруши қандай бошланганди?**

Тарихда кўплаб урушлар бўлган бўлса-да, Биринчи жаҳон уруши каби дунё миқёсида катта ўзгаришларга сабаб бўлгани камдан-кам учрайди. Бу урушни ҳақли равишда "урушлар онаси" деб аташ мумкин. Кўпчилик томонидан кўпроқ муҳокама қилинадиган Иккинчи жаҳон уруши ҳам аслида Биринчи жаҳон урушининг давоми эди. Бу улкан қирғинбарот биргина серб йигитининг отган ўқидан кейин бошланиб кетади.

1914-йил 28-июн куни Босниянинг Сараево шаҳрида Австрия-Венгрия империяси валиаҳди эрсгерсог Франс Фердинанд Гаврило Принсип исмли серб йигити томонидан отиб ўлдирилади. Бу воқеа урушнинг бошланиш нуқтаси бўлди, аммо ўша пайтда Европа аллақачон урушга тайёрланаётган эди. Франс Фердинанд ўлдирилмаганда ҳам, катта эҳтимол билан бошқа бир баҳона топилиб, миллионлаб инсонларнинг бошига етган бу машъум уруш барибир содир бўларди.

**Урушдан аввалги вазият**

ХХ аср бошларида Европада атиги 25 та мустақил давлат мавжуд эди. Қитъанинг асосий қисми тўртта империя – Россия, Германия, Австрия-Венгрия ва Усмонийлар империяси таркибига кирарди. Хусусан, Шарқий Европанинг асосий қисмидан ташқари Полша, Финландия ва Болтиқбўйидаги Эстония, Латвия ҳамда Литва Россия империяси таркибида эди.

Болқон яриморолидаги катта ҳудудда турклар, Венгрия, Чехия, Словакия, Руминия ҳамда Полшанинг бир қисмида Австрия ҳукмронлик қиларди. Бу империялар анчадан буён зимдан рақобатлашиб келарди.

Бу рақобат 1871-йилда Германия империя деб эълон қилиниши ортидан бошланади. 1870-1871-йилларда Германия ҳамда Франсия ўртасида қисқа муддатли уруш бўлиб ўтади ва унда франсузлар мағлубиятга учрайди. Шундан сўнг ҳар икки давлат ўзига иттифоқчилар қидира бошлайди.

1873-йилда Германия, Австрия-Венгрия ва Россия "Уч император иттифоқи" деб номланган иттифоққа бирлашади. Кўп ўтмай Болқон яриморолида Австрия-Венгрия ва Россия империялари манфаатлари тўқнаш келиб, Россия икки немис давлати билан тузилган иттифоқдан чиқиб кетади.

Шундан сўнг Германия ва Австрия-Венгрия ўз иттифоқига Африкада Франсия билан рақобатлашаётган Италияни қўшиб олади. Бу ҳарбий блок "Учлар иттифоқи" деб номланади. Кейинчалик уларнинг ёнига Усмонийлар империяси ва Болгария ҳам қўшилади. Франсия эса руслар билан музокара бошлаб, 1891-йилда Россия-Франсия иттифоқи юзага келади. 1904-йилга келиб уларга Британия қўшилиб, "Антанта" иттифоқи ташкил топади.

**Старт тугмаси**

1914-йил 28-июн куни Австрия-Венгрия валиаҳди Франс Фердинанд Босниядаги Илиджи шаҳридан поездда Сараево шаҳри томон йўлга чиқади. Уни хос аскарлари қўриқлаб боради. Шу куни Сараевода Босниянинг Австрия-Венгрия империяси таркибига қўшилганининг олти йиллиги тантаналари бўлиб ўтиши лозим эди. Темирйўл вокзалида эрсгерсогни юқори лавозимли шахслар кутиб олади ва улар олтита машинадан иборат кортежга чиқишади.

Франс Фердинанд рафиқаси София билан усти очиқ машинага ўтиради. Улар йўлда кетаётганида серб миллатчиларидан бўлган йигит эрсгерсог ўтирган машина томонга граната улоқтиради. Портловчи қурилма валиаҳд ва унинг хотинига зиён етказмайди. Эрсгерсог машинани тўхтатиб, ярадорларга ёрдам кўрсатишни буюради. Кортеж йўлида давом этиб, шаҳар мерияси жойлашган Ратуша биносига боради. У ерда Франс Фердинанд ва шаҳар мери нутқ сўзлайди. Тадбирдан сўнг кортеж кейинги манзил томон йўл олади.

Серб миллатчиларининг яна бир вакили 19 ёшли Гаврило Принсип кортежни йўлда кутиб турарди. Эрсгерсог ўтирган машина Гаврилонинг рўпарасига келганда у аввал Франс Фердинандга, сўнг унинг хотинига ўқ узади. Эрсгерсог ва София оғир яраланиб, жон беради.

Гаврило Принсип дарҳол қўлга олинади. Суд Австрия-Венгрия империяси қонунларига кўра вояга етмаган ҳисобланувчи 19 ёшли Гаврилога қамоқ жазоси беради. У 1918-йилда қамоқхонада вафот этади.

Серб йигит валиаҳдни нега ўлдиргани тушунарли. Гап шундаки, Босния аҳолисининг асосий қисмини серблар ташкил қилар, улар Австрия-Венгрия империяси босиб олишидан аввал Сербия қироллиги таркибида эди. 28-июн серблар учун муҳим сана эди, шу куни 1389-йилда турклар билан содир бўлган уруш қаҳрамонларини ёд этарди. Франс Фердинанднинг Босния эгаллаб олинганини 28-июн куни Сараевога келиб байрам қилиши серб миллатчиларини ғазаблантиради.

Қолаверса, айнан Австрия-Венгрия империяси томонидан Сербия таркибидаги Босниянинг босиб олиниши ҳар икки давлат ўртасидаги муносабатларни совуқлаштирганди.

**Урушнинг бошланиши**

Франс Фердинанд ўлдирилгандан қарийб бир ой ўтгач, 23-июл куни Австрия-Венгрия империяси Сербияга турли талаб ва шартлар қўйилган ўнта моддадан иборат нота жўнатади. Унда империя валиаҳдининг ўлимини тафтиш қилиш учун Австрия полициясининг суриштирув олиб боришига рухсат бериш, Сербияда Австрия-Венгрия империясига қарши тарғиботларни тўхтатиш, тарғиботларда қатнашган ҳарбийлар ва амалдор шахсларни хизматдан четлатиш каби талаблар ҳам бор эди. Нотада сербларга жавоб бериш учун 48 соат муҳлат берилади.

25-июл куни Сербия бош вазири Австрия-Венгрия империясининг Белграддаги элчисига шартларнинг баъзисига розилиги, баъзиларини умуман қабул қилиб бўлмаслигини билдиради. Ўша куннинг ўзида Австрия-Венгрия империяси қўшинларини жанговар ҳолатга келтириб, Белграддан ўз элчиларини чақириб олади. Амалда бу урушнинг бошланиши эди. 26-июл куни Сербия ҳам умумий сафарбарлик эълон қилади.

Воқеаларни диққат билан кузатиб турган Россия империяси ҳам Сербия ортидан сафарбарлик эълон қилади ва қўшинларни мамлакат ғарбий қисмига кўчира бошлайди.

28-июл куни Австрия-Венгрия Сербияга уруш эълон қилиб, армия Сербияга бостириб киради. 29-июл куни Россия императори Николай ИИ Германия императори Вилгелм ИИ'га телеграмма жўнатади. Унда уруш барча учун ҳалокатли кечиши ва шу сабабли томонлар Австрия-Венгрия императорини босиқликка чақириши лозимлиги таъкидланганди. Бироқ немислар бу телеграммани эътиборсиз қолдиради.

30-июлда Германия армияси бош қўмондони фон Молтке Австрия-Венгрия империяси бош қўмондонига Австрия-Венгрия Россияга қарши уруш бошлайдиган бўлса, Германия иттифоқчисини қўллаб-қувватлашини маълум қилади. 1-август куни Германия ҳам ўз қўшинларини жанговар ҳолатга келтиради ва ўша куни кечга бориб Россияга қарши уруш эълон қилади. Шу тариқа Биринчи жаҳон уруши бошланди.

2-август куни Франсияда ҳам умумий сафарбарлик эълон қилинади. Бунга жавобан ўша куни немис қўшинлари Люксембургни босиб олади. 3-август куни Германия Франсияга ҳам уруш эълон қилади. Эртаси куни немислар Белгияга бостириб киради. Ана шу ҳолатда Буюк Британия Германияга Белгия нейтралитети ҳақида огоҳлантириш хати юборади. Жавоб бўлмагач, Германияга уруш эълон қилди.

Воқеалар ривожида 6-август куни Австрия-Венгрия Россияга, 11–12-август кунлари Франсия ва Англия Австрия-Венгрия империясига қарши уруш эълон қилади. Шу тариқа Европа уруш олови ичида қолади.

**"Учлар иттифоқи"нинг енгилиши ва уруш оқибатлари**

Биринчи жаҳон уруши тўрт йил давом этади ва 1918-йил 11-ноябрда Германия, Австрия-Венгрия, Усмонийлар империяси ва Болгариядан иборат "Тўртлар иттифоқи" мағлубияти билан тугайди.

1919-йил июн ойида Версалда Германия билан, шунингдек, кейинроқ турли саналарда "Тўртлар иттифоқи"нинг бошқа аъзолари билан ҳам алоҳида сулҳ шартномалари имзоланади. Сулҳда томонлар Европани қайта тақсимлайди ва мағлубларга товон пулларини тўлаш мажбурияти қўйилади.

Россия бу урушдан бироз аввал, 1918-йил март ойида чиқади. 1917-йилда содир бўлган иккита давлат тўнтаришидан сўнг ҳокимият тепасига келган болшевиклар урушни давом эттира олмаслигини тушуниб етади. Сўнг Германия ва Австрия-Венгрия билан сулҳ тузади.

Биринчи жаҳон урушида жами 38 та давлат қатнашади. Уларнинг 30 дан ортиғи "Антанта" иттифоқи томонида туриб урушади. Кейинчалик номи "Учлар иттифоқи"дан "Тўртлар иттифоқи"га ўзгарган ҳарбий блок таркибида эса Германия, Австрия-Венгрия, Усмонийлар империяси ва Болгария бўлган.

Эрон, Мексика, Эфиопия каби бир нечта давлат уларни маълум вақт қўллаган. 1915-йилгача шу иттифоқ таркибида бўлган Италия ўша йили "Антанта" томонга ўтиб кетади. Уруш асосан Европада, қисман Африка ва Осиёда бўлиб ўтади. Ўша пайтда уруш кечган ҳудудларда жами 1,5 миллиард аҳоли яшарди.

Урушга жалб қилинган ва ҳарбий ҳаракатларда қатнашган одамлар сони 70 миллион кишидан ошади. Энг катта йўқотиш Германия ва Россияда бўлади. Немислар 2 миллиондан ошиқ, руслар 1,8 миллиондан ошиқ (баъзи манбаларда 2,2 миллиондан ошиқ) аскаридан айрилади. Расмий маълумотларга кўра, умумий ҳисобда бу урушда турли давлатларнинг 10 миллион атрофида ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлади, 55 миллионгача одам яраланган. Жуда кўп жасадлар аниқланмагани, у пайтлар ҳисоб-китоб ҳам рисоладагидек бўлмагани инобатга олинса, қурбонлар ва ярадорлар сони анча кўп бўлгани аниқ.

Шунингдек, ҳарбий ҳаракатлар давомида ва уруш туфайли юз берган очарчилик, турли юқумли касалликлар тарқалиши ва бошқа сабаблар билан 20 миллион атрофида тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлади.

**Урушдан сўнг Европадаги геосиёсий вазият**

Уруш натижасида икки катта империя – Россия ва Германияда инқилоб бўлиб, бошқарув ўзгаради. Яна икки империя – Австрия-Венгрия ва Усмонли салтанати парчаланиб кетди.

Мағлубиятнинг энг оғир юки Германия гарданига тушади. Инқилобдан сўнг 1919-йилда бу давлатда республика тузуми эълон қилинади. 1919-йилдаги Версал шартномасига кўра, Германия уруш туфайли ўзининг қарийб 15 фоиз ҳудудидан ва кўплаб мустамлакаларидан айрилади.

Жумладан, Элзас ва Лотарингия вилоятлари Франсия бошқарувига ўтади. Познан, Юқори Силезия, Померания ва Шарқий Пруссия Полшага қўшиб берилади. Натижада, урушгача Болтиқ денгизига тўғридан-тўғри чиқолмаган Полша ушбу денгизда ҳам ўз ҳудудларига эга бўлади.

Эйпен, Малмеди ва Морено округлари Белгияга, Шлезвиг округининг шимолий қисми Данияга берилади. Мемел (Клайпеда) округи 1923-йилда Литвага берилди. Дансиг (Гданск) эркин шаҳар деб эълон қилинади ва кейинчалик Полшага қўшилади.

Шунингдек, Германия ўзининг бошқа қитъалардаги мустамлакаларидан ҳам ажралади. Жумладан, Каролина, Мариана ва Маршалл ороллари ҳамда Тинч океанидаги бошқа яна бир нечта орол Японияга берилади. Жанубий-ғарбий Африка ва Танзанияни Буюк Британия, Камерун ҳамда Тогони Франсия тортиб олади. Бурунди ва Руанда Белгияга берилади.

Бундан ташқари, 1921-йилда уруш зарарлари ҳисоблаб чиқилгач, ғолиблар Германияга 132 миллиард олтин марка товон тўлаш мажбуриятини қўяди. Келишувга кўра товон пулининг 52 фоизи Франсияга, 22 фоизи Буюк Британияга, 10 фоизи Италияга, қолган 16 фоиз маблағ бошқа мамлакатларга тўлаб берилиши белгиланади. Товон пулларининг охирги қисмини Германия федерал банки 2010-йил 4-октябрда тўлаб беради.

Россия амалда 1917-йил октябрда содир бўлган инқилобдан сўнг урушдан чиққани учун иттифоқчилар мағлуб давлатлардан ундириладиган товон пулидан русларга ҳисса ажратмайди.

Австрия-Венгрия ҳам урушгача кўплаб мамлакатларни қўл остида мажбуран ушлаб турган катта бир империя эди. Чехия, Словакия, Венгрия, Полша ва Руминиянинг бир қисми, Босния, Словения, Хорватия ва кўплаб бошқа катта-кичик ҳудудлар империя таркибида эди.

Урушдан сўнг империя парчалангач, чехлар ва словаклар мустақил Чехословакия давлатига айланади. Венгрия ва Австрия алоҳида бўлади. Шунингдек, урушгача Австрияга тегишли бўлган бир қатор ҳудудлар Италия, Чехословакия, Руминия ва Полшага олиб берилади.

Урушдан сўнг Европанинг бир қатор мамлакатлари Германия ва Австрия-Венгрия империялари томонида туриб уришган Усмонли салтанатига ҳужум қилади. Европа давлатларининг бирлашган қўшинини енгган Мустафо Камол Отатурк янги Туркия асосчисига айланади.

1923-йилда имзоланган Лозанна шартномаси Усмонли салтанатини амалда йиқитади. Мамлакат катта ҳудудларидан айрилади. Жумладан Шимолий Африка, Яқин Шарқ, Арабистон яриморолидаги ерларидан айрилади.

Миср, Фаластин, Арабистон яримороли, Иордания, Ироқ Буюк Британия қўл остига ўтади. Сурия ва Ливан Франсия мустамлакасига айланади. Эгей денгизидаги кўплаб ороллар: Лемнос, Самотраки, Лесбос, Хиос, Самос, Икария Грецияга берилади.

Биринчи жаҳон урушида Германия ва Австрия-Венгрия томонида туриб урушган яна бир мамлакат – Болгария ҳам анча ҳудудидан айрилади ва уруш ғолибларига 2,25 миллиард олтин франк миқдорида товон пули тўлайди. Ғарбий Фракия Грецияга ўтади. Жанубий Добруджа Руминияга, Македониянинг бир қисми Серб қироллигига берилади.

Россияда империя қулаши туфайли Полша, Финландия, Литва, Латвия, Эстония руслар бошқарувидан қутулиб, мустақил давлатларга айланади.

Умуман олганда, мислсиз вайронагарчиликлар ва бир неча ўн миллион қурбонлар бўлишига қарамасдан, одамзод ўша урушдан етарли хулоса чиқармади ва орадан 25 йил ўтиб яна жаҳон урушини бошлади…

urush sabablarifrans ferdinandurush oqibatlariimperiyalar qulashiversal shartnomasiantantauchlar ittifoqibirinchi jahon urushi