“Сувараклар билан тўла”: Саакашвили қамоқхонадаги шароитдан нолиди

**"Сувараклар билан тўла": Саакашвили қамоқхона шароитидан шикоят қилди**
Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвили ижтимоий тармоқдаги саҳифасида қамоқхонадаги оғир шароитлар ҳақида ёзиб, ўзининг аҳволидан норозилигини билдирди.
Саакашвилининг сўзларига кўра, у "кичик, қоронғи, суваракларга тўла ва ҳаво ёмон айланадиган" бир кишилик камерада сақланмоқда. У бошқа сиёсий маҳбуслар учун ҳам шароит худди шундай эканлигини таъкидлади.
"1-октябрда қамалганимга беш йил тўлади. Халқаро меъёрларга кўра, бир кишилик камерада бундай узоқ вақт сақлаш қийноқ ва ғайриинсоний муомалага тенглаштирилади", деб ёзди Саакашвили.
Унинг сўзларига кўра, қамоқхона семент заводи яқинида жойлашгани сабабли маҳбуслар доимий равишда семент чангидан нафас олишга мажбур бўлмоқдалар. Собиқ президент, шунингдек, рафиқаси билан ҳафтасига бир неча дақиқалик мулоқотдан ташқари барча телефон қўнғироқлари тақиқланганини маълум қилди. У Украина консули билан учрашиш, Украина босма нашрлари ҳамда видеоматериалларини олиш тақиқлангани, адвокатларига эса оилавий фотосуратларни олиб киришга ижозат берилмаётганини танқид қилди.
Сиёсатчи кўплаб халқаро ва парламент делегацияларининг у билан учрашиши рад этилганини таъкидлади. Саакашвили сақлаш шароитини унга босим ўтказиш ва иродасини синдиришга уриниш деб атади.
Михаил Саакашвили 2004-йилдан 2013-йилгача Грузия президенти лавозимида ишлаган. У 2021-йил октябр ойидан бери қамоқда. Саакашвили Грузияга қайтганидан кейин деярли дарҳол ҳибсга олинган. Қамоқхонада унинг соғлиғи сезиларли даражада ёмонлашган.
2022-йил май ойидан бери сиёсатчи Тбилисидаги Вивамед клиникасида даволанган, у 12-ноябр куни касалхонадан қамоққа қайтарилган. Саакашвилига нисбатан чиқарилган барча ҳукмлар 12 ярим йиллик жазони назарда тутади. Сиёсатчи 2034-йил 1-апрелгача қамоқда ўтириши керак.
Саакашвили депутат Валери Гелашвилини калтаклаш ва банк ходими Сандро Гиргвлианининг қотилларини афв этиш (6 йил), бюджетдан 9 миллион лари (3 миллион евро)ни ўзлаштириш (9 йил), давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш (4,5 йил) да айбдор деб топилган. Жазоларни қисман қўшиш натижасида сиёсатчининг умумий қамоқ муддати 12 йил-у 6 ойга етди.

