Телефонни тақиқлаш саводхонликни оширмайди — олимлар кутилмаган хулосага келди

**Телефонни тақиқлаш саводхонликни оширмайди — олимлар кутилмаган хулосага келди**
Дарс пайтида мобил телефонлардан фойдаланишни чеклаш саводхонликни яхшилашда самарасиз усул бўлиши мумкин. Лос-Анжелесдаги Калифорния университети психологларининг "Беҳавиорал Ссиенсес" журналида чоп этилган янги тадқиқоти шуни кўрсатдики, асосий омил қурилманинг синфда туриши эмас, балки унинг эгаси бўлишидир.
Олимлар 3 ва 6-синф ўқувчиларида биринчи смартфоннинг пайдо бўлиши билан матнни тушуниш бўйича тест натижалари ўртасида боғлиқлик бор-йўқлигини аниқлашга ҳаракат қилди. Болалар партада ўтирганда келадиган билдиришномаларга чалғийди, деган кенг тарқалган фикрга зид ўлароқ, маълумотлар бошқа ҳолатни кўрсатди.
Тадқиқотчилар Антилопа водийси давлат мактаблари ва Лос-Анжелес округи черков мактаблари ўқувчиларини синовдан ўтказди. Ўқувчилар қисқа матнларни ўз гаджетлари ёнида бўлган ҳолда ҳам, уларсиз ҳам ўқиди. Натижалар статистик аҳамиятга эга қонуниятни намоён этди. Шахсий телефони бор болалар, телефони йўқларга қараганда, ўқилган матнни доимий равишда ёмонроқ тушунишини кўрсатди. Бунда тест пайтида телефоннинг парта устида ёки кўздан узоқда бўлгани натижага ҳеч қандай таъсир қилмади.
“Мактабга телефон олиб келган болаларнинг ўқиш натижалари ўша куни мактабда телефони бўлмаган болаларники билан бир хил эди. Демак, айнан телефоннинг мулк сифатида мавжудлиги бошланғич синф ўқувчилари орасида ўқилган матнни тушуниш даражасининг пастлиги билан боғлиқ экан”, дея изоҳ берди тадқиқотнинг етакчи муаллифи, профессор Патрисия Гринфилд.
Бироқ тадқиқотчилар гаджетлардан эрта фойдаланишнинг ягона ижобий жиҳати деб ҳисоблаш мумкин бўлган муҳим бир истиснони аниқладилар. Хонадонида инглиз тилида сўзлашмайдиган (масалан, араб ёки испан тилида) оилаларнинг фарзандлари учун ёзишмаларни эрта бошлаш фойдали бўлган. Агар бундай ўқувчилар иккинчи ёки учинчи синфдаёқ СМС ёзишни бошлаган бўлса, олтинчи синфга келиб уларнинг инглизча матнни ўқиш кўникмалари умуман телефони бўлмаган тенгдошлариники билан бир хил даражага етган. Бу эса тилга мослашиш жараёнида рақамли мулоқот ўқитиш воситаси сифатида хизмат қилиши мумкинлигини кўрсатади.
Муаллифларнинг қайд этишича, бошланғич синфларда телефондан фойдаланишни тақиқлаш ўзлаштириш кўрсаткичларининг бирданига ўсишига олиб келиши амримаҳол. Шундай бўлса-да, бу тақиқлар бошқа, кам бўлмаган муҳим соҳада фойда келтириши мумкин.
“Тақиқлар тенгдошлар ва ўқитувчилар билан юзма-юз мулоқотни кўпайтириш орқали болаларнинг ижтимоий кўникмалари ва ўзаро муносабатларини яхшилаши лозим”, дея хулоса қилади муаллифлар ва гаджетларнинг ижтимоийлашувга таъсирини янада чуқурроқ ўрганиш зарурлигини таъкидлайдилар.

