Лайфстайл

Тест: “Дунёнинг ишлари” ва “Икки эшик ораси” каби асарларни қанчалик яхши биласиз?

“Баҳор қайтмайди”, “Нур борки, соя бор” ҳамда “Қалбингга қулоқ сол” сингари қисса ва романлар муаллифи Ўткир Ҳошимов таваллудига 5-августда 85 йил тўлди. Сана муносабати билан Газета Ўзбекистон халқ ёзувчисининг асарлари асосида тест тайёрлади.

Тест: "Дунёнинг ишлари" ва "Икки эшик ораси" асарларини қай даражада биласиз?

Ўткир Ҳошимов 1941-йил 5-августда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. У 1964-йилда Тошкент Давлат университетининг (ҳозирги Миллий университет) журналистика бўлимини тамомлаган. Адиб ўз меҳнат фаолиятини 1959−1960-йилларда "Темирйўлчи" газетасида бошлаган. Кейинчалик, 1966−1982-йилларда "Тошкент оқшоми" газетасида, 1982−1985-йилларда Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида ишлаган. 1985−1995-йилларда "Шарқ юлдузи" журналининг бош муҳаррири, 1995−2005-йилларда эса Олий Мажлиснинг Матбуот ва ахборот қўмитаси раиси лавозимларида фаолият юритган.

Ёзувчининг илк асари — "Пўлат чавандозлар" номли очерклар тўплами 1962-йилда нашр этилган. Унинг биринчи қиссаси — "Чўл ҳавоси" 1964-йилда, "Одамлар нима деркин" қиссаси эса бир йилдан сўнг чоп этилган. 1973−1993-йиллар оралиғида Ўткир Ҳошимов "Қалбингга қулоқ сол", "Икки карра икки-беш", "Дунёнинг ишлари" қиссаларини ҳамда "Нур борки, соя бор", "Икки эшик ораси" ва "Тушда кечган умрлар" романларини яратган. "Баҳор қайтмайди" қиссаси 1972-йилда суратга олинган шу номли филмга асос бўлган.

Эрнест Хемингуей, Константин Симонов каби ёзувчиларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган Ўткир Ҳошимов "Тўйлар муборак", "Сиздан угина, биздан бугина", "Инсон садоқати", "Қатағон" каби песаларнинг ҳам муаллифидир.

"Эл-юрт ҳурмати" ордени соҳиби 2013-йил 24-майда вафот этган.

Ушбу сана муносабати билан Газета ижодкор қаламига мансуб асарлар асосида тест тайёрлади.

uzbek literaturejournalismo'tkir hoshimovliterary quizuzbek writers"dunyoning ishlari""ikki eshik orasi"uzbek authors