Татаристонда 13 киши ҳалок бўлиб, ўнлаб кишилар яраланди
Россия регионлари бўйлаб 450 дан ортиқ дрон ҳужум уюштирган. Татаристонда мотам эълон қилинди.

Татаристонда 13 киши ҳалок бўлди, ўнлаб кишилар жароҳатланди
10-август куни эрталаб Украина дронлари Нижнекамск шаҳрига ҳужум қилди. Татаристон раҳбари Рустам Миннихановнинг маълум қилишича, ушбу ҳужум натижасида 13 киши ҳаётдан кўз юмган ва 39 киши жароҳатланган.
Расмий манбаларга кўра, "ишлаб чиқариш ва фуқаролик объектлари нишонга олинган", бироқ бошқа тафсилотлар ошкор этилмаган. Республикада мотам эълон қилинган. Нижнекамск мери Радмир Беляев қурбонлар орасида ёш бола ҳам борлигини таъкидлаб, дронлар "нафақат саноат объектларига, балки турар жой секторига ҳам ҳужум қилганини" айтган.
Украинанинг Супенова+ ва Эхиленова+ Телеграм-каналлари Нижнекамскдаги нефтни қайта ишлаш заводида ёнғин чиққани ҳақида хабар бериб, шаҳар узра кўтарилган тутун акс этган видеони эълон қилди.
Астра нашрининг тахминига кўра, "Сибур" ҳолдинги таркибига кирувчи Европадаги энг йирик нефт-кимё комплексларидан бири бўлган "Нижнекамскнефтехим" корхонаси ҳужумга учраган. Ушбу саноат зонасида "Татнефт" (АО "ТАНеКО") нефтни қайта ишлаш заводи ва "ТАИФ-НК" нефтни қайта ишлаш комплекси ҳам жойлашган. Нижнекамскдаги нефт объектлари аввал ҳам Украина дронлари ҳужумига учраган эди.
Россия Мудофаа вазирлигининг ҳисоботида қайд этилишича, тунда ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Россиянинг 16 та региони (шу жумладан Татаристон) ва аннексия қилинган Қрим узра жами 456 та Украина дронини уриб туширган.
Ҳудудий расмийлар ҳам уриб туширилган дронлар ҳақида хабар беришди. Ростов вилояти губернатори Юрий Слюсар 70 дан ортиқ дрон тўхтатилганини маълум қилди. Калуга вилояти раҳбари Владислав Шапшанинг хабарида эса регион узра 16 та дрон уриб туширилгани айтилган. Бу хабарларда вайронгарчиликлар ва жабрланувчилар ҳақида маълумот берилмаган.
Сергей Собянин Москва томон учаётган 18 та дрон зарарсизлантирилганини эълон қилди.
Аннексия қилинган Севастополда эса дрон "парчалари қулаши оқибатида" Инжир пляжи ҳудудида ёнғин чиққан. Пляж кемпингидаги одамлар эвакуация қилинган.

